Собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов янги лавозимга тайинланди
Шу муносабат билан Пўлат Бобожонов президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди.
© IIVПўлат Раззақович Бобожонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, президент администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш ишлари доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди;
— давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комплаенс хизматининг қўшимча фаолият йўналиши;
— маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмасининг қўшимча фаолият йўналиши этиб белгиланди.
Бобожонов янги лавозимга тайинланди
Манбаларга кўра, Пўлат Бобожонов Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари этиб тайинланган.
Маълумот учун, Бобожонов 2017 йилдан 2025 йил март ойига қадар қарийб саккиз йил Ўзбекистон ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган.
Вазирликдан кетгач, у президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари бўлган. 2025 йил июлида президент администрациясидаги тузилмавий ўзгаришлардан кейин фаолиятини президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида давом эттирган.





