Тошкент аэропортида одам савдоси билан боғлиқ жиноят фош этилди

Пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда аёл киши қизларни хорижга жинсий эксплуатация учун олиб чиқмоқчи бўлган пайтда ушланди.

Тошкент аэропортида одам савдоси билан боғлиқ жиноят фош этилди

Тошкентда одам савдоси билан шуғулланган аёл аэропортда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2002 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган аёл қизларни хорижий давлатларга жинсий эксплуатация мақсадида юбориш билан шуғулланган. У алдов йўли билан тўрт нафар қиз билан алоқа ўрнатиб, уларни иш ваъдалари билан жалб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур шахс қизлардан бирини ўзи билан бирга Дубай шаҳрига олиб кетмоқчи бўлган вақтида Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “з” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди ва айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қонунчиликка кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Мутасаддилар фуқароларни бундай ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақириб, шубҳали вазиятларда тегишли органларга мурожаат қилишни сўрамоқда.

Teglar

Mavzuga oid