«Рақамларнинг ўйнаши «1984» асарига ўхшайди» — газ қазиб олиш тарихий минимумга яқинлашди
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан йилга камаймоқда. Энергетика вазири бу жараённи «табиий пасайиш» деб изоҳлаётган бўлса, «Ўзбекнефтгаз» янги захиралар етишмаётганини асосий муаммо сифатида кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда 2026 йил март ойида табиий газ қазиб олиш ҳажми кескин қисқариб, тарихий минимумга яқинлашди. Статистика қўмитасига кўра, ой давомида атиги 2,7 млрд куб метр газ қазиб олинган. Бу 2025 йил март ойига нисбатан 1,2 млрд куб метрга ёки 30,8 фоизга кам дегани.
Йилнинг дастлабки чораги якуни бўйича ҳам пасайиш давом этган. 2026 йил январь–март ойларида жами 9,6 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга қисқарган.
Агар икки йиллик динамикага қаралса, вазият янада жиддийроқ кўринади. 2024 йил билан таққосланганда, табиий газ қазиб олиш 17,2 фоизга, нефт қазиб чиқариш 12,2 фоизга, газ конденсати эса 26 фоизга камайган.
Кунлик ҳажмлар ҳам тушиб кетмоқда
Муаммо фақат йиллик статистикада эмас, кунлик қазиб чиқариш ҳажмларида ҳам яққол кўринмоқда. 2025 йил март ойида мамлакатда кунига ўртача 125,8 млн куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2026 йил март ойида бу кўрсаткич 87,1 млн куб метрга тушиб кетган.
Ҳатто 2026 йил феврал ойидаги кунлик 114 млн куб метрлик ҳажм ҳам март ойидаги натижадан юқори бўлган. Бу эса пасайиш жараёни тезлашганини кўрсатади.
Ҳолбуки, давлат стратегиясига кўра, 2026 йилда мамлакатда 40,2 млрд куб метр ёки кунига ўртача 110,1 млн куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган эди. Бироқ йил давомида бу мақсад қандай бажарилаётганига оид бошқа очиқ рақамлар эълон қилинмаган.
«Рақамларни ўйнаши худди “1984”даги ҳолатга ўхшайди» — Отабек Бакиров
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам газ қазиб олишдаги кескин пасайиш Ўзбекистон тарихида деярли кузатилмаган ҳолат эканини таъкидлаган.
Унинг фикрича, расмийлар томонидан сўнгги йилларда «жуда йирик» ва «аномал юқори босимли» янги газ конлари очилгани ҳақида бир неча бор баёнотлар берилган бўлса-да, амалий натижалар аксинча бўлмоқда — қазиб чиқариш ҳажми ойма-ой камайишда давом этмоқда.
Бакиров газ қазиб олишдаги кескин қулаши сабаблари юзасидан очиқ саволлар ҳам қўйган:
«Бу қайсидир йирик кондаги муаммо билан боғлиқми? Ё давом этаётган тизимли инқирознинг янги тубими? Энергетика вазирлиги нима дейди? “Аномал юқори босимли”, “жуда йирик” газ конлари очилди, дея юқорига берилган рапортлардан кейин аҳвол яхшиланиш ўрнига ойдан-ойга тобора оғирлашаётганига бирон-бир изоҳ борми?», — дея ёзган эди Отабек Бакиров ўз блогда.
Бундан ташқари, «Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи расмий статистикалар қандай тақдим этилаётганини ҳам танқид қилган. Унга кўра, аввал кунлик 88 млн куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган бўлса, кейинчалик бу ҳажм 76 млн куб метрга тушган. Ҳозир эса 66 млн куб метр атрофидаги кўрсаткични 70 млн куб метрга чиқариш «ўсиш» сифатида кўрсатилмоқда.
«Тасаввур қилинг, икки йил ичида “Ўзбекнефтгаз”нинг ўзи берган рақамлари бўйича qazib чиқариш кунлик 88 миллион кубдан 66 миллион кубга тушиб қолган. Мен осмондан олаётган рақамлар эмас, булар ўзлари бераётган, очиқлаётган рақамлар бўйича гапиряпман. Ва энди шу 66 ни 70 га чиқаришмоқчи», — деган Отабек Бакиров.
Иқтисодчи бу ҳолатни «1984» асаридаги воқеаларга қиёслаб, айрим ҳолларда пасайиш ҳам «яхшиланиш» сифатида талқин қилинаётганини айтган.
«Рақамларни ўйнаши худди Оруэллнинг “1984” асарида шоколад тақсимотини 30 граммдан 20 граммга “ошириш” тўғрисидаги топшириққа ўхшайди-да», — дея фикр билдирган у.
Бакиров, шунингдек, Энергетика вазирлиги аввал газ қазиб олиш 2026 йилга бориб барқарорлашишини айтганини эслатиб, амалдаги стратегияга кўра эса 2025 йилгача газ қазиб олиш ҳажми қарийб 5 млрд куб метрга камайиши прогноз қилинганини таъкидлаган.
«Газ қазиб чиқариш пасайиши аниқ эди» — энергетика вазири
12 май куни Тошкентда бўлиб ўтган энергетика ҳафталиги доирасида «Gazeta.uz» Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга газ қазиб олиш ҳажми камайиши сабаблари юзасидан савол билан мурожаат қилган. Унда вазир пасайиш ҳолати кутилган эканлигини таъкидлаган.
«Бу бўйича олдин ҳам айтганмиз, бизда йилдан йилга, барибир, табиий пасайиш кузатилмоқда. Газ қазиб чиқариш пасайиши аниқ эди, буни кўрсатганмиз. Фақат асосий мақсад — буни барқарорлаштириш ва ҳажмларни ушлаб бориш», — деган у.
Вазирнинг сўзларига кўра, бунинг учун «Ўзбекнефтгаз» ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда бурғилаш, янги ускуналар сотиб олиш, геология-қидирув ва янги майдонларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, SOCAR ва BP билан ҳамкорлик айнан Устюрт минтақасида янги конлар ва янги майдонларни очишга қаратилгани таъкидланган. Асосий пасайиш қайси конларда кузатилаётгани ҳақидаги саволга Энергетика вазирлиги раҳбари гап эски конлар ҳақида кетаётганини таъкидлади.
«Асосий пасайиш, биласизлар, Шўртанда, яъни Бухоро-Хива ва Қашқадарё ҳудудларидаги, ўша эски ва доим айтганимиздек, 85−90 фоизга ўзлаштириб бўлинган конларда юз бермоқда», — деди вазир.
Мирзамаҳмудов бундан аввал, 2025 йил 11 декабр куни парламент депутатлари олдидаги ҳисоботида ҳам 2026 йилда янги конларни ишга тушириш орқали газ қазиб олишдаги пасайишни тўхтатиш режалаштирилаётганини билдирган эди. Вазир бу борада асосий умидлардан бири сифатида Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудуди, Мўйноқ туманида очилган янги конни тилга олган.
«Хабарингиз бор, Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида, Мўйноқ тумани ҳудудида янги кон очилди. Ва энг қувонарлиси, ушбу конни ҳозирги кунда тизимга улаб, иккита қудуғи уланиши натижасида суткасига қўшимча 3 миллион куб метр газ qazib чиқариш имконияти пайдо бўлди», — деган эди Жўрабек Мирзамаҳмудов парламентдаги чиқишида.
Вазирнинг айтишича, йил якунигача яна еттита қудуқни бурғулаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда уларни тизимга улаш учун қувурлар олиб келинмоқда ва тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги SOCAR билан геология-қидирув ишлари бошланганини, «Ўзбекнефтгаз» эса ўз лойиҳаларини давом эттираётганини маълум қилган.
«Умид қиламизки, кейинги йили янги конлар ҳисобидан қазиб чиқариш кескин пасайиши тенденциясини барқарорлаштиришга эришамиз», — деган эди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» раҳбарияти ҳам газ қазиб чиқаришдаги муаммоларнинг асосий сабабларини очиқлади. Хусусан, 2026 йил 14 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Абдуғани Сангинов табиий газ қазиб олиш ҳажмларининг барқарор ўсишига янги захираларнинг етарли даражада қўшилмаётгани асосий тўсқинлик қилаётганини айтган.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини барқарор оширишга тўсқинлик қилаётган асосий омил — янги захираларнинг етарли даражада қўшимча қилинмаётганидир. Аксар истиқболли инвестиция блоклари хусусий инвесторларга берилган бўлса-да, улар томонидан геология-қидирув ишлари суст олиб борилмоқда», — деган Абдуғани Сангинов.
Шу тариқа, Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ҳажмларидаги пасайиш энди вақтинчалик тебраниш эмас, балки узоқ муддатли тенденция сифатида намоён бўлмоқда. Расмийлар бу жараённи табиий камайиш ва эски конлар ҳолати билан изоҳлаётган бир пайтда, очиқланган рақамлар соҳадаги муаммолар кутилгандан ҳам чуқурроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, 2021 йилда собиқ энергетика вазири Алишер Султонов мавжуд газ захиралари «Учта Ўзбекистонни боқа олади», деб таъкидлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йил январ ойида Шавкат Мирзиёев Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекнефтгаз»да кенг кўламли текширувлар ўтказилганини маълум қилган эди. Президентга кўра, текширувлар давомида миллиардлаб сўмлик талон-торож ҳолатлари аниқланган.
Teglar






