Солиқчилар маркетплейс транзаксияларини кузатади

Bugun 13:052 daqiqa

Ўзбекистонда маркетплейслар ва интернет платформалар орқали амалга оширилаётган онлайн транзаксиялар устидан солиқ назорати кучайтирилмоқда.

Солиқчилар маркетплейс транзаксияларини кузатади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Солиқ қўмитаси электрон тижорат операторлари ва уларнинг иштирокчилари амалга ошираётган товар айланмаси ҳамда транзаксиялар ҳақидаги шахси очиқланмаган маълумотларни тақдим этиш тартибини ишлаб чиқди. Бу ҳақда 18 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Йигитали Нарзиев маълум қилди.

Мажлис давомида электрон тижорат соҳасини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳаси Солиқ кодекси ҳамда «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Унга кўра, Ўзбекистонда маркетплейслар орқали товар сотувчи хорижий юридик шахсларни солиққа тортиш, уларни ҳисобга қўйиш ва солиқ ҳисоботларини топшириш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Йигитали Нарзиев айтишича, электрон тижорат иштирокчилари амалга оширган товар айланмаси ва транзаксиялар ҳақидаги шахси кўрсатилмаган маълумотларни узатиш тартиби ишлаб чиқилган. Ҳозирда ҳужжат Вазирлар Маҳкамасида келишув жараёнидан ўтмоқда.

Сенатор Малика Қодирхонова онлайн платформалардаги барча транзаксиялар бўйича маълумотлар автоматик равишда солиқ органларига узатиладими, деган саволни ўртага ташлади. Унинг таъкидлашича, бундай тизим бўлмаса, солиқ органлари пул оқимларини тўлиқ назорат қила олмайди.

Йигитали Нарзиевнинг сўзларига кўра, янги тартиб асосида тижорат банклари ва молия ташкилотлари норезидент компаниялар номига ўтказилган маблағлар ҳақидаги ахборотни тақдим этади. Шунингдек, хорижий платформаларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш ва солиқ мажбуриятлари бажарилмаган ҳолатда уларнинг интернетдаги фаолиятини чеклаш механизми ҳам жорий этилади.

Маълум қилинишича, ҳужжатлар қабул қилингач, барча маълумотлар ахборот алмашинуви тизими орқали автоматик тарзда Солиқ қўмитасига келиб тушади ва солиқлар электрон ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Солиқ қўмитаси ҚҚС тўғри ҳисобланиши ва хорижий компанияларнинг Ўзбекистондаги реал даромадини текшириш мақсадида банклардан 2023–2025 йилларда фуқаролар томонидан 83 та хорижий интернет-компания фойдасига амалга оширилган барча тўловлар бўйича маълумот сўраган эди.

Teglar

Mavzuga oid