Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан АҚШга боради

17.02.2026 | 09:062 daqiqa

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17–19 феврал кунлари Америка Қўшма Штатларида амалий ташриф билан бўлади.

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан АҚШга боради

Ўзбекистон раҳбари Вашингтонда ўтадиган Тинчлик кенгаши илк саммитида иштирок этиб, стратегик келишувларни имзолаши кутилмоқда. Ташриф АҚШ Президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан амалга оширилади. 

Саммит АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтади. Унда Ғазо секторини тиклаш, минтақада гуманитар ёрдам кўрсатиш ва барқарор тинчликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. Мазкур формат халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилган.

Ташриф доирасида иқтисодий йўналишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистон етакчиси Американинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокида стратегик лойиҳалар тақдимотида қатнашади. Шунингдек, иқтисодий ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Бу келишувлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Томонлар ўртасидаги мулоқот савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Ўзбекистон кенгаш асосчиларидан бири

22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.

Қозоғистон ҳам Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.

Teglar

Mavzuga oid

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан АҚШга боради | Vaqt.uz