Logo

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти ва бош вазирига ҳамдардлик билдирди

Шифохонанинг учинчи қаватидаги чақалоқлар реанимацияси (неонатал) бўлимида келиб чиққан ёнғин оқибатида камида 14 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлган.

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти ва бош вазирига ҳамдардлик билдирди © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги тиббиёт муассасасида содир бўлган кучли ёнғин оқибатида кўплаб гўдаклар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Покистон президенти Осиф Али Зардорий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия мактуби йўллади.

Ўзбекистон раҳбари ҳалок бўлган болаларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.

Исломободдаги фожиа тафсилотлари


Бугун 26 август куни эрталаб Исломободдаги энг йирик давлат шифохоналаридан бири — Покистон тиббиёт фанлари институтининг (PIMS) Она ва бола саломатлиги марказида кучли ёнғин юз берган.

Маҳаллий ва халқаро нашрларнинг хабар беришича, касалхонанинг учинчи қаватидаги чақалоқлар реанимацияси (неонатал) бўлимида келиб чиққан ёнғин оқибатида камида 14 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлган.

Воқеа вақтида палатада 15-16 нафар гўдак бўлгани ва улардан фақат бир нафари қутқариб қолинган. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 06:45 атрофида кондиционер компрессорининг портлаши ёки электр тармоғидаги қисқа туташув оқибатида бошланган. Хонадаги кислород тармоғи ва баллонларнинг мавжудлиги оловнинг тез тарқалишига сабаб бўлган.

Воқеа жойига ўт ўчириш экипажлари ва қутқарувчилар жалб этилиб, ёнғин бартараф қилинган. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мазкур фожиани «ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш», — дея таъкидлаб, ҳолат юзасидан зудлик билан тергов ўтказишни буюрди. Ўз ўрнида, Покистон Президенти Осиф Али Зардорий айбдорлар аниқланиб, қонун доирасида жавобгарликка тортилишини билдирди ва барча шифохоналарда ёнғин хавфсизлиги чораларини кўриб чиқишни талаб қилди. Ҳозирда воқеа сабабларини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилган.

Teglar

Mavzuga oid