Logo

Саддам Ҳусайннинг самолёти сотувга қўйилди

Bugun 09:002 daqiqa

Ироқ 1991 йилда Тунисга олиб чиқилган иккита Boeing 747 самолётини сотувга қўйди. Улардан бири Саддам Ҳусайннинг ҳукумат борти бўлган «Ал-Қодисия» самолётидир.

Саддам Ҳусайннинг самолёти сотувга қўйилди © Bild

​Ироқ 1991 йилда Форс кўрфазидаги иккинчи урушдан сақлаб қолиш учун Тунисга олиб чиқилган ва шундан бери у ерда қолиб кетган иккита «Boeing 747» самолётини 1,8 миллион АҚШ долларига сотишга қарор қилди. Улардан бири бир пайтлар Ироқнинг собиқ давлат раҳбари Саддам Ҳусайннинг борти бўлган. Бу ҳақда «Aerotelegraph» нашрига таяниб «Bild» хабар берди.

​Маълум қилинишича, сотувга қўйилган асосий самолёт — 1982 йилда ишлаб чиқарилган ва дастлаб ҳукумат самолёти сифатида жиҳозланган «Boeing 747SP» (рўйхат рақами YI-ALM) ҳаво кемасидир. «Ал-Қодисия» деб номланган ушбу борт ичида апартаментлар, конференц-зал ва ухлаш учун мўлжалланган ўриндиқли салон мавжуд.

У 1991 йил январь ойидан бери Тунис чўлидаги Тозер-Нефта аэродромида сақланмоқда. Санкциялар, молиявий низолар ва тўхташ жойи учун йиғилиб қолган тўловлар самолётнинг Бағдодга қайтарилишига тўсқинлик қилган.

​«Iraqi Airways» авиакомпанияси Саддам Ҳусайннинг шахсан ушбу самолётда учганини расман тасдиқламаган. Бироқ лайнернинг жиҳозланиши ва архив фотосуратлар бундан далолат беради. Хусусан, 1983 йил октябрь ойида президент Ҳусайн иштирокидаги ҳукумат музокаралари пайтида самолёт Лондонда бўлган, 1986 йилда эса Саддам Ҳусайн Москвага ташрифи чоғида айнан ушбу «Boeing 747SP» қаршисида суратга тушган.

​Сотувга қўйилган иккинчи ҳаво кемаси 330 йўловчига мўлжалланган, йўловчи ва юк ташишда фойдаланилган «Boeing 747-200» (рўйхат рақами YI-AGP) самолётидир.

​Савдо шартлари

​Маълумотларга кўра, самолётлар «борича» (кафолатсиз) шарти билан сотилмоқда.

Авиакомпания уларнинг парвозга яроқлилигига аниқлик киритмаган, Тунис оммавий ахборот воситалари эса лайнерларни учишга яроқсиз деб атамоқда.

Транспортировка, божхона божлари ва солиқлар харидор томонидан тўланади. Савдо иштирокчилари ҳар бир самолёт учун 180 000 доллар миқдорида кафолат гарови киритишлари лозим.

​Самолётларни сотиш бўйича аввалги уринишлар муваффақиятсиз тугаган — 2023 йилда Ироқ ҳар бир борт учун 494 000 доллар сўраган эди.

Тозер аэропортидаги узоқ йиллик тўхташ Ироққа катта маблағга тушган бўлиб, мамлакат 2020 йилда тўхташ жойи учун тахминан 5,4 миллион долларлик қарзни тўлаган. Агар 2027 йил январь ойига қадар харидор топилмаса, «Iraqi Airways» самолётларни металлоломга топшириш масаласини кўриб чиқишга мажбур бўлади.

​Маълумот учун, 1937–2006 йилларда яшаган Саддам Ҳусайн 1979 йилдан Ироқни бошқарган. 2003 йилда АҚШ бостириб кириши оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва декабрь ойида Тикрит яқинидаги ерости бошпанасидан топилган.

Ироқ суди уни Эд-Дуджейлда 148 нафар шианинг ўлдирилишида айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилган ва 2006 йил 30 декабрда Бағдодда қатл этилган.

Teglar

Mavzuga oid