Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Сергели туманига ташриф буюрди
Президент Сергели туманининг Иттифоқ маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар билан танишди ҳамда маҳалла фаоллари билан мулоқот қилди.
© Foto: prezident.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев 4-июл куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.
Ушбу ҳудудда 24/7 режимида ишлайдиган туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш маскани ташкил этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўмни ташкил қилиб, кўчанинг 2,1 километр қисми инфратузилмаси янгиланди.
Янги ҳудуд тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган. Бу ерда умумий овқатланиш, савдо ва кўнгилочар хизматлар кун-у тун фаолият юритади.
Янги имкониятлар ҳудуди
Лойиҳа доирасида аҳоли дам олиши учун 10 дан ортиқ болалар майдончаси, 8 та воркаут зонаси, китоб дўкони ҳамда нуронийлар маскани ташкил этилди.
Янги Сергели кўчаси атрофидаги 4 та маҳаллада 21 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудуддан ҳар куни ўртача 15−20 мингта транспорт воситаси ҳаракатланади.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига 1,2 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, 250 дан зиёд янги иш ўрни очилди, 95 та тадбиркорлик субекти фаолияти кенгайтирилди ва 22 та янги бизнес ташкил этилди.
Тунги иқтисодиёт ривожланади
Мутахассисларга кўра, 24 соатлик савдо ва хизмат кўрсатиш ҳудудлари шаҳар иқтисодий фаоллигини ошириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Давлат раҳбари ташриф давомида миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, ободонлаштирилган кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Маҳалла вакиллари ўзгаришлар ҳудуд қиёфаси ҳамда аҳоли турмушига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.3





