Logo

Сув хўжалигидаги коррупция давлатга 70 млрд сўмдан зиёд зарар етказди

Bugun 20:172 daqiqa

Сув хўжалиги тизимида икки ярим йилда юзлаб коррупсиявий жиноятлар аниқланди. Энди соҳадаги хавфларни бартараф этиш учун махсус «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда.

Сув хўжалигидаги коррупция давлатга 70 млрд сўмдан зиёд зарар етказди

2024–2025 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида сув хўжалиги тизимида 243 та коррупсиявий жиноят содир этилган. Бу ҳақда 26-июн куни Сув хўжалиги вазирлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлисида маълум қилинди.

Йиғилишда қайд этилишича, мазкур жиноятларда тизимнинг 301 нафар ходими иштирок этган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 70 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.

Мажлисга Олий Мажлис Сенати раиси ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева раислик қилди. Унда соҳада коррупциянинг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, манфаатлар тўқнашувини чеклаш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари танқидий муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида бюджет маблағларини талон-торож қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ажратилган субсидиялардан ноқонуний фойдаланиш, сув фонди ерларини бошқаришдаги қонунбузарликлар ҳамда рақамлаштириш ишларининг сустлиги коррупция хавфини кучайтираётган омиллар сифатида кўрсатилди.

Шунингдек, соҳада жорий қилинган «Ақлли сув» қурилмаларининг катта қисми ҳалигача тўлиқ самарали ишламаётгани ҳам танқид қилинди. Бу эса сув ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари коррупцияга қарши курашишда фақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш эмас, балки уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган тизимли омилларни бартараф этиш муҳимлигини қайд этди.

Мажлис якунида Сув хўжалиги вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига билдирилган таклифлар асосида соҳадаги коррупсиявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича чоралар ишлаб чиқиш топширилди.

Хусусан, идоралар 10 кун муддат ичида коррупсиявий хавфларни бартараф этишга қаратилган махсус «йўл харитаси»ни тайёрлаб, уни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиши лозим. Ҳужжат соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган чораларни ўз ичига олиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid