Logo

Қозоғистонда хорижий валютадаги депозитлар бўйича максимал ставка 2,5 фоизга оширилади

Bugun 15:422 daqiqa

Ўзгариш фақат муддати 12 ойдан ортиқ бўлган жамғарма депозитларига тааллуқли бўлади. Қарор мамлакатда депозитлар бозоридаги долларлашув даражаси 80 фоиздан 19,2 фоизгача пасайгани ортидан қабул қилинди.

Қозоғистонда хорижий валютадаги депозитлар бўйича максимал ставка 2,5 фоизга оширилади © inbusiness.kz

Қозоғистон 2026-йил 1-октябрдан айрим хорижий валютадаги жамғарма депозитлари бўйича максимал фоиз ставкасини йиллик 1 фоиздан 2,5 фоизга оширади. Бу депозитлар бўйича фоиз ставкаларини тартибга солишни босқичма-босқич эркинлаштириш доирасида амалга оширилади. Бу ҳақда Қозоғистон Депозитларни кафолатлаш жамғармаси (KDIF) хабар берди.

Ўзгариш фақат муддати 12 ойдан ортиқ бўлган жамғарма депозитларига тааллуқли бўлади. Янги максимал ставка 2026-йил 1-октябрдан кейин очилган ёки муддати узайтирилган депозитларга нисбатан қўлланади.

«Максимал ставкалар хорижий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкаларини белгилашда тавсия этиладиган юқори чегара вазифасини бажаради. Банклар эса депозит маҳсулотлари бўйича таклиф қилинадиган фоиз ставкаларини мустақил равишда белгилайди», — дея маълум қилди KDIF.

Муддатли депозитлар, исталган муддатга очиладиган талаб қилиб олингунча депозитлари ҳамда 12 ойгача бўлган жамғарма депозитлари учун максимал ставка ўзгаришсиз — 1 фоиз миқдорида қолади.

Қарор Қозоғистонда депозитлар бозоридаги долларлашув даражаси 2015-йилдаги 80 фоиздан 2026-йил 1-сентябр ҳолатига 19,2 фоизгача пасайгани ортидан қабул қилинди.

Жамғарманинг маълум қилишича, ижобий макроиқтисодий шароит ва қарийб бир йил давомида кузатилаётган тенгенинг мустаҳкамланиш тенденцияси Қозоғистон Миллий банки ва KDIF’га валюта бозоридаги ислоҳотларни давом эттириш ҳамда хорижий валютадаги депозитларнинг фоиз ставкаларини тартибга солишдаги амалдаги ёндашувларни босқичма-босқич эркинлаштириш имконини берган.

Жисмоний шахсларнинг хорижий валютадаги депозитлари бўйича KDIF кафолатининг максимал миқдори ўзгаришсиз қолади — ҳисобланган фоизлар билан бирга 5 миллион тенге (тахминан 11 минг 317 доллар).

KDIF тизимда иштирок этувчи ҳар бир банкда жисмоний шахсларнинг депозитларини қуйидаги миқдорларда кафолатлайди:

ҳисобланган фоизлар билан бирга тенгедаги жамғарма депозитлари учун 20 миллион тенгегача (тахминан 45 минг 260 доллар);
бошқа тенге депозитлари, шу жумладан ҳисобланган фоизлар, шунингдек, тенгедаги жорий ҳисоб рақамлари ва тўлов карталари учун 10 миллион тенгегача (тахминан 22 минг 630 доллар);
АҚШ доллари, евро ёки бошқа хорижий валюталардаги депозитлар, карталар ва ҳисоб рақамлари учун эса ҳисобланган фоизлар билан бирга 5 миллион тенгегача (тахминан 11 минг 317 доллар).

KDIF банклар ўртасида рақобатни рағбатлантириш, банк секторида тизимли хатарлар тўпланишининг олдини олиш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида жисмоний шахслар депозитлари бўйича фоиз ставкаларини тартибга солади. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда Қозоғистонда депозитларни кафолатлаш тизимида 20 та банк иштирок этади.

Teglar

Mavzuga oid

Қозоғистонда хорижий валютадаги депозитлар бўйича максимал ставка 2,5 фоизга оширилади | Vaqt.uz