Россия расмийлари эски баҳоналарни тилга ола бошлади

21.10.2025 | 20:452 daqiqa

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров уруш бошида Россия томонидан айтилган баҳоналарни такрорлади.

Россия расмийлари эски баҳоналарни тилга ола бошлади

Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни «кенг қамровли тинчлик битими»сиз тўхтатишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Унга кўра, бундай ёндашув АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин ўртасида Аляскада эришилган «келишувларга зид» эканини таъкидлади.

«Ҳозирда Вашингтондан дарҳол тўхташ кераклиги, бошқа ҳеч нарсани муҳокама қилмаслик ва тарих ўзи ҳукм чиқарсин, деган фикрлар янграй бошлади... Шунчаки тўхташ — бу Доналд Трамп ҳокимиятга келгач Америка маъмурияти аниқ тушунган ушбу можаронинг асл сабабларини унутиш деганидир», - деди Лавров.

Унинг айтишича, Путин билан музокаралардан сўнг Оқ уй раҳбари ҳеч қандай натижа бермайдиган дарҳол ўт очишни тўхтатиш ғоясидан воз кечиб, узоқ муддатли барқарор тинчлик тарафдори бўлган. Бироқ энди Украина президенти Владимир Зеленскийнинг «европалик ҳомийлари» америкаликларга ўз позициясини ўзгартириш ва узоқ муддатли келишувга эришишни тўхтатишга ишонч ҳосил қилдиришга уринмоқда.

«Дарҳол ўт очишни тўхтатиш Украинанинг катта қисми нацистлар режими бошқаруви остида қолишига олиб келади. Сулҳ нафақат Украина Қуролли Кучларига қурол етказиб бериш имконини беради, балки Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига зарба бериш кўринишидаги террорчилик ҳаракатларини ҳам рағбатлантиради», - деб таъкидлади у.

Лавров яна шуни қўшимча қилдики, Москва ҳамон Украинанинг «блокдан ташқари, бетараф, ядросиз мақомини таъминлаш»ни талаб қилмоқда, бу эса НАТОга қўшилишдан воз кечишни назарда тутади. Бундан ташқари, у яна бир бор Украинада «рус ва рус тилли аҳоли геноциди» ҳақида гапирди, «Россия ҳам урушнинг асосий сабабларини бартараф этиш доирасида бунга чек қўйишга интилмоқда».

Teglar

Mavzuga oid