Сунъий интеллект 2026 йилда ҳаётимизни қандай ўзгартиради? — Экспертлар башорати

Kecha 13:502 daqiqa

Ўтган йили сунъий интеллект инфратузилмасига млрдлаб доллар сарфланди. Хўш, 2026-йилда бу технология қайси соҳаларда чинакам инқилоб ясайди? Мутахассисларнинг 5 та асосий прогнози.

Сунъий интеллект 2026 йилда ҳаётимизни қандай ўзгартиради? — Экспертлар башорати © about.fb.com

«Time» журналининг ёзишича, 2025-йилда компаниялар сунъий интеллект (СИ) инфратузилмасини яратиш бўйича млрдлаб долларлик битимлар тузди. 2026-йилда эса ушбу янги ҳисоблаш қувватлари ишга тушиб, қилинган йирик инвестициялар ўзини оқлаш ёки оқламаслиги маълум бўлади. Экспертлар СИ жорий йилда асосан бешта йўналишда кескин ўзгаришлар қилишини башорат қилмоқда.

1. Илм-фан ривожи

СИ биринчи навбатда илм-фанга таъсир қилади. «RAND Corporation» таҳлилчиси Эдвард Паркернинг фикрича, технология тадқиқотчиларга янги кашфиётлар қилишда катта ёрдам беради, бироқ ҳозирча уларни тўлиқ мустақил амалга ошира олмайди. Олдинда бизни СИ инсон имкониятларини кучайтирувчи «мураккаб ўтиш даври» кутиб турибди.

2. Чат-ботлар орқали онлайн харидлар

Одамлар жисмоний дўконлар ёки веб-сайтларга кириш ўрнига, харидларни бевосита чат-ботлар орқали амалга оширишни бошлайди. «Metaculus» экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, 2026 йил охиригача йирик компаниялардан бири СИ асосидаги харид агенти ёрдамида 100 мингдан ортиқ транзакцияларни амалга ошириш эҳтимоли 95 фоизга тенг. Жумладан, «Amazon» ва «OpenAI» аллақачон бу борада дастлабки синовларни бошлаб юборган. Бу электрон тижоратда янги даврни бошлаб беради.

3. Инсон ва СИ ўртасидаги ҳиссий муносабатлар

Одамларнинг технологиялар билан муносабати янада чуқурлашади. «Replika» компанияси бош директори Дмитрий Клочконинг таъкидлашича, одамлар тез орада унумдорликни ошириш учун битта СИдан, ҳиссий боғланиш ва суҳбатдош сифатида эса бошқасидан фойдаланишни бошлайди. Одамлар машиналарга гўёки улар тирикдек муносабатда бўлишда давом этади.

4. Сиёсий эътиборнинг кучайиши

Сунъий интеллектга бўлган глобал сиёсий эътибор янги босқичга чиқади. Американинг СИ бўйича ҳаракатлар режаси муаллифи Дин Боллнинг сўзларига кўра, бу йил сунъий интеллект жаҳон саҳнасида ва давлатлараро муносабатларда янада кенгроқ ҳамда сезиларли рол ўйнайди.

5. СИ ёрдамида йирик киберҳужумлар

Киберхавфсизлик таҳдидлари кескин ортади. Дастурий таъминотлардаги аввал номаълум бўлган заифликларни аниқлаш ва улардан фойдаланишда СИ қўлланилишининг «портлаши» кутилмоқда. «CrowdStrike» компанияси вице-президенти Адам Майерснинг хулосасига кўра, СИ ҳам ҳакерлар, ҳам ҳимоячиларнинг имкониятларини бирдек оширувчи ўзига хос «Темир одам костюми»га айланади.

Teglar

Mavzuga oid

Сунъий интеллект 2026 йилда ҳаётимизни қандай ўзгартиради? — Экспертлар башорати | Vaqt.uz