Тошкент халқаро молия маркази ҳақидаги қонун Сенатга юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2 июнь куни «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилиб, уни кўриб чиқиш учун Сенатга юборди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaОлий Мажлис Қонунчилик палатаси Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллаб, уни Сенатга юборди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, марказ ҳудудида Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликка зид келмаган ҳолда Англия ва Уэлс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ҳамда суд претседентлари қўлланилиши мумкин. Бу эса халқаро инвесторлар учун ҳуқуқий муҳитни янада тушунарли ва прогноз қилинадиган қилишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Қонун лойиҳаси Тошкент халқаро молия марказининг институционал тузилмасини ҳам белгилайди. Унга мувофиқ, марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади.
Халқаро тажриба асосида
Мажлисда қайд этилишича, ҳужжатни ишлаб чиқишда Дубай халқаро молия маркази, Остона халқаро молия маркази ва Сингапурнинг илғор тажрибаси ўрганилган. Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси лицензия бериш, иштирокчилар фаолиятини назорат қилиш ва таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади.
Тошкент халқаро тижорат суди эса марказ иштирокчилари ўртасидаги низоларни мустақил тарзда кўриб чиқади. Бу механизм инвесторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Имтиёзлар ва ўзгаришлар
Лойиҳада марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни жалб этиш ҳамда 5 йилгача амал қиладиган махсус визалар олиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган. Шунингдек, махсус солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади.
Қонун лойиҳаси Конституциянинг бир қатор моддаларига ҳам ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, мамлакатда ягона ҳуқуқий макон сақланган ҳолда айрим ҳудудларда махсус ҳуқуқий режим жорий этиш, ихтисослашган судлар ташкил қилиш ва айрим ҳолатларда суд юрисдикциясини алоҳида тартибда белгилаш имконияти яратилади.





