Logo

«The Economist»дан 2027 йил прогнози: дунёни кутаётган 10 та ўзгариш

Kecha 18:3811 daqiqa

Британиянинг «The Economist» журнали келгуси йилда глобал кун тартибини белгилаб бериши мумкин бўлган ўнта асосий тенденцияни эълон қилди.

«The Economist»дан 2027 йил прогнози: дунёни кутаётган 10 та ўзгариш © Foto: Economist

Нуфузли журнал ўзининг анъанавий «The World Ahead» йиллик махсус сонининг 2027 йилга бағишланган нашрини тақдим этди. Унда келгуси йилда халқаро сиёсат, иқтисодиёт, молия, технологиялар, иқлим ва маданият соҳаларида муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган жараёнлар таҳлил қилинган.

Нашр муҳаррири Том Стендежнинг фикрича, 2027 йилда дунё бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик ўзгаришлар билан тўқнаш келади. АҚШдаги сиёсий кучлар нисбати, Яқин Шарқдаги урушнинг узоқ муддатли оқибатлари шулар жумласидан. Шунингдек, сунъий интеллект компанияларининг қарз юки ва глобал давлат молиясидаги муаммолар ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

«The Economist» ўз таҳлилида ўнта асосий йўналишни ажратиб кўрсатган. Уларнинг айримлари аллақачон бошланган жараёнларнинг мантиқий давоми бўлса, бошқалари келгуси йил учун эҳтимолий сценарийлар ва таҳририят прогнозларини ифодалайди.

1. АҚШда Трампдан кейинги сиёсий давр бошланади

Журнал экспертларига кўра, 2027 йилда АҚШ сиёсий ҳаётидаги асосий мавзу Доналд Трампдан кейинги давр ва унинг сиёсий мероси учун кураш бўлади.

Бу жараёнга 2026 йил ноябр ойида ўтказилган оралиқ сайловлар ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Сайловларда Демократик партия Конгресснинг ҳар икки палатасида — Вакиллар палатасида ҳам, Сенатда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди. Натижада 2027 йилдан бошлаб Трамп маъмурияти конгрессдаги демократик кўпчилик билан ҳисоблашиб ишлашга мажбур бўлади.

Махсус сон муҳаррири Том Стендежнинг фикрича, бу ҳолат Трампни сиёсий жиҳатдан пассивлаштириб қўймайди. Аксинча, президент ўз сиёсий меросини мустаҳкамлаш учун янада фаол ҳаракат қилиши мумкин. У янги фармонлар чиқариши, суд жараёнларига аралашиши, йирик қурилиш лойиҳаларини илгари суриши ва ташқи сиёсатда кескин қарорлар қабул қилиши кутилмоқда.

Стендежнинг таъкидлашича, Трампни одатий сиёсий маънодаги «чўлоқ ўрдак» сифатида тасвирлаб бўлмайди. Яъни у ваколати тугашига яқинлашса-да, сиёсий таъсири пасайган раҳбарга айланиб қолмайди. Экспертнинг фикрича, Трамп ўз таъсирини охиригача сақлаб қолиш учун курашади.

2. Эрон уруши оқибатлари 2027 йилда ҳам сезилади

Прогноздаги иккинчи йўналиш Яқин Шарқдаги урушнинг халқаро оқибатларига бағишланган.

Нашр муҳаррирининг фикрича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро 2027 йилда ҳам тўлиқ ҳал этилиши даргумон. Шу сабабли унинг таъсири минтақавий сиёсатда, энергетика бозорида ва озиқ-овқат хавфсизлигида яққол намоён бўлади.

Энг катта хавфлардан бири — энергия ресурслари ва ўғитлар таъминотидаги узилишлардир. Чунки Форс кўрфази нафақат нефт ва газ, балки жаҳон қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар экспортида ҳам жуда муҳим ўрин тутади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори 2026 йил 24 сентябрда тақдим этган маълумотларга кўра, Форс кўрфази жаҳон карбамид экспортининг 30–35 фоизини таъминлайди. Шунингдек, глобал олтингугурт экспортининг 50 фоизи ва аммиак таъминотининг 20–30 фоизи ҳам шу минтақа ҳиссасига тўғри келади.

Жаҳон денгиз савдосидаги ўғитларнинг 20–30 фоизи Ҳўрмуз бўғози орқали ташилади. Бироқ ташкилот маълумотида можаро даврида ушбу бўғоз орқали танкерлар ҳаракати 90 фоиздан кўпроққа камайгани қайд этилган.

Табиийки, бу узилишлар озиқ-овқат бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. FAO маълумотига кўра, 2026 йилнинг августида жаҳон озиқ-овқат нархлари индекси 1,9 фоизга ошган. Дон маҳсулотлари нархлари эса 2,2 фоизга кўтарилган.

Марказий Осиё учун ҳам бу жараёнларнинг аҳамияти катта. Минтақа мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги минерал ўғитларга, энергия ресурслари ва халқаро логистикага бевосита боғлиқ. Ўғитларнинг қимматлашиши ишлаб чиқариш харажатларини оширади. Бу эса ўз навбатида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли «The Economist» 2027 йилда урушнинг энг жиддий оқибатларидан бири сифатида айнан глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидни кўрсатмоқда.

3. 2027 йил яна энг иссиқ йиллардан бири бўлиши мумкин

Келгуси йил учун белгиланган учинчи йирик тенденция — бу иқлим ўзгариши ва «Супер Эл-Нино» ҳодисасидир.

Эл-Нино — Тинч океанининг марказий ва шарқий тропик қисмида сув юзаси ҳароратининг меъёрдан юқори бўлиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисасидир. У денгиз ва атмосфера ўртасидаги жараёнларни кескин ўзгартириб юборади. Натижада дунёнинг турли минтақаларида ҳарорат ва ёғингарчилик тақсимотига кучли таъсир кўрсатади.

Кучли Эл-Нино даврларида айрим ҳудудларда қурғоқчилик ва иссиқ тўлқинлари кузатилади. Бошқа жойларда эса, аксинча, кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари хавфи ортади.

Жаҳон метеорология ташкилоти (WMO) 2026 йил 3 сентябрда Эл-Нино янада кучайиб бораётганини эълон қилди. Ташкилот бу жараён 2027 йилнинг февралигача давом этиш эҳтимоли жуда юқори эканини маълум қилган.

АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) нинг 12 ноябрдаги прогнозида эса бу ҳодисанинг 2027 йил январ–март ойларигача кучли ёки жуда кучли даражада давом этиш эҳтимоли 79 фоиздан юқори деб баҳоланган. Тарихий даражадаги (яъни аввалги кучли Эл-Нино ҳодисаларидан ҳам ошиб кетадиган) жараён юзага келиш эҳтимоли тахминан 60 фоизга етган.

WMO маълумотига кўра, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида глобал ўртача ҳарорат саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 1,47 даражага юқори бўлган. Шу боис 2026 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ тўрт йилдан бири бўлиши кутилмоқда.

«The Economist» таҳририятининг тахмин қилишича, Эл-Нинонинг кучайиши 2027 йилда ҳам глобал ҳарорат рекорди янгиланишига олиб келади.

4. Сунъий интеллект компаниялари атрофида молиявий пуфак хавфи кучаяди

Сунъий интеллект 2026 йилда дунёдаги энг катта инвестиция йўналишларидан бирига айланди. Йирик технология компаниялари янги дата-марказлар, серверлар, график процессорлар ва замонавий моделларни ишлаб чиқишга миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Бироқ «The Economist»нинг 2027 йил учун прогнозида ушбу соҳадаги энг жиддий хавф сифатида молиявий пуфак пайдо бўлиши кўрсатилган.

Гап шундаки, компанияларнинг фақатгина акциялар қиймати ошиб бормаяпти. Балки улар сунъий интеллект инфратузилмасини қуриш учун тобора кўпроқ ва тинимсиз қарз жалб қилмоқда. Айрим битимларда технология компанияларининг ўзаро инвестиция киритиши, кейин эса бир-бирининг маҳсулот ва хизматларини харид қилиши каби жуда мураккаб молиявий муносабатлар шаклланган.

Бундай тизимда компанияларнинг даромади ва келажакдаги талаб ҳақидаги прогнозлар ўзаро боғланиб, чигаллашиб қолиши мумкин. Агар СИ хизматларига кутилган талаб шаклланмаса ёки инфратузилмага сарфланган миллиардлар ўзини оқламаса, қарзни қайтариш билан боғлиқ катта муаммолар пайдо бўлади.

Бундан ташқари, СИнинг шиддат билан ривожланиши киберхавфсизлик соҳасида янгидан-янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Кучлироқ моделлардан фишинг, автоматлаштирилган киберҳужумлар ва бошқа зарарли мақсадларда фойдаланиш хавфи ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, «The Economist» сунъий интеллектнинг меҳнат бозори ва атроф-муҳитга таъсири бўйича жамоатчиликдаги айрим хавотирларни бироз бўрттирилган деб ҳисоблайди.

5. Франциядаги сайлов Европа Иттифоқининг сиёсий мувозанатини ўзгартириши мумкин

2027 йилда Францияда муҳим сиёсий воқеа — президентлик сайловлари бўлиб ўтади. «The Economist» ушбу сайлов натижаларини бутун Европа сиёсий тизими учун ҳал қилувчи воқеалардан бири сифатида баҳоламоқда.

Журнал Францияда ўнг популист кучларнинг ҳокимиятга келиши эҳтимолига, хусусан, «Миллий бирлашув» партияси етакчиси Марин Ле Пеннинг сиёсий келажагига алоҳида эътибор қаратган.

Маълумки, Ле Пен 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини очиқ билдирган. Бироқ унинг номзоди билан боғлиқ жиддий ҳуқуқий масалалар мавжуд. 2026 йилнинг июл ойида Париж апелляция суди унинг Европа Иттифоқи маблағларидан ноқонуний фойдалангани бўйича айбловини тасдиқлаган эди. Ле Пен ушбу қарор устидан Франциянинг Олий кассация судига шикоят қилган.

 «The Economist»га кўра, агар Францияда ўнг популистлар ҳокимиятга келса, бу Европа Иттифоқининг асосий сиёсий таянчларидан бири бўлган Франция–Германия ҳамкорлигига дарз кетказиши мумкин.

Франция ва Германия Европа Иттифоқининг иқтисодий ва сиёсий қарорларида энг муҳим ўринни тутади. Икки мамлакат муносабатларида жиддий келишмовчиликлар юзага келиши Европа интеграцияси, мудофаа сиёсати, миграция ва умумий молиявий қарорларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Бундан ташқари, журнал Франциянинг давлат қарзи ва бюджет тақчиллиги муаммосига ҳам эътибор қаратган. Ҳукуматнинг катта миқдордаги қарзлари, юқори фоиз тўловлари ва улкан бюджет харажатлари келгуси йилда сиёсий баҳсларнинг энг қайноқ мавзусига айланиши кутилмоқда.

6. Йирик давлатларнинг қарз муаммоси облигациялар бозорига босим ўтказади

«The Economist» келгуси йилда молиявий бозорлар учун яна бир жиддий хавф кутилаётганини таъкидламоқда. Бу — давлат қарзларининг ошиши ва облигациялар даромадлилигининг кўтарилишидир.

Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йил октябрида эълон қилган таҳлилига кўра, жаҳон миқёсидаги давлат қарзлари 2025 йилда глобал ялпи ички маҳсулотнинг 94 фоизига етган. Жамғарма прогнозларига кўра, бу кўрсаткич 2029 йилга бориб 100 фоизгача кўтарилиши мумкин.

Нашрнинг таъкидлашича, сунъий интеллект инфратузилмасига йўналтирилаётган беҳисоб инвестициялар, энергия нархларининг ошиши ва давлатларнинг катта бюджет харажатлари бир вақтнинг ўзида қарз бозорларига кучли босим ўтказмоқда. Бу жараёнларнинг бирортасида жиддий узилиш юз берса, унинг салбий оқибатлари бошқа бозорларга ҳам тез тарқалиши мумкин.

7. Тайван атрофидаги вазият янада кескинлашиши мумкин

2027 йил Хитой ва Тайван муносабатлари нуқтаи назаридан ҳам ҳал қилувчи давр бўлиши мумкин. «The Economist» нашри Хитой раиси Си Жинпингнинг армияга берган топшириғига эътибор қаратган. Унга кўра, армия 2027 йилгача Тайванни эгаллаш учун зарур барча ҳарбий имкониятларга эга бўлиши керак.

АҚШ Миллий разведка директори идорасининг 2026 йил март ойидаги йиллик таҳдидлар баҳосида айтилишича, Хитой раҳбарияти ҳозирча 2027 йилда Тайванга босқин уюштиришни режалаштирмаяпти ва оролни бирлаштириш учун аниқ қатъий муддат белгиламаган.

Ҳужжатда Хитой Халқ озодлик армияси Тайванга қарши ҳарбий ҳаракатлар учун зарур имкониятларни жадал ривожлантираётгани тан олинган. Бироқ шу билан бирга, Пекин муаммони куч ишлатмасдан, тинч йўл билан ҳал қилишни афзал кўриши ҳам таъкидланган.

Тайван масаласи фақатгина икки давлат ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик билан чекланиб қолмайди. Орол жаҳон яримўтказгичлар саноатида энг муҳим ўринни тутади. Шу сабабли Хитой ва Тайван ўртасидаги эҳтимолий йирик ҳарбий можаро глобал технологик таъминот занжирларига, молиявий бозорларга ва бутун халқаро савдога ҳалокатли таъсир қилиши мумкин.

«The Economist»нинг асосий саволи шундаки, Украина ва Эрондаги воқеалар замонавий уруш табиати тубдан ўзгараётганини кўрсатмоқда. Дронлар ва нисбатан арзон қурол тизимлари йирик ҳарбий техникаларга эга қудратли давлатларга қарши курашда кичикроқ кучларга ҳам имконият бермоқда.

Бу ҳолат эса Хитой ва Тайван ўртасидаги эҳтимолий тўқнашувнинг қандай кечиши ҳақидаги барча дастлабки баҳоларни ҳам ўзгартириб юбориши мумкин.

8. Оземпик истеъмолчиларнинг харид қилиш одатларини ўзгартирмоқда

«The Economist» 2027 йил учун ажратган тенденциялар орасида фармацевтика соҳасидаги кутилаётган ўзгаришлар ҳам бор. Хусусан, вазн камайтириш учун қўлланиладиган GLP-1 гуруҳи препаратларининг оммалашуви одамларнинг пул сарфлаш одатларига таъсир кўрсатмоқда.

Бу гуруҳга семаглутид ва тирзепатид каби моддалар асосида тайёрланган препаратлар киради. Машҳур «Оземпик», «Вегови» ва «Моунжаро» шулар жумласидандир.

Бу каби препаратлар иштаҳани ва овқат истеъмолига бўлган эҳтиёжни камайтиради. Шу орқали улар вазнни бошқаришда фаол қўлланилади. Уларнинг тобора кенгроқ тарқалиши озиқ-овқат, кийим-кечак, косметика ва ҳатто фитнес бозорларига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Boston Consulting Group» (BCG) 2026 йилда тўққизта бозорда 1,5 мингдан ортиқ GLP-1 препаратларидан фойдаланувчилар ўртасида махсус сўров ўтказган. Унинг натижаларига кўра, иштирокчиларнинг катта қисми ўз харажатларини соғлом озиқ-овқат, озиқавий қўшимчалар, кийим-кечак, фитнес ва шахсий парвариш хизматларига қайта йўналтираётганини билдирган. Сўровда қатнашганларнинг 70 фоизи эса бундай ўзгаришлар уларнинг оила аъзоларининг харид одатларига ҳам таъсир қилганини айтган.

«The Economist» бу янги жараённи «шопинг-реванш» деб атамоқда. Яъни, инсонлар вазни камайганидан кейин янги кийим-кечак, косметика ва фитнесга кўпроқ пул сарфлаш тенденцияси пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, бу препаратларнинг қариш жараёнига эҳтимолий таъсири ҳам фармацевтика компанияларининг қизиқишини кескин оширмоқда. 2026 йилда семаглутиднинг биологик қариш кўрсаткичларига таъсири бўйича бир қатор илмий тадқиқотлар эълон қилинди. Бироқ бу препаратлар инсон умрини узайтиради ёки қаришни тўхтатади, деган қатъий хулоса учун ҳозирча етарли клиник далиллар мавжуд эмас.

9. Космосга чиқиш арзонлашади: хусусий станциялар даври бошланиши мумкин

Космик саноат ҳам «The Economist»нинг 2027 йил учун прогнозидан алоҳида ўрин олган.

Журнал экспертларининг фикрича, «SpaceX» компаниясининг «Starship» ракетаси мунтазам равишда сунъий йўлдошларни учириш босқичига ўтиши мумкин. Бу эса орбитага юк ва ускуналар олиб чиқиш харажатларини кескин камайтиради. Натижада хусусий космик станциялар ҳамда орбитада маълумотлар марказларини ташкил этишга бўлган глобал қизиқиш ортади.

Бугунги кунда хусусий космик станциялар бўйича реал амалий лойиҳалар мавжуд. Масалан, АҚШнинг «Vast» компанияси ўзининг «Haven-1» деб номланган станциясини 2027 йилда учиришни мақсад қилган. Компания режасига кўра, бу станция тўрт нафаргача экипаж аъзосини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, NASA ҳам Халқаро космик станция фаолияти якунланганидан кейин, паст орбитада асосан тижорий станцияларга таянишга тайёргарлик кўрмоқда. Агентлик 2026 йил октябрида хусусий компаниялардан янги космик станциялар бўйича таклифлар қабул қилиш жараёнини бошлаб юборган. Бу бўйича шартномалар қарори 2027 йил баҳорида эълон қилиниши кутилмоқда.

10. Голливуд янги аудиторияни излайди

 «The Economist» таҳлилидаги сўнгги тенденция кино ва кўнгилочар саноатидаги кутилаётган ўзгаришларга бағишланган.

Журналнинг таъкидлашича, 2027 йилда Голливуд учун энг асосий масалалардан бири — анъанавий кино франшизаларини янги авлод аудиториясига мослаштириш бўлади.

Бу жараёнда «Ютуб» орқали танилган ижодкорлар ва мустақил продюсерлар томонидан камроқ бюджет билан ишлаб чиқарилаётган филмлар ҳам марказий эътиборда туради. Стриминг платформалари ва ижтимоий тармоқлар кино маҳсулотларини тарқатиш имкониятларини беқиёс даражада кенгайтириб юборди. Шу сабабли йирик студиялар янги томошабинларни жалб қилиш учун турли хил форматларни синаб кўришга мажбур бўлмоқда.

2027 йилда машҳур «Star Wars» франшизасининг 50 йиллиги нишонланади. «Lucasfilm» ва «Disney» бу муҳим сана муносабати билан қатор йирик тадбирларни режалаштирган. Жумладан, 1977 йилда илк бор экранларга чиққан афсонавий филм 2027 йил 19 февралдан бошлаб кинотеатрларга қайта чиқарилади. Шунингдек, «Star Wars: Starfighter» номли бутунлай янги фильм 28 май куни намойиш этилиши эълон қилинган.

2026 йил 16 ноябр куни «Amazon MGM Studios» актёр Роберт Паттинсон янги «Жеймс Бонд» филмида бош қаҳрамон ролини ижро этишини расман маълум қилди. Бу филмни режиссёр Дени Вилнёв суратга олади, сценарийни эса Стивен Найт ёзади.

Teglar

Mavzuga oid