Россияда армияни хорижда қўллаш ваколатини кенгайтирувчи қонун қабул қилинмоқда

Давлат думасига киритилган янги ташаббус Россия фуқароларини хорижда ҳимоя қилиш баҳонасида армияни қўллаш имкониятини кенгайтириши мумкин.

Россияда армияни хорижда қўллаш ваколатини кенгайтирувчи қонун қабул қилинмоқда

Россия ҳукумати Давлат думасига Қуролли кучларни хорижда қўллаш ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини киритди. Ҳужжатга кўра, давлат раҳбари Владимир Путин Россия фуқароларини «ҳимоя қилиш» учун армияни мамлакат ташқарисида қўллаш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

РФ Мудофаа вазирлиги момонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Россия фуқаролари хорижий судлар томонидан ҳибсга олинган ёки жиноий таъқибга учраган ҳолатларга тааллуқли. Айниқса, Москва тан олмайдиган халқаро суд органлари қарорлари ҳам бундай асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Бу эса «экстерриториал» ҳарбий аралашув имкониятини ҳуқуқий жиҳатдан кенгайтиришни англатади.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Амалдаги қонунларга кўра, Россия армияси хорижда бир қатор ҳолатларда — ҳарбий бўлинмаларга ҳужумни қайтариш, бошқа давлат илтимосига кўра ёрдам бериш, фуқароларни қуролли ҳужумдан ҳимоя қилиш ва қароқчиликка қарши курашиш мақсадида қўлланилиши мумкин.

Янги қонун лойиҳаси «Мудофаа тўғрисида» ва «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш киритиб, бу асосларни янада кенгайтиради.

Геосиёсий фон

Мутахассисларнинг фикрича, ташаббус Европа Иттифоқи томонидан Россия раҳбариятига нисбатан тажовуз жинояти бўйича махсус трибунал ташкил этиш режалари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Маълум қилинишича, 2025 йилда Европа кенгаши ушбу органни ташкил этишни эълон қилган, 2026 йилда эса унинг фаолияти учун 10 млн евро ажратилган.

Шу билан бирга, НАТО ва Европа разведкалари Россиянинг эҳтимолий ҳарбий фаоллиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Германия ва Дания разведкалари сўнгги ойларда Европа ҳудудида можаролар хавфи ортиб бораётганини билдирган.

Таҳлилчилар баҳоси

ISW таҳлилчиларининг фикрича, Россияда ҳарбий тайёргарликнинг «нолинчи босқичи» аллақачон бошланган. Улар ҳарбий округлар қайта ташкил этилаётгани, Финландия чегарасида базалар қурилаётгани ва Европа бўйлаб диверсия ҳолатлари қайд этилаётганини таъкидламоқда.

Экспертлар янги қонун лойиҳаси халқаро муносабатларда кескинликни янада кучайтириши мумкинлигини қайд этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid