Шавкат Мирзиёев Си Жинпинга ҳамдардлик билдирди
Хунан провинциясидаги пиротехника заводида юз берган кучли портлаш оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, яна 61 нафар фуқаро турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилди.
© Foto: Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хтойнинг Хунан провинциясидаги саноат корхонасида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинга ҳамдардлик йўллади.
Шавкат Мирзиёев вафот этганларнинг оила аъзоларига бардамлик, жароҳатланганларга эса тез фурсатда соғайиб кетишни тилади.
Фожиа 2026 йил 4 май куни маҳаллий вақт билан соат 16:43 да Хунан провинциясининг Люян шаҳрида жойлашган «Huasheng Fireworks Manufacturing and Display» пиротехника заводида юз берган. Охирги тасдиқланган маълумотларга кўра, портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 нафарга етди, яна 61 киши оғир ва ўрта даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилди.
Гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган видеоларда тоғли ҳудуд устида улкан тутун булути ва кетма-кет кучли портлашлар акс этган. Зарба тўлқини заводдан бир неча юз метр радиусдаги биноларга зарар етказган. 5 май куни эрталабгача давом этган қидирув-қутқарув ишларига 500 га яқин қутқарувчи ва махсус техникалар жалб этилди.
Фожиа фонидаги асосий фактлар
Люян шаҳри Хитойдаги энг йирик фейерверк ишлаб чиқариш маркази бўлиб, мамлакат экспортининг 70 фоизини таъминлайди. Ҳодисадан сўнг ҳудуддаги барча 400 дан ортиқ пиротехника корхоналари фаолияти хавфсизлик текширувлари учун тўхтатилди.
Корхона раҳбарияти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган. Давлат Кенгаши томонидан воқеа сабабларини ўрганиш бўйича махсус тергов гуруҳи тузилди. Хитой раҳбари ярадорларни қутқариш ва жабрланганларга ёрдам бериш учун барча кучларни сафарбар қилиш, шунингдек, айбдорларни қаттиқ жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берди.
Расмий Пекиннинг маълум қилишича, портлаш содир бўлган завод ҳудудида ҳаво ва сув тозалиги бўйича мониторинг ишлари олиб борилмоқда, ҳозирча экологик меъёрлар бузилиши кузатилмаган.





