Уйма-уй юриб бирка тақиш ва электрон база: Идентификация жараёнига ветеринарлар етарлими?
«Fikr vaqti» дастурининг навбатдаги сони 6 августдан эътиборан кучга кирган чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича янги тартиб муҳокамасига бағишланди. Дастур давомида Ҳайвонларни идентификация қилиш ва кузатиш маркази бўлим бошлиғи Ғайрат Қўзибоев Ўзбекистондаги чорва ҳайвонларини рўйхатдан ўтказиш ва бу ишларни давом эттириш учун ветеринария тизими қанчалик тайёр, деган саволга ҳам жавоб берди.

— Ҳозир ветеринария бўлимлари қандай ишлаяпти? Ҳар йили чорва ҳайвонлари орасида жуда кўп касалликлар тарқаляпти ва бунинг оқибатида минглаб чорва моллари қирилиб кетмоқда. Ветеринария қўмитаси эса ўзини «бошини қумга тиққан туяқуш» мисоли тутиб, буни тан олмайди. Гўё жиддий касаллик йўқ, дейди. Мурожаатчиларнинг айтишича, ўша вақтда улар ветеринарларга телефон қилса, «биз улгурмаяпмиз, штат бирликлари жуда кам» деган мазмунда жавобни эшитишади. Хўш, битта касаллик олдидан чорва ҳайвонларини эмлашга улгурмаётган ветеринарлар бунча юкламага бардош бера олади деб ҳисоблайсизми?
— Тўғри айтасиз, албатта, баъзи ҳудудларда ветеринария ходимларимизнинг штат бирликлари жуда кам...
— Баъзи ҳудудлар демайлик, ҳамма ҳудудда денг.
— Ҳамма ҳудудда штат бирлиги кам, ака, тўғрисини айтсак. Мутахассисларга бўлган эҳтиёж барибир юқори. Кейин ҳар бир туманда, масалан, битта ёки иккита МФЙга битта поликлиника бўлиши мумкин. Лекин ўша ҳайвонларга қарайдиган одам битта. Учта маҳаллага ҳам, бешта маҳаллага ҳам битта одам бириктирилган. Биринчидан, ҳақиқатан ҳам штат бирлиги жуда кам. Иккинчидан, бу йил бутун дунёда чорва учун жуда оғир келди. Яширадиган жойи йўқ, ҳақиқатан ҳам оқсил...
— Ҳа, ветеринарларнинг аҳволи ҳам яхши эмас. Улар велосипедини миниб олади-да, уйма-уй айланиб юради. Қани бу мутасаддилар «бутун дунёда оғир келди, бизда ҳам шунақа бўляпти» дея ҳеч бўлмаса самимий тан олса муаммони. Одамларни ёлғон билан қийнашяпти.
— Йўқ, энди бу вакцинамиз, давлат...
— Майли, саволга жавоб бераверинг, яъни улгуриш масаласи қандай бўлади? Ҳозир мен билишимча, ҳар битта чорвани сўйганда, албатта, ветеринар хабардор бўлиши ёки келиши керак экан. Бу дегани тумандаги поликлиника ёки марказий шифохонада ходимлар сони энг камида шунга етиши керак-да, тўғрими? Ходимлар сони кўпайтирилиши керак. Бу эса бюджет кўтара олмайдиган янги бир юк пайдо бўляпти дегани эмасми? Жараёнга қандай улгурмоқчисизлар?
— Энди, албатта, саволингиз ўринли. Мутахассисларимиз шундан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилиб чиқишган: битта ветеринар участка ходими бир кунда 32 та чорва ҳайвонини идентификация қилиб, электрон ахборот базасига киритиш имконига эга. Бунинг ичидан вакцинация жараёни, дам олиш ва бошқа вақтларни чиқариб ташлаганмиз. Чунки уйга кирсангиз, кўпинча ёши катта инсонлар ёки аёллар бўлади, чорвани ушлаб турадиган (фиксация қиладиган) одам топилмайди. Шунинг учун ветеринария шифокорларимиз ёнида ёрдамчиларини олиб юради. Молни ушлаб, қулоғига бирка тақишга 1-2 минут вақт кетса, базага киритишга 1 минут, узоқ бўлса 5 минут вақт кетади.
— Интернет ишламайдиган жойларда-чи? Бу ҳам ҳисобланганми?
— Ҳа, офлайн равишда ишлайверади. Қоғозга ёзиб олади-да, ишхонасига кирганда базага киритиб қўяди. Лекин ҳақиқатан ҳам штат бирликлари масаласида... Бизда шундай катта шиор бор: «Тиббиёт инсонни даволаса, ветеринария инсониятни даволайди».
Интервьюни тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Teglar






