Халқаро рақамли технологиялар ва AI рейтинги эълон қилинди: Қозоғистон 41-ўринда, Ўзбекистон рўйхатда йўқ
Швейцариядаги нуфузли IMD бизнес мактаби сунъий интеллект ва рақамли технологияларни иқтисодиётга жорий этиш бўйича янгиланган «World Digital and AI Ranking 2026» глобал рейтингини эълон қилди. Жаҳоннинг 70 та иқтисодиёти баҳоланган ушбу рўйхатга Марказий Осиё давлатларидан фақатгина Қозоғистон киритилиб, 41-поғонани банд этди. Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари эса рейтингга киритилмаган.

Қозоғистон рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни (AI) иқтисодиётга жорий этиш бўйича халқаро рейтингда 41-поғонани банд этди. Швейцариядаги IMD бизнес мактаби томонидан эълон қилинган 2026 йилги «World Digital and AI Ranking» рейтингида мамлакат 70 та давлат иқтисодиёти орасида 75,87 балл тўплаган.
Рейтингда Қозоғистон Иордания (40-ўрин) ва Словения (42-ўрин) орасида жойлашди. Биринчи учликдан эса АҚШ, Сингапур ва Нидерландия ўрин олди. Улар мос равишда 100, 99,79 ва 97,08 балл тўплаган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур рейтингга киритилган 70 та иқтисодиёт орасида Марказий Осиёдан фақат Қозоғистон бор. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ушбу рўйхатга киритилмаган.
Рейтингда нималар баҳоланган?
IMD 2026 йилда ўзининг аввалги «World Digital Competitiveness Ranking» тизимини қайта ишлаб, «World Digital and AI Ranking» номли янги баҳолаш тизимини жорий қилди. Унда мамлакатларнинг рақамли технологияларни иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва жамиятга татбиқ этиш имкониятлари, сунъий интеллектдан фойдаланиш даражаси ҳамда бу жараён учун зарур бўлган инфратузилма баҳоланади.
Янги рейтинг 70 та иқтисодиётни 88 та мезон асосида баҳолайди. Уларнинг 51 таси расмий статистик маълумотларга, 37 таси эса IMD томонидан раҳбарлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланган.
Баҳолаш бешта асосий йўналишни қамраб олади:
Давлат бошқаруви — рақамли технологиялар ва AI соҳасидаги қонунчилик, давлат сиёсати ҳамда тартибга солиш механизмлари.
Технология ва инфратузилма — интернет, рақамли инфратузилма, илмий тадқиқотлар ва AI соҳасига киритилган инвестициялар.
Самарадорлик — компаниялар фаолиятида рақамли технологияларни қўллаш, бизнеснинг мослашувчанлиги ва AI технологияларининг жорий этилиши.
Кадрлар салоҳияти — таълим тизими, мутахассислар тайёрлаш ва ишчи кучининг технологик кўникмалари.
Қадриятлар — киберхавфсизлик, AI этикаси, жамиятнинг янги технологияларга бўлган муносабати ва ишончи.
Умумий ҳисобда 88 та мезон 15 та кичик йўналишга бирлаштирилган. Ҳисоб-китоб жараёнида статистик маълумотлар умумий натижанинг учдан икки қисмини, сўровнома натижалари эса учдан бир қисмини ташкил қилади.
Қозоғистон қайси йўналишларда юқори натижа кўрсатди?
IMD ҳисоботига кўра, Қозоғистоннинг энг яхши натижалари кадрлар тайёрлаш, таълим ва давлат хизматларини рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларда қайд этилган.
Хусусан, мамлакат «Таълим ва кадрлар тайёрлаш» йўналишида 70 та иқтисодиёт орасида кучли учликка кирган (3-ўрин). «Давлат хизматларини тақдим этиш» индекси бўйича эса 4-ўринга кўтарилган.
Шунингдек, мамлакат шаҳарларида хизматлар сифатини яхшилаш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш кўрсаткичи бўйича 18-ўринни эгаллаган. Бу мезон шаҳарсозлик ва коммунал хизматларда AI технологияларини қўллаш ҳолатини баҳолайди.
Қозоғистоннинг айрим кўрсаткичлари:
Кўрсаткич | Жаҳон рейтингидаги ўрни |
Таълим ва кадрлар тайёрлаш | 3 |
Давлат хизматларини тақдим этиш | 4 |
Олий таълим даражаси | 1 |
Ходимларни ўқитиш | 12 |
Шаҳар хизматларида AI қўллаш | 18 |
AI жорий этилиши (компанияларда) | 44 |
Бу натижалар мамлакатда таълим ва давлат хизматларини рақамлаштиришга оид кўрсаткичлар нисбатан юқори эканини кўрсатади. Бироқ компанияларда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича 44-ўрин қайд этилгани бизнес соҳасида AI тизимларини жорий этиш борасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини англатади.
Қайси йўналишларда натижалар пастроқ?
Қозоғистон умумий рейтингда 41-ўринни эгаллаган бўлса-да, бешта асосий йўналиш бўйича унинг натижалари бир хил эмас.
IMD ҳисоботига кўра, мамлакатнинг кўрсаткичлари қуйидагича тақсимланган:
Баҳолаш йўналиши | Ўрни |
Кадрлар салоҳияти | 22 |
Самарадорлик | 33 |
Қадриятлар | 42 |
Давлат бошқаруви | 46 |
Технология ва инфратузилма | 52 |
Айниқса, «Технология ва инфратузилма» йўналишидаги 52-ўрин эътиборга моликдир. Ушбу йўналиш таркибига кирувчи «Илмий тадқиқот инфратузилмаси» бўйича мамлакат 59-ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич илмий тадқиқотлар, янги технологияларни ривожлантириш ва AI соҳасидаги тадқиқот салоҳиятини баҳолайди.
Шунингдек, бизнеснинг мослашувчанлиги бўйича Қозоғистон 53-ўринда қайд этилган. Компанияларда AI технологияларини жорий этиш кўрсаткичи эса 44-ўринни ташкил қилган.
Мамлакат таълим ва давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича юқори натижаларга эришган бўлса-да, илмий тадқиқотлар, технологик инфратузилма ва хусусий секторда сунъий интеллектдан фойдаланиш борасида пастроқ ўринларни эгаллаган.
Қозоғистон рейтингда ўтган йилга нисбатан кўтарилдими?
Қизиғи шундаки, айрим йўналишларда ўсиш қайд этилганига қарамай, Қозоғистоннинг умумий рейтингдаги ўрни яхшиланмаган.
IMDнинг мамлакат профилидаги беш йиллик таққослаш жадвалида Қозоғистоннинг умумий натижаси 2025 йилда 37-ўринни эгаллаган бўлса, 2026 йилда 41-ўринга тушган.
Бироқ «Кадрлар салоҳияти» йўналишида мамлакат 2025 йилдаги 35-ўриндан 2026 йилда 22-ўринга кўтарилган. «AI жорий этилиши» йўналишида ҳам 2025 йилдаги 52-ўриндан 33-ўринга сезиларли силжиш қайд этилган.
Хулоса ўрнида айтганда, Қозоғистоннинг 2026 йилги натижаси таълим, кадрлар тайёрлаш ва давлат хизматларини рақамлаштириш борасидаги кучли кўрсаткичлар билан бир қаторда, технологик инфратузилма ва хусусий секторда AI жорий этиш бўйича ҳали ечимини кутаётган муаммоларни ҳам кўрсатиб турибди.




