Қозоғистонда никоҳлар мустақилликдан бери энг паст даражада. Ўзбекистонда вазият қандай?

18.02.2026 | 15:453 daqiqa

2025 йилда Қозоғистонда умумий никоҳ коэффициенти Мустақиллик тарихидаги энг паст даража — 5,62 га тушди. Бу кўрсаткич бир йил ичида 0,51 пунктга камайган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда никоҳлар камайиб, ажралишлар кўпаймоқда.

Қозоғистонда никоҳлар мустақилликдан бери энг паст даражада. Ўзбекистонда вазият қандай?

2025 йилда Қозоғистонда умумий никоҳ коэффициенти охирги 35 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди. Ўтган йилда жами 114,5 минг никоҳ тузилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 7 фоизга кам. Бу ҳақда Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузуридаги Миллий статистика бюроси эълон қилган дастлабки маълумотларида келтирилган.

Никоҳларнинг камайиши

Қозоғистонда никоҳ коэффициенти 2025 йилда ҳар минг аҳолига 5,62 промиллени ташкил этди. 1991 йилдан буён мамлакатда никоҳ коэффициенти уч босқичли тенденцияни бошдан кечирган: аввал пасайган, сўнг ўсган ва яна пасайган. 

Ҳар сафар пасайиш бошланишидан олдин кўрсаткич энг юқори чўққига етган. Биринчи чўққи 1991 йилга тўғри келиб, 10,1 ни ташкил этган. Иккинчиси эса 2013 йилда қайд этилган — 9,89. Сўнгги 12 йил ичида давом этаётган салбий тренд натижасида коэффициент жами 4,27 пунктга камайган. 

Маълумот учун: умумий никоҳ коэффитсенти бир йил давомида тузилган никоҳлар сонининг аҳолининг ўртача йиллик сонига нисбати орқали ҳисобланади. Шу боис унинг динамикаси ҳар икки кўрсаткичдаги ўзгаришларга боғлиқ. 

Камайиш сабаблари

Қозоғистонда 2014 йилдан бери никоҳлар сони камайиб бормоқда, аҳоли сони эса барқарор ўсишда давом этмоқда. Қозоғистонлик мутахассисларнинг таъкидлашича, умумий никоҳ коэффициентининг пасайиши қозоғистонликлар камроқ никоҳ қураётганини англатмайди. 

Бу коэффициент ҳар доим ҳам ҳақиқий манзарани бермайди, чунки у никоҳ ёшидаги аҳолининг динамикасини ҳисобга олмаган. 

Шу билан бирга, бу кўрсаткичга таъсир қилувчи никоҳларнинг камайиши, ўз навбатида, никоҳ ёшидаги аҳолининг камайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қозоғистонда одатда никоҳларнинг 85 фоиздан ортиғи 18–39 ёшдагилар орасида тузилади. Айнан шу ёш гуруҳидаги аҳоли сонининг қисқариши никоҳ коэффициенти пасайиши билан бир вақтга тўғри келган. 

2014 йилдан бери никоҳ ёшидаги аҳоли сони доим ҳам камайиб кетмаган. Аксинча, 2023 ва 2024 йилларда бўлажак куйов ва келинлар сони ўсган. 

Шунга қарамасдан, аҳоли сони ўсиши никоҳлар сонини ошириш учун етарли бўлмаган. Яъни никоҳ ёшидаги одамлар кўпайган бўлса-да, расмий никоҳлар сони сезиларли даражада ўсмаган.

Бунинг бир эҳтимолий сабаби — одамларнинг кечроқ турмуш қуриши бўлиши мумкин. Масалан, 2014 йилда Қозоғистонда никоҳга кираётган ўртача ёш 27,1 ёш бўлган бўлса, 2024 йилга келиб 27,9 ёшга чиққан. 

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 2025 йилда 267,1 минг никоҳ қайд этилган бўлиб, ҳар минг аҳолига никоҳ коэффициенти 7,1 промиллени ташкил этди. Бу кўрсатгич Қозоғистондаги никоҳ коэффициентидан баланд бўлишига қарамай, мамлакатда умумий вазият  барқарор эмас. Чунки, Ўзбекистонда никоҳлар сони қаторасига тўртинчи йил камаймоқда. 

2025 йилдаги никоҳ никоҳлар сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 минг бирликка камайган. Шунингдек, 2023 йилга нисбатан – 16,7 минг бирликка, 2022 йилга нисбатан – 29,6 минг бирликка, 2021 йилга нисбатан эса 38,1 минг бирликка камайган.

1

Шу билан бирга, Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиши фонида ажралишлар сони ортмоқда. Статқўм маълумотига кўра, никоҳдан ажралишлар сони ўтган йили 46,9 минг бирликни (ҳар минг аҳолига 1,2 промилле) ташкил этган. 

2024 йилда ажралишлар сони ушбу кўрсаткичдан 1,8 минг бирликка кам бўлган. Умуман олганда, ажримлар сони ҳам охирги тўрт йилда ўсган. 

Бундан ташқари, қишлоқ жойлардаги никоҳлар сони шаҳар жойдаги никоҳлар сонидан юқори, ажралишлар эса шаҳар жойларига нисбатан кам. 

2

Маълумот учун: 2024 йилда биринчи марта никоҳланаётган эркакларнинг ўртача ёши 26,2 ёшни, аёлларнинг ўртача ёши эса 21,8 ёшни ташкил этган

Сўнгги 25 йиллик кўрсатгичларга қарасак, Ўзбекистонда никоҳланаётган эркакларнинг ўртача ёши ошганини кўриш мумкин. Аёлларда эса деярли ўзгариш кузатилмаган.

Эркаклар бўйича динамика:

– 2000 йил – 24,2 ёш;

– 2005 йил – 25 ёш;

– 2010 йил – 25,6 ёш;

– 2015 йил – 25,9 ёш;

– 2020 йил – 26,4 ёш;

– 2024 йил – 26,2 ёш.

Аёллар бўйича динамика:

– 2000 йил – 21,4 ёш;

– 2005 йил – 22,2 ёш;

– 2010 йил – 22,4 ёш;

– 2015 йил – 22,5 ёш;

– 2020 йил – 22,3 ёш;

– 2024 йил – 21,8 ёш.

Бу маълумотлар фақат биринчи никоҳлар асосида шакллантирилган бўлиб, такрорий никоҳлар статистикага киритилмаган.

Teglar

Ruxsora Jovliyeva

Ruxsora JovliyevaMaqolalar soni: 886

Barchasi

Mavzuga oid