Янги ўқув йилида мактабларнинг 1-синфига қабул тартиби белгиланди

Bugun 11:021 daqiqa

2026–2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул қилишнинг янги тартиби тасдиқланиб, қабул жараёнларининг давлат хизматлари орқали қамрови сезиларли даражада оширилди.

Янги ўқув йилида мактабларнинг 1-синфига қабул тартиби белгиланди

2026–2027 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул қилиш тартиби расман тасдиқланди.

Янги тартиб доирасида давлат хизмати орқали қабул амалга ошириладиган туман ва шаҳарлар сони 64 тадан 135 тагача оширилди. Бу эса хизмат қамровининг қарийб икки баробар кенгайганини англатади. Шу билан бирга, мазкур тизимга уланган умумтаълим мактаблари сони ҳам 1956 тадан 5689 тага етказилди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 1-синфга қабул қилишда иштирок этувчи туман ва шаҳарлар рўйхати алоҳида тасдиқланган. Бу эса қабул жараёнини тизимли ва шаффоф тарзда ташкил этишга хизмат қилади.

Қабул жараёни онлайн тарзда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг my.maktab.uz электрон платформалари орқали амалга оширилади. Бу орқали ота-оналар аризаларни масофадан туриб топшириш имкониятига эга бўлади.

Аризаларни қабул қилиш икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда — 2026 йил 20 июндан 31 июлгача — болалар ўзларига бириктирилган микроҳудуд доирасида мактабга қабул қилинади. Иккинчи босқичда эса, 1 августдан 31 августга қадар микроҳудуддан ташқари ҳудудлар учун аризалар қабул қилинади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 1-синфга болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Шунингдек, 2026–2027 ўқув йили учун 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар мактабга қабул қилинади.

Teglar

Mavzuga oid