Солиқ қўмитаси Telegram’даги сохта кешбэк каналларидан огоҳлантирди
Қўмита номидан очилган 50 га яқин гуруҳ, канал ва бот аниқланди. Фирибгарлар улар орқали кешбэк олиш учун чек сотишга уринган ва хавфли иловалар тарқатган.
© scanbot.ioСолиқ қўмитасининг киберхавфсизлик хизмати Telegram’да қўмита номидан иш юритаётган очиқ ва ёпиқ гуруҳлар, каналлар ҳамда ботларни аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фирибгарлар айрим фойдаланувчиларни пул эвазига ижара шартномаларини расмийлаштиришга ундаган. Улар «кешбэк орқали пул ишлаш»ни ваъда қилиб, одамлардан гуруҳга янги аъзоларни ҳам таклиф қилишларини сўраган. Шу каналлар орқали Солиқ қўмитаси номидан хабарлар ва хавфли иловалар ҳам тарқатилган.
Жумладан, қуйидаги каналлар аниқланган:
soliquz_chek_keshbek;
SoliqUz_keshbeklar;
Soliqmobilxizmati;
SoliqUzbDavlat_bot;
Keshbek_soliqbot.

Манба: Солиқ қўмитаси
Қўмитанинг киберхавфсизлик хизмати аниқланган ҳолатлар бўйича Telegram’нинг техник ёрдам хизматига мурожаат юборган.
Солиқ қўмитаси норасмий каналларга обуна бўлмаслик, улардаги ҳаволаларни очмаслик ва шу манбалардан юклаб олинган иловаларни ўрнатмасликни сўради. Шубҳали гуруҳ, канал ёки бот ҳақида @soliquz_report_bot орқали хабар бериш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Яшнобод туманида 2,4 млрд сўмлик криптоактивлар айланмаси билан ноқонуний шуғулланган яширин колл-марказ фаолиятига чек қўйилганди.





