Logo

Шавкат Мирзиёев Эрон Президентини табриклади

Икки давлат етакчиси телефон орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Эрон Президентини табриклади © Foto: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Эрон Пезидентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.

Мулоқот давомида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Эрон Президентлари минтақавий кун тартиби ҳамда бўлажак тадбирлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Маълумот учун, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён 1954 йил 29 сентябрда Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятига қарашли Маҳобод шаҳрида туғилган. У Эрон Ислом Республикасининг 9-президенти ҳисобланади ва бу лавозимга 2024 йил 30 июль куни расман қасамёд қилиб, киришган.

Мутахассислиги бўйича кардиожарроҳ (юрак жарроҳи). Табриз тиббиёт университетини тамомлаган ва кейинчалик ушбу олийгоҳнинг ректори лавозимида ишлаган. Узоқ йиллар тиббиёт соҳасида ишлагач, сиёсатга кириб келган. 2001–2005 йилларда (собиқ президент Муҳаммад Хотамий даврида) Эрон Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири лавозимида фаолият юритган.

Кўп йиллар давомида Эрон парламенти (Мажлис) депутати сифатида Табриз, Уску ва Озаршаҳр минтақалари манфаатларини ҳимоя қилган. 2016–2020 йилларда парламент раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарган. 2024 йил май ойида Эроннинг аввалги президенти Иброҳим Раисий вертолёт ҳалокатида вафот этгач, мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилди. Пезешкиён ушбу сайловда ислоҳотчилар (мўтадиллар) номзоди сифатида иштирок этди. 2024 йил 5 июль куни бўлиб ўтган сайловнинг иккинчи (ҳал қилувчи) босқичида консерватив номзод Саид Жалилий устидан ғалаба қозониб, президент этиб сайланди.

Teglar

Mavzuga oid

Шавкат Мирзиёев Эрон Президентини табриклади | Vaqt.uz