Талабалар ётоқхонаси парадокси: бир қўл билан қуриляпти, иккинчи қўл билан эса сотиш авжида
Тошкентда ижара нархлари рекорд даражада қимматлашаётган бир пайтда, давлат талабалар ётоқхоналари учун юзлаб миллиард сўм сарфламоқда. Аммо ётоқхона тақчиллиги сақланиб қолмоқда, айрим мавжуд талабалар турар жойлари эса оммавий савдога чиқарилмоқда.

Vaqt.uz 2022–2025 йилларда ажратилган бюджет маблағлари, давлат дастурлари, вазирлик ҳисоботлари ва сотувга қўйилган ётоқхоналар ортидаги парадоксни ўрганди.
Пойтахтда сўнгги ойларда ёз ҳароратидан кўра тезроқ ижара уйлар нархи «осмонга кўтарилди». Бунинг босими эса ижаранинг асосий мижозларидан бири бўлган талабаларга тушмоқда.
Май ойи ҳолатига кўра, пойтахтда бир хонали уйнинг ўртача нархи 400 долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14,3 фоизга қимматлаган. Икки хонали уйлар эса 500 доллар атрофида шаклланмоқда. Бундай хонадонларда ўртача 4–5 нафар талаба яшашини ҳисобга олсак, ҳар бир талабага ижара тўлови 100–125 доллар (тахминан 1 млн 200 минг – 1 млн 500 минг сўм) тўғри келади.
Айни пайтда ўртача стипендия (569 минг сўм) ва ижара компенсацияси (412 минг сўм) жамланганда ҳам талаба қўлига 981 минг сўм тегади. Бу эса фақат ижара харажатининг ўзини ҳам тўлиқ қопламайди, қолаверса, озиқ-овқат, транспорт ва бошқа кундалик эҳтиёжлар учун маблағ қолдирмайди.
Бундай шароитда талабалар учун энг мақбул ечим ётоқхона бўлиши керакдек кўринади. Аммо айнан шу нуқтада бошқа савол туғилади: ётоқхоналарнинг ўзи етарлими?
Vaqt.uz 2020–2025 йилларда қурилган талабалар турар жойлари, уларга ажратилган маблағлар, шунингдек, пойтахт ва вилоятларда сотилган ҳамда савдога чиқарилган ётоқхоналарни таҳлил қилди.
ОТМларнинг талабалар учун қанча ётоқхонаси бор?
2020–2021 ўқув йилида 127 та олий таълим муассасасининг 88 тасида талабалар учун ётоқхона мавжуд бўлган. Энг кўп ётоқхона Самарқанд (9 та), Фарғона (8 та) ва Сурхондарё (6 та) вилоятларидаги ОТМлар ҳиссасига тўғри келган.
Viloyat | Yotoqxona soni |
Samarqand viloyati | 9 |
Farg‘ona viloyati | 8 |
Surxondaryo viloyati | 6 |
Andijon viloyati | 5 |
Qashqadaryo viloyati | 5 |
Qoraqalpog‘iston Respublikasi | 4 |
Buxoro viloyati | 4 |
Toshkent viloyati | 4 |
Namangan viloyati | 3 |
Xorazm viloyati | 3 |
Jizzax viloyati | 3 |
Navoiy viloyati | 2 |
Sirdaryo viloyati | 1 |
Манба: Жадвал Статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.
2021 йил июн ойида Президент талабалар учун 149 мингта турар жойга эҳтиёж борлигини ва бу масалани тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида тезда ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган эди. Орадан уч ой ўтиб, шу йили 10 сентябрда республикадаги ОТМларда талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ОТМларга талабалар турар жойлари қурилиши учун 72,4 гектар ер майдони ажратилди. Дастур доирасида республика бўйича 241 та (ҳар бири 400 ўринли) талабалар турар жойини барпо этиш ва 109,7 мингга яқин янги ўрин яратиш режалаштирилди. Шундан 190 таси ОТМлар ҳудудида, 52 таси эса уларга туташ ҳудудларда қурилиши белгиланган эди.
Режага кўра, 2022 йилда 37 та, 2023 йилда 59 та, 2024 йилда 72 та ва 2025 йилда 73 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши керак эди.
Аммо жараён дастурда белгилангандек кечмаган. Хусусан, 2022 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Kun.uz’га Нукус ва Самарқанд давлат университетларида атиги 2 та ётоқхона фойдаланишга топширилганини маълум қилган. Бу ўша йилги 37 та режанинг қарийб 5 фоизи бажарилганини англатади.
2023 йилда эса вазирлик 2026 йилгача 100 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш режалаштирилганини маълум қилди. 2030-йилгача эса қўшимча 150 минг ўринли талаблар турар жойлари қуриш вазифаси ҳам белгиланган эди.
2023 йил октябр ҳолатига кўра, 58 та ётоқхона (26 минг 987 ўрин) фойдаланишга топширилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов 2025 йилда қарийб 11 минг 84 ўринли 20 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилганини маълум қилди.
Vaqt.uz сўровига жавобан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим Президентнинг 2025 йил 30 январдаги ПФ–16-сон фармонига мувофиқ, 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 8 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш вазифаси белгиланганини билдирди. Вазирлик маълумотига кўра, йил якунида бу кўрсаткич ортиғи билан бажарилиб, 11 минг 84 ўрин яратилган.
«Объектлар сони»дан «ўринлар қуввати»га ўтиш
Қизиғи, Ҳукумат қарорида асосий кўрсаткич сифатида қурилиши керак бўлган ётоқхоналар сони белгиланган. Вазирлик эса бугун дастур натижасини қурилган бинолар сони билан эмас, балки уларда яратилган ўринлар сони орқали баҳолаш кераклигини айтмоқда.
Айрим лойиҳаларда ётоқхоналар сони икки баравардан ҳам кўпроқ қисқарган бўлса-да, вазирлик буни «ер майдонларидан самарали фойдаланиш, замонавий лойиҳалаштириш ва бинолар қаватини ошириш» ҳисобига ўринлар сони деярли сақлаб қолингани билан изоҳламоқда.
OTM | Dastlabki reja | Amaldagi holat | Farq |
O‘zbekiston Milliy pedagogika universiteti | 7 ta yotoqxona | 3 ta yotoqxona | -4 ta yotoqxona |
Sobiq Toshkent pediatriya tibbiyot instituti | 2 ta yotoqxona | 1 ta yotoqxona | -1 ta yotoqxona |
Манба: Жадвал вазирлик тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди.
Режа, ҳисобот ва жавобсиз қолган саволлар
Vaqt.uz вазирликка 2021 йилги режаларнинг неча фоизи бажарилганлиги бўйича ҳам сўров юборган эди, бироқ аниқ фоиз очиқланмади. Идора фақат 2025 йилда якунланмай, кейинги йилларда ҳам давом этган қурилиш лойиҳалари (ўтувчи лойиҳалар) ҳисобига вазифалар тўлиқ бажарилиши маълум қилди.
Шунингдек, Vaqt.uz 2025 йилда фойдаланишга топширилган ётоқхоналар қайси туман ва шаҳарларда жойлашгани ҳамда қайси ОТМларга бириктирилгани ҳақида маълумот сўради. Бироқ вазирлик қурилган ётоқхоналар сони ёки уларнинг аниқ жойлашуви ўрнига, ОТМлар кесимида яратилган ўринлар сонини тақдим этди (жадвал).
Oliy ta'lim muassasasi | O'rinlar soni |
Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti | 1 000 |
Namangan davlat texnika universiteti | 1 000 |
Qoraqalpoq davlat universiteti | 900 |
Termiz davlat universiteti | 800 |
Shahrisabz davlat pedagogika instituti | 750 |
Jizzax davlat pedagogika universiteti | 600 |
Qo‘qon davlat universiteti | 600 |
Urganch davlat universiteti | 600 |
Toshkent kimyo-texnologiya institutining Yangiyer filiali | 560 |
Toshkent davlat agrar universiteti | 550 |
Buxoro davlat pedagogika instituti | 504 |
Samarqand davlat universiteti | 470 |
Andijon davlat chet tillari instituti | 400 |
Buxoro davlat universiteti | 400 |
Navoiy davlat konchilik va texnologiyalar universiteti | 400 |
Is’hoqxon Ibrat nomidagi Namangan davlat chet tillari instituti | 400 |
Samarqand davlat chet tillar instituti | 400 |
Farg‘ona davlat texnika universiteti | 400 |
Qoraqalpog‘iston tibbiyot instituti | 350 |
Jami | 11 084 |
Манба: Жадвал вазирлик тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди.
Вазирлик аввалроқ тақдим этган маълумотларга кўра, 2017 йилда давлат ОТМларида 228 та талабалар турар жойи мавжуд бўлган бўлса, 2025 йил 1 июл ҳолатига уларнинг сони 368 тага етган. Бу давр мобайнида ётоқхоналар сони 140 тага ошган.
Бироқ бу кўрсаткични 2021 йилда қабул қилинган Ҳукумат қарори билан белгиланган 241 та янги талабалар турар жойини қуриш режаси билан бевосита таққослаш қийин. Чунки вазирлик дастур ижроси бўйича фойдаланишга топширилган объектлар сонини очиқламади ва натижаларни яратилган ўринлар қувватига қаратди.
Бюджетдан қанча пул ажратилган?
Yil | Qurilish loyihalari uchun subsidiya | Talabalar uchun subsidiya | Jami |
2022 | 228,56 mlrd so'm | — | |
2023 | 246,25 mlrd so'm | 54,05 mlrd so'm | |
2024 | 250 mlrd so'm | 50 mlrd so'm | |
2025 | 300 mlrd so'm | 50 mlrd so'm |
Манба: 2022–2025 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тўғрисидаги қонунлар иловалари асосида Vaqt.uz тайёрлади.
2022–2025 йилларда талабалар турар жойлари қурилиши учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур йўналишга йўналтирилган маблағлар йилдан йилга ошиб борган.
Хусусан, қурилиш лойиҳалари учун ажратилган субсидия 228,6 млрд сўмдан 300 млрд сўмга етган. 2023 йилдан бошлаб эса давлат-хусусий шериклик асосида қурилган ётоқхоналарда яшовчи талабалар учун ҳам алоҳида субсидия ажратила бошланди. Натижада ушбу йўналишга йўналтирилган умумий бюджет маблағлари 2025 йилда 350 млрд сўмга етди.
Талабаларнинг эҳтиёжи қанчалик қопланди?
2021 йил июн ойида Президент талабалар учун 149 минг ўринли турар жойга эҳтиёж борлигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг, 2022–2025 йиллар давомида 74,1 минг ўринли ётоқхона инфратузилмаси яратилди.
Вазирликнинг Vaqt.uz’га тақдим этган маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига давлат ОТМларидаги ётоқхоналарнинг умумий сиғими 159,1 минг нафардан ортиқ талабани жойлаштириш имкониятига етказилган.
Бироқ, бу рақамлар «ётоқхона муаммоси ҳал бўлди» деган хулоса учун асос бўла олмайди. Вазирликнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил бошида ҳам ётоқхонага муҳтож талабаларнинг қарийб 42 фоизи ҳали ҳам турар жой билан таъминланмаган.
Бундан ташқари, 2026 йил 3 июн куни Қонунчилик палатасида 2025 йилги давлат бюджети ижроси муҳокама қилинаётганда, депутат Сайёра Жумаева талабалар турар жойи қурилиши масаласини савол остига олди. Депутат етарли маблағ ажратилишига қарамай, вазирлик айрим мақсадли кўрсаткичларни тўлиқ бажармаганини таъкидлади. Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида режалаштирилган 12 минг 215 ўринли ётоқхоналар сиғими амалда 90,7 фоизга бажарилган, холос.
Эски ётоқхоналар қаерга кетди?
Бугунги ётоқхона тақчиллигини фақат янги талабалар турар жойлари қурилиши билан изоҳлаб бўлмайди. Масаланинг яна бир томони — совет даври ва мустақилликнинг дастлабки йилларида қурилган ётоқхоналарнинг кейинги тақдири.
Бир пайтлар талабалар эҳтиёжи учун хизмат қилган кўплаб ётоқхоналар кейинги йилларда хусусийлаштирилди ёки сотиб юборилди. Жумладан, Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси атрофи, Муқимий, Луфтий ва Амир Темур кўчалари, Кичик ҳалқа йўли ҳамда бошқа ҳудудларда жойлашган, аввал талабалар турар жойи сифатида фойдаланилган қатор бинолар ҳам кейинчалик сотиб юборилган.
Аммо жараён фақат Тошкент билан чекланмаган. Vaqt.uz ўрганган очиқ маълумотлар ва ҳужжатлар Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё ҳамда бошқа ҳудудлардаги олий таълим муассасалари ва техникумлар балансидаги айрим ётоқхоналар ҳам оммавий савдоларга чиқарилганини кўрсатади.
Қуйидаги тарихий харита Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси шаклланган даврни акс эттиради. Ундан кейинги ҳужжатлар ва «E-auksion» маълумотлари эса йиллар давомида талабалар ётоқхоналари билан боғлиқ жараён қандай ўзгарганини кўрсатади.

Манба: Retromap.ru ва Google maps асосида Vaqt.uz тайёрлади.
Парадокс: Ётоқхона етишмаслиги ва уларнинг сотилиши
Ётоқхона тақчиллиги сақланиб қолаётган бир пайтда, «E-auksion» порталида олий таълим муассасалари балансидаги талабалар турар жойларини сотиш ва ижарага бериш бўйича бир қатор эълонларни кўриш мумкин.
Жумладан, Президентнинг 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига оид ПФ–70-сон фармони билан бир нечта талабалар турар жойи оммавий савдога чиқариладиган объектлар рўйхатига киритилди.
Obyekt nomi | Manzili | Bino va inshootlar maydoni (m²) | Balansda saqlovchi | Yuqori turuvchi organ |
Samarqand yuridik texnikumining talabalar turar joyi binosi (6) | Samarqand shahri, «Sattepo» MFY, Turkiston ko‘chasi, 5-uy | 882,65 | Samarqand yuridik texnikumi | Adliya vazirligi |
«Kensoy o‘quv va talabalar turar joyi» bino va inshootlari (3) | Toshkent tumani, «Kensoy» MFY, Kensoy ko‘chasi, 15-uy | 15 463,7 | Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universiteti | Maktabgacha va maktab ta’limi vazirligi |
10-talabalar turar joyi bino va inshootlari (3) | Chilonzor tumani, 3-mavze, 21-uy | 4 395 | Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universiteti | Maktabgacha va maktab ta’limi vazirligi |
5-, 7-, 8-, 9-talabalar turar joyi bino va inshootlari (3) | Yakkasaroy tumani, Muqimiy ko‘chasi, 96-uy | 15 999 | Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universiteti | Maktabgacha va maktab ta’limi vazirligi |
Манба: ПФ–70-сон Фармони асосида Vaqt.uz тайёрлади.
Аммо бу рўйхат 2025 йил билан чекланиб қолмади. Ўша йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Муқимий кўчасидаги 4 та, Чилонзор-3 мавзесидаги ҳамда Кенсойдаги талабалар турар жойлари оммавий савдога чиқарилган эди. Уларнинг кейинчалик сотилгани ёки йўқлиги ҳақида очиқ маълумот мавжуд эмас.
2026 йилда эса университетнинг Муқимий кўчасида жойлашган яна бир талабалар турар жойи савдога қўйилди. Умумий ер майдони 1 гектар, бино ва иншоотлари майдони қарийб 16 минг квадрат метр бўлган 9 қаватли объект учун Давактив агентлиги 272,3 млрд сўм бошланғич нарх белгилаган.

Умуман олганда, талабалар ётоқхоналарини оммавий савдога чиқариш ҳолати кеча ёки бугун бошланган эмас. Vaqt.uz таҳлилига кўра, 2022–2025 йиллар давомида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидаги олий таълим муассасалари ҳамда техникумлар балансидаги талабалар турар жойлари ҳам «E-auksion» порталига чиқарилган. Қуйида келтирилган лавҳалар ана шундай эълонларнинг фақат бир қисмини акс эттиради.

Манба: E-auksion.

Манба: E-auksion.

Манба: E-auksion.
Умуман олганда, талабалар ётоқхонаси масаласида давлат дастурлари ҳам, миллиардлаб сўмлик маблағлар ҳам, ижобий ҳисоботлар ҳам етарли. Бироқ рақамлар ортидаги манзара бошқача: минглаб талабалар ҳамон ижара бозорига чиқишга мажбур, ётоқхонага бўлган эҳтиёж эса тўлиқ қоплангани йўқ.
Бунинг устига, дастлаб ётоқхоналар сони билан баҳоланиши керак бўлган давлат дастури бугун асосан яратилган ўринлар қуввати орқали ҳисобот қилинмоқда. Қурилган объектлар сони, уларнинг аниқ жойлашуви ва дастурнинг қай даражада бажарилгани ҳақидаги саволлар эса ҳануз очиқ қолмоқда.
Энг катта парадокс эса шундаки, бир томондан янги ётоқхоналар қурилмоқда, иккинчи томондан эса мавжуд ётоқхоналар хусусийлаштирилмоқда ёки оммавий савдога чиқарилмоқда. Талабаларга янги ётоқхона қуриш қанчалик муҳим бўлса, мавжуд инфратузилмани сақлаб қолиш ундан кам аҳамиятга эга эмас. Инфратузилмани кенгайтириш ўрнига унинг тижоратлаштирилиши талабаларни турар жой билан таъминлашдек ижтимоий вазифанинг устуворлиги ҳақида жиддий саволларни ўртага қўяди.
Статистикада қамров даражаси ўсиши мумкин, aммо рақамлар ортида талабаларнинг реал ҳаёти турибди. Ҳисоботлардаги фоизлар ўзгариши мумкин, лекин ётоқхона тополмай ижара бозорига чиқишга мажбур бўлаётган талабалар сони бу муаммонинг ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатиб турибди.
Teglar






