Янги Тошкентга кўчирилаётган вазирликларнинг 11 та биноси савдога чиқарилди
Уларнинг бошланғич нархлари 1,1 млрд сўмдан бошланади, шунингдек, 20 таси бўйича сотуволди ишлари олиб борилмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaВазирликлар, идоралар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларни Янги Тошкент ҳудудига кўчириш доирасида пойтахтдаги давлат кўчмас мулклари реализация қилинмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар қилишича, ҳозирга қадар 7 та объект янги мулкдорларга ўтган. Яна 11 та объект 1 095,8 млрд сўмлик бошланғич нархда савдога чиқарилган.
Бўндан ташқари, 20 та объект бўйича сотуволди тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларга тегишли бинолар бўйича савдолар давом этмоқда.
83 та объект реализация қилинади
Мазкур жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги 146-сон қарори асосида амалга оширилмоқда.
Қарорга кўра, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларни Янги Тошкент ҳудудига кўчириш, бу ерда жами 150 та давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотни жойлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги уларга тегишли 83 та кўчмас мулк объектини очиқ савдоларда, жумладан, ижара ҳуқуқи асосида реализация қилиш белгиланган.
Шу тариқа, реализация қилиниши белгиланган 83 та объектнинг 38 таси бўйича савдо ёки тайёргарлик жараёни бошланган: 7 та бино сотилган, 11 таси савдога чиқарилган ва 20 таси бўйича сотуволди ишлари олиб борилмоқда.
Объектларни сотишдан тушадиган маблағлар Янги Тошкентдаги маъмурий инфратузилмани барпо этишга йўналтирилади.





