Logo

Ван Гогнинг «Гуллаётган каштанлар» картинаси аукционда рекорд — 190,4 млн долларга сотилди

Bugun 10:302 daqiqa

1890 йилда яратилган ушбу полотно жаҳон аукционлари тарихидаги энг қиммат санъат асарлари тўртлигидан ҳам жой олиб, Леонардо да Винчи, Густав Климт ва Энди Уорхол асарларидан кейинги ўринни эгаллаган.

Ван Гогнинг «Гуллаётган каштанлар» картинаси аукционда рекорд — 190,4 млн долларга сотилди © Li Zhihua / China News Service / VCG / Getty Images

Винсент Ван Гогнинг 1890 йилда чизилган «Гуллаётган каштанлар» асари Ню-Йоркдаги «Sothebyʼs» аукционида 190,4 млн долларга сотилди. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди.

Мазкур сумма аукцион уйининг комиссия тўловларини ҳам ўз ичига олади ва Ван Гог асарлари учун янги аукцион рекорди ҳисобланади. «The Wall Street Journal» нашрининг эслатишича, аввалроқ рассомнинг очиқ савдоларда сотилган энг қиммат асари «Сарв дарахтли боғ» (1888 йил) картинаси эди. «Microsoft» ҳаммуассиси Пол Аллен коллекциясида бўлган ушбу асар 2022 йилда аукционда 117,2 млн долларга сотилган.

«Гуллаётган каштанлар» савдога Арриете-Блаке оиласи коллекциясининг бир қисми сифатида қўйилган. Ушбу тўплам дунёдаги энг йирик хусусий импрессионизм ва постимпрессионизм коллекцияларидан бири саналади. Картинага алоҳида қиймат берадиган жиҳат шундаки, у Ван Гогнинг сўнгги асарларидан бири бўлиб, рассом уни вафотидан икки ой олдин чизган. Рассомнинг сўнгги даврига оид деярли барча асарлари музейларда сақланади.

Савдода Ню-Йоркдаги «Acquavella Galleries» галереяси эгаси, арт-дилер Уилям Аквавелла ғолиб чиқди. «Artnet News» нашрининг ёзишича, Аквавелла картина кимнинг манфаати учун сотиб олинганига аниқлик киритмаган.

Савдолар амалга ошмай қолиши ҳам мумкин эди. Картинанинг собиқ эгаларидан бири — Германиянинг «S. Fischer Verlag» нашриёти асосчиси Самуэл Фишернинг меросхўрлари асарни савдодан олиб ташлашни талаб қилган.

Фишер картинани 1909 йилда сотиб олган ва 1936 йилгача унга эгалик қилган. Фишер меросхўрлари манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат «Гуллаётган каштанлар» 1936 йилда «S. Fischer Verlag» нацистлар даврида кўрган молиявий йўқотишлар сабабли ва, эҳтимол, адолатсиз нархда сотилганини билдирган.

Блаке ва Фишер меросхўрлари савдо бошланишига бир неча соат қолгандагина келишувга эришган. «Sothebyʼs» келишув тафсилотларини ошкор қилмай, фақат иккала томон ҳам уни мақбул деб топганини маълум қилган.

2021 йилда «Christieʼs» аукционида техаслик нефт магнати Эдвин Кокс коллекциясидан Ван Гогнинг «Буғдой ғарамлари» (1888 йил) асари сотувга қўйилган эди. 1930-йилларда ушбу асар германиялик саноатчи Макс Мейровскийга тегишли бўлган. Германиядан қочган Мейровский картинани Парижда Александрина де Ротшилдга сотган, Франция оккупацияси даврида эса уни нацистлар мусодара қилган. Мейровский меросхўрлари ва уларга қўшилган Ротшилдлар савдога эътироз билдирган, бироқ томонлар тушумни тақсимлаш бўйича келишиб олган. Натижада «Буғдой ғарамлари» 35,9 млн долларга сотилган.

Teglar

Mavzuga oid