Уйидан 13,5 тонна олтин ва 23 тонна нақд пул топилган мэр ўлим жазосига ҳукм қилинди

Kecha 23:002 daqiqa

Хитойнинг Хайкоу шаҳри мэри ўз фаолияти давомида тахминан 4,5 миллиард доллар бойлик тўплаган. Қолаверса, квартираларида 13,5 тонна олтин ва 23 тонна нақд пул топилган.

Уйидан 13,5 тонна олтин ва 23 тонна нақд пул топилган мэр ўлим жазосига ҳукм қилинди © foto: Xinhua

Ўз фаолияти давомида тахминан 4,5 миллиард доллар бойлик тўплаган ҳамда квартираларида 13,5 тонна олтин ва 23 тонна нақд пул топилган Хитойнинг Хайкоу шаҳри мэри Ло Цзэнбин ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда MSN хабар берди.

Ло Цзэнбин ҳақида

Ло Цзэнбин Жанубий Хитойнинг Хайнан провинцияси пойтахти Хайкоу шаҳрининг собиқ партия раҳбари эди. Сичуанлик 59 ёшли амалдор ўз фаолиятини 1990 йил июл ойида бошлаган ва 1993 йил июн ойида Хитой Коммунистик партиясига аъзо бўлган. «ChinaDaily» нашрининг хабарига кўра, у фаолияти давомида ўз она провинциясида турли лавозимларда, жумладан, Гуанъан мэри ва Мянян шаҳри партия раҳбари сифатида ҳам хизмат қилган.

2022 йил январ ойида у Хитой Коммунистик партияси Хайнан провинцияси қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси ва Хайкоу шаҳар партия қўмитаси котиби бўлди.

Жиноят

Суд Ло Цзэнбин Сичуан ва Хайнан провинцияларидаги лавозимларидан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолияти, шартномалар тузиш, лойиҳаларни илгари суриш ва маблағ ажратиш каби ҳолатларда манфаат кўзлаганини аниқлади. Бунинг эвазига у 317 миллион юандан (46,22 миллион доллар) ортиқ пора олган.

Чэнчжоу ўрта босқич халқ суди томонидан эълон қилинган ҳукмга кўра, Ло умрбод сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этилди, унинг барча шахсий мол-мулки мусодара қилинди. Унинг ноқонуний даромадлари ва унга тегишли фоизлар мусодара қилиниб, давлат ғазнасига ўтказилади.

Суд Лонинг хатти-ҳаракатлари пора олиш жиноятини ташкил этишини ва унга алоқадор маблағларнинг «жуда катта» миқдори ҳамда давлат ва халққа етказилган «ниҳоятда улкан» зарар туфайли у ўлим жазосига лойиқ деб топилганини таъкидлади.

Ло 2024 йил декабр ойида терговга тортилган эди, 2025 йил май ойида эса партиядан четлаштирилди ва давлат лавозимидан озод этилди. Беш ой ўтгач, унга пора олиш айби билан расмий даъво қўзғатилди.

Маълумот учун, Хитой маъмурий тузилишига кўра провинцияларга бўлинган. Провинция — бу мамлакатнинг энг йирик маъмурий-худудий бирлиги бўлиб, мақоми жиҳатидан биздаги вилоят тушунчасига тўғри келади. Хитойда жами 23 та провинция мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз маҳаллий ҳукуматига эга.

Teglar

Mavzuga oid