Logo

Трамп, Путин ва Си учрашуви: уч давлат қандай келишувга эришди?

Kecha 13:365 daqiqa

Шэнчжэндаги музокаралар дунёнинг уч қудратли давлати раҳбарларини бир стол атрофига жамлади. Саммит натижаси нафақат Вашингтон, Москва ва Пекинда, балки Киев ва Европа пойтахтларида ҳам диққат билан кузатилди.

Трамп, Путин ва Си учрашуви: уч давлат қандай келишувга эришди? © Xinhua

2026 йил 19 ноябр куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида халқаро сиёсат учун тарихий воқеа юз берди: АҚШ президенти Доналд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг илк бор давлат раҳбарлари даражасида юзма-юз учрашди.

Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида ташкил этилган музокаралар бир соатдан ортиқ давом этди. Учрашув якунида томонлар «Тинчлик сари декларация» номли қўшма ҳужжатни қабул қилди. Унда БМТни ислоҳ қилиш, нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни кўпайтириш, давлат раҳбарларининг халқаро судлардаги иммунитети ҳамда ядровий хавфларни камайтириш бўйича умумий позициялар баён этилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Россиянинг Украинага қарши уруши ва АҚШ иштирокидаги Эрон можароси декларацияда умуман акс этмади. «Reuters» ва «Associated Press» таҳлилларига кўра, тарихий дея баҳоланган саммит аниқ сиёсий келишувлардан кўра умумий баёнотлар билан чекланди.


Нима учун учрашув айнан Шэнчжэнда бўлди?

Уч томонлама музокаралар 18–19 ноябр кунлари Хитойда ўтказилган 33-APEC иқтисодий етакчилар саммити доирасида бўлиб ўтди. 2026 йилда APECга мезбонлик қилаётган Хитой «Биргаликда фаровонлик сари Осиё-Тинч океани ҳамжамиятини барпо этиш» шиори остида минтақадаги 21 та иқтисодиёт вакилларини бир жойга тўплади.

Трамп, Путин ва Си Жинпингнинг учрашуви эса умумий йиғилишдан алоҳида — Хитой раҳбарининг «Цилин Шанчжуан» давлат резиденциясида ташкил этилди.

Ушбу мулоқотни ўтказиш ғояси 2026 йил ёзидан буён муҳокама қилиб келинаётган эди. Ноябр ойи бошида Кремл Москва, Вашингтон ва Пекин ўртасида кун тартиби юзасидан таклифлар алмашилаётганини билдирди, шундан сўнг учрашув Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ва Оқ уй томонидан расман тасдиқланди. Саммит олдидан Трамп Путин ва Си Жинпинг билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, икки давлат билан муносабатларни яхшилаш, ядровий қуроллар ва халқаро можароларни муҳокама қилиш ниятини билдирган эди.

Шу тариқа, Шэнчжэндаги музокаралар уч давлат раҳбарларининг тарихдаги биринчи юзма-юз саммити сифатида қайд этилди.

«Тинчлик декларацияси»да қандай масалалар бор?

Учрашув якунида эълон қилинган қўшма ҳужжат тўртта асосий йўналишни қамраб олади.

Биринчиси — БМТни ислоҳ қилиш. БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари саналган АҚШ, Россия ва Хитой ташкилот самарадорлигини ошириш, уни глобал муаммоларга тезкор жавоб бера оладиган тизимга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Иккинчиси — энергетика хавфсизлиги. Уч давлат нефтни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб, барқарор энергия таъминотининг жаҳон иқтисодиёти учун аҳамиятини қайд этди.

Учинчиси — Халқаро жиноят суди ва давлат раҳбарларининг иммунитети. Ҳужжатда давлатлар розилиги тамойили ва мансабдор шахсларнинг иммунитетига риоя қилиш халқаро муносабатларнинг муҳим асоси экани, Халқаро жиноят суди (ICC) ва шунга ўхшаш тузилмалар ўз ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги лозимлиги қайд этилган.

Тўртинчиси — ядровий хавфларни камайтириш. Томонлар ядровий урушда ғолиб бўлиш мумкин эмаслиги ва бундай уруш ҳеч қачон бошланмаслиги кераклигини яна бир бор тасдиқлади. Ядровий хавфларни камайтириш ва қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича мулоқот олиб боришга келишилди. Аммо ядровий арсеналларни қисқартириш бўйича аниқ мажбурият, янги шартнома ёки музокаралар муддати белгиланмади.

 

Ядровий қуроллар бўйича музокаралар нима учун муҳим?

Саммитда ядровий хавфсизликка алоҳида урғу берилгани бежиз эмас — Россия, АҚШ ва Хитой дунёдаги энг йирик ядровий арсеналларга эга давлатлардир.

Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтининг (SIPRI) 2026 йил июн ойидаги ҳисоботига кўра, январ ҳолатига дунёда жами 12 187 та ядровий каллак мавжуд бўлиб, уларнинг 9 745 таси ҳарбий захирада, 4 012 таси эса ракета ва самолётларга жойлаштирилган. Ядровий қуролга эга тўққизта давлатнинг барчаси ўз арсеналини модернизация қилишда давом этмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, 2026 йил 5 февралда АҚШ ва Россия ўртасидаги New START шартномасининг амал қилиш муддати тугади. Икки давлатнинг жойлаштирилган стратегик каллакларини 1 550 та, етказиб бериш воситаларини эса 700 та билан чеклаб турган ушбу битим тўхтагач, ўзаро мажбурий чекловлар қолмади. Шундай шароитда уч йирик ядровий давлатнинг бир стол атрофида мулоқот қилиши халқаро хавфсизлик учун муҳим аҳамият касб этди. Бироқ «Reuters» таъкидлашича, Шэнчжэнда Трамп аввалроқ илгари сурган уч томонлама ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси бўйича келишувга эришилмади.

Украина уруши декларацияда тилга олинмади

Саммит олдидан Украинадаги уруш музокараларнинг марказий мавзуларидан бири бўлиши кутилган эди. Владимир Путин уч давлатнинг минтақавий можароларни, жумладан, Украина масаласини ҳал этишда умумий манфаатлари борлигини таъкидлаган, Доналд Трамп эса урушни тугатишда Хитой ёрдам бериши мумкинлигини айтган эди. Учрашувдан аввалги икки томонлама мулоқотларда ҳам бу мавзу кўтарилган.

Шунга қарамай, якуний декларацияда Украина ҳақида бирорта ҳам банд киритилмади. Бу ҳолат Киев ва Европа давлатлари иштирокисиз минтақа келажагига дахлдор қарорлар қабул қилиниши мумкинлигидан хавотирланган Европа раҳбарларининг кескин эътирозига сабаб бўлди.

19 ноябр куни Берлинда йиғилган Европа етакчилари бунга муносабат билдирди. Германия канцлери Фридрих Мерц 1945 йилги Ялта конференциясига ишора қилиб, «Ялта формати тинчлик олиб келмайди», дея баёнот берди. Франция президенти Эммануэл Макрон музокаралар столида Украина, Европа, АҚШ ва Россия биргаликда ўтириши шартлигини таъкидлади. Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнхэм эса Украина тақдири Украинасиз, Европа хавфсизлиги эса Европа вакилларисиз ҳал этилмаслиги кераклигини айтди.

Шу тариқа, Шэнчжэн саммити Украина уруши бўйича янги келишувга олиб келмади, аксинча, Европа давлатларининг музокаралардаги иштироки масаласини янада кун тартибига олиб чиқди.

Хитой ва Россия учун сиёсий натижа

Учрашувнинг сиёсий аҳамияти ҳар бир томон учун турлича бўлди.

Хитой раиси Си Жинпинг саммит мезбони сифатида Пекиннинг йирик глобал мулоқотлар учун асосий майдон бўла олиш салоҳиятини намойиш этди. У уч давлатнинг глобал масъулиятини таъкидлаб, юқори даражадаги доимий алоқалар ва инқирозларнинг олдини олиш механизмларини яратишга чақирди.

Владимир Путин учун Ғарб санкциялари ва Украинадаги уруш фонида АҚШ ҳамда Хитой раҳбарлари билан бир столда ўтириш Россиянинг халқаро дипломатиядаги ўрнини кўрсатиш нуқтаи назаридан муҳим сиёсий воқеа бўлди.

Доналд Трамп эса учрашувни тарихий деб атаб, NBC телеканалига берган интервюсида музокараларни ўн баллик шкалада 12 баллга баҳолади.

Бироқ «Associated Press» таъкидлашича, расмий баёнотларда амалий натижалардан кўра рамзий ва сиёсий ишоралар устунлик қилган — аниқ келишувлар, уларни ижро этиш механизми ёки муддатлар эълон қилинмаган.

Teglar

Mavzuga oid

Трамп, Путин ва Си учрашуви: уч давлат қандай келишувга эришди? | Vaqt.uz