Logo

Россияликлар сафарбарликдан Арманистонга қочмоқда: Ереванда ижара нархлари 30 фоизга ошиб кетди

Bugun 11:503 daqiqa

Россияда кузги Давлат думаси сайловларидан сўнг оммавий сафарбарлик эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақдаги тинимсиз миш-мишлар ортидан россияликлар яна ёппасига Арманистонга кўчиб ўта бошлади. Маҳаллий риэлторлар ҳозирги вазиятни 2022 йилнинг марти, яъни Украинага кенг кўламли босқин бошланган давр билан таққосламоқда.

Россияликлар сафарбарликдан Арманистонга қочмоқда: Ереванда ижара нархлари 30 фоизга ошиб кетди © Foto: haqqin.az

«Вёрстка» нашрининг ёзишича, сўнгги ҳафталарда Арманистонда ижара уйларига бўлган талаб кескин ортган ва бу Ереванда уйлар нархининг сезиларли ошишига олиб келган. Қайд этилишича, риэлторларнинг асосий мижозлари — мамлакатга яқинда кўчиб келган ёки август ва сентябр ойларида кўчиб келишни режалаштираётган Россия фуқаролари ҳисобланади.

Ереванда ижара бозори «қизиб кетди»

Охирги уч ой ичида Ереванда ижара нархлари 30 фоизга қимматлаган. Мутахассислар бу ўсишни Арманистонга кириб келаётган россияликларнинг янги тўлқини билан изоҳламоқда.

«Талаб жуда юқори. Ереван кўчмас мулк бозоридаги ҳозирги вазият туфайли нархлар ақл бовар қилмас даражада ошиб кетди», — дейди нашр суҳбатдошларидан бири.

Бошқа бир риэлторнинг таъкидлашича, мижозлар таркиби ҳам ўзгарган. Агар 2024–2025 йилларда асосий мижозларни аллақачон Арманистонда яшаётган ва шунчаки бошқа ижара уйига кўчаётган эмигрантлар ташкил қилган бўлса, ҳозирда мурожаат қилувчиларнинг аксарияти янги келаётганлардан иборат.

«Мурожаатларнинг 80 фоизи яқинда кўчиб келган ёки энди келишга ҳозирлик кўраётганларга тегишли. Талаб жуда катта. Умуман олганда, ҳозирги вазиятни 2022 йилдаги ҳолат билан бемалол солиштириш мумкин», — деди у.

Кўчиб ўтувчиларнинг фаол оқими май байрамларидан сўнг бошланган бўлиб, мурожаатлар сони ҳануз ошиб бормоқда. Айнан шу даврда Россияда оммавий сафарбарликка ҳозирлик кўрилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқала бошлаган эди.

Кўчмас мулк излашга мўлжалланган оммабоп Telegram-чатларда ҳар куни россияликлар томонидан ўнлаб эълонлар жойланмоқда. Уларнинг аксарияти айни пайтда Арманистонда бўлиб турган ёки август охири — сентябр ойларида кўчиб ўтишни режалаштираётган фуқаролардир. Уй-жой қидираётганлар орасида болали оилалар, эр-хотинлар ва ёлғиз эркакларни кўриш мумкин. Фойдаланувчилар уй-жойни узоқ муддатли ижарага олиш бўйича эълонлар бермоқда, айримлар эса ижара пулини бўлишиш учун ўзига шерик изламоқда.

«Метры в драмах» канали муаллифларининг қайд этишича, бозорда яхши шароитга эга уйлар деярли қолмаган, ҳозирги вазият эса 2022 йил ёзидаги ҳолат билан тенглашиб улгурган. Ўшанда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг Арманистон россияликлар кўчиб ўтадиган асосий йўналишлардан бирига айланган эди.

Сафарбарлик ҳақидаги хабарлар талабни оширди

«Яндекс Вордстат» маълумотларига кўра, «Ереванда хонадонлар» қидирув сўровига бўлган қизиқиш 2026 йил баҳорида кескин ўса бошлаган. Жумладан, 13–19 июл кунлари 5 200 та сўров қайд этилган бўлиб, бу 2022 йил март ойининг биринчи ҳафтасидаги кўрсаткичдан (ўшанда қарийб 5 000 та сўров бўлган) ошиб кетган. Шу билан бирга, бу борадаги мутлақ рекорд 2022 йил кузидаги қисман сафарбарлик вақтида қайд этилган — ўшанда 19–25 сентябр кунлари бир ҳафта ичида сўровлар сони қарийб 10 000 тага етган.

«Google Trends» маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ёзида россияликларнинг Еревандан ижара уй қидиришга бўлган қизиқиши Украинада кенг кўламли уруш бошланган ва Россияда сафарбарлик эълон қилинган даврдаги кўрсаткичларга тенглашган.

Таъкидлаш жоизки, ўтган ҳафта Украина президенти Володимир Зеленский Россияда яна оммавий сафарбарлик эълон қилиниши ҳақида навбатдаги баёнотини берган эди. Унинг сўзларига кўра, Киевда буни тасдиқловчи «ишончли разведка маълумотлари мавжуд» ва Кремл армияга 500 минг кишини жалб этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Россия ҳукумати вакиллари эса деярли ҳар куни бундай миш-мишларни рад этиш билан банд. Хусусан, навбатдаги шундай раддияларни Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Виктор Соболев, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳамда президентнинг Урал федерал округидаги мухтор вакили Артём Жога билдирди.

Teglar

Mavzuga oid