Logo

Тожикистон июль ойида қўшни давлатлардан ёнилғи импортини уч баробар оширди

Bugun 11:152 daqiqa

2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат 244 минг тонна бензин, 300,2 минг тонна дизель ва 40,4 минг тонна авиация керосини импорт қилган.

Тожикистон июль ойида қўшни давлатлардан ёнилғи импортини уч баробар оширди © Sputnik

Тожикистон жорий йилнинг июль ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан мотор ёнилғиси импорти ҳажмини июнь ойига нисбатан уч баробар ошириб, 34 минг тоннага етказди. Бунга Россиядан ёнилғи етказиб бериш ҳажмининг камайиши сабаб бўлган. Бу ҳақда «The Moscow Times» хабар берди.

Манбалар маълумотига кўра, Россиядан Тожикистонга автобензин етказиб бериш икки баравар камайиб, 14,1 минг тоннани ташкил этган. Дизель ёнилғиси импорти 2 фоизга пасайиб, 30 минг тоннага тушган. Авиация керосини эса умуман етказиб берилмаган.

Россияда нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужумлари ортидан мотор ёнилғиси танқислиги юзага келган. Оқибатда июль ойи бошида бензин ишлаб чиқариш ички эҳтиёжнинг ўртача даражасининг атиги 65 фоизини ташкил этган. Шундан сўнг Тожикистон Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёнилғи харидини сезиларли даражада оширган. Жумладан, бензин импорти июндаги 8,4 минг тоннадан 13,8 минг тоннага, дизель ёнилғиси 2,45 минг тоннадан 17,6 минг тоннага, авиация керосини эса 316 тоннадан 2,5 минг тоннагача кўпайган.

Манбаларнинг билдиришича, 2026-йилнинг биринчи ярмида Тожикистон 244 минг тонна бензин, 300,2 минг тонна дизель ёнилғиси ва 40,4 минг тонна авиация керосини импорт қилган. Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълумотига кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат жами 922 минг тонна нефт маҳсулотлари импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 114 минг тонна ёки 11 фоизга кўп.

Июль ойида энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ҳукумат Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Ироқ ва Беларусь билан қўшимча нефт маҳсулотлари етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.

Тожикистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси эмас. Бироқ мамлакат ҳар йили Россия билан божсиз нефт маҳсулотлари етказиб бериш квотасини келишиб олади. 2026-йил учун мазкур квота 1,1 миллион тоннани ташкил этади.

Нархлар

Август ойи бошида Тожикистонда АИ-92 бензинининг чакана нархи бир литри учун 11–11,2 сомонийдан 12–12,5 сомонийгача ошган. Ёзги дизель ёнилғиси нархи эса 13,4–13,8 сомонийдан 16,5–18,5 сомонийгача кўтарилган. Манбаларга кўра, айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95, АИ-98 бензини ва дизель ёнилғиси сотувига чекловлар жорий этилган.

«Ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95, АИ-98 ва дизель ёнилғисини сотиш чекланган. Шу билан бирга, электромобилларга бўлган талаб ортиб бормоқда», — деган ёнилғи қуйиш тармоқларидан бирининг вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти бермоқчилиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid