Logo

Сергели ва Юнусобод 22,7 километрлик БРТ йўлаги орқали боғланади

Bugun 11:452 daqiqa

Янги транспорт коридори тўртта асосий кўчани қамраб олади. Лойиҳа доирасида светофорлар янгиланиб, автобуслар ҳаракатини тезлаштиришга хизмат қилувчи «яшил тўлқин» тизими жорий этилади. Шунингдек, катта сиғимли автобуслар учун махсус бекат ва платформалар барпо этилиб, автобуслар сони оширилади ва қатнов жадвали қайта кўриб чиқилади.

Сергели ва Юнусобод 22,7 километрлик БРТ йўлаги орқали боғланади © vaqt.uz

Тошкентда Сергели ва Юнусобод туманларини боғлайдиган 22,7 километрлик тезкор автобус коридори босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

Коридор Шота Руставели, Шаҳрисабз, Амир Темур шоҳкўчаси ва Янги Сергели кўчаларини қамраб олади.

Лойиҳанинг энг катта қисми Амир Темур шоҳкўчасига тўғри келади — 7,6 километр. Шота Руставели кўчасидаги 6,5 километрлик БРТ йўлаги эса 2025-йилдан буён ишламоқда.

Шаҳрисабз кўчасидаги 3,2 километрлик йўналишнинг 2,2 километри фойдаланишга топширилган. Янги Сергели кўчасида 5,5 километрлик коридор бўйича дастлабки ишлар олиб борилмоқда.

Автобуслар учун янги инфратузилма

БРТ тизими автобуслар учун алоҳида ҳаракат тасмасини ташкил этиш билан чекланмайди. Коридор бўйлаб светофорлар янгиланиб, кейинги босқичда «яшил тўлқин» тизими жорий этилади.

Шунингдек, катта сиғимли автобуслар учун замонавий бекатлар ва платформалар қурилади. Бекатларда автобусларнинг етиб келиш вақтини кўрсатувчи электрон таблолар, видеокузатув камералари ва SOS тугмалари ўрнатилади.

Лойиҳада кўча ёритиш тизимини янгилаш, автобуслар сонини кўпайтириш ва қатнов жадвалларини мақбуллаштириш ҳам назарда тутилган.

Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Шота Руставели кўчасидаги БРТ коридорида 2026-йилги кўрсаткичлар 2023-йил билан таққосланганда, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 45 фоизга, енгил автомобилларники эса 18 фоизга ошган.

Ушбу йўналишда жамоат транспортидан кунлик фойдаланувчилар сони ҳам 8 052 нафарга ёки 9 фоизга кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Шаҳрисабз кўчасидаги БРТ йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилганди.

Teglar

Mavzuga oid