ЕТТБ 2026-йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 7,5 фоизгача оширди
2027-йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Прогнознинг юқорига қайта кўриб чиқилишига мамлакатдаги ички талабнинг барқарорлиги сабаб бўлган. ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфларни ҳам қайд этган.
© vaqt.uzЎзбекистон иқтисодиёти 2026-йилнинг биринчи ярмида йиллик ҳисобда 8,5 фоизга ўсди. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида ушбу даврдаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) 2026-йил сентябр ойида эълон қилинган «Минтақавий иқтисодий прогноз» ҳисоботида маълум қилинди.
Банк маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери хизматлар соҳаси бўлган. Ушбу сектор умумий ўсишга 4,4 фоиз банд ҳисса қўшган. Қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш йиллик ҳисобда 8,8 фоизга, савдо ҳажми эса иш ҳақи 18,4 фоизга ва меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари 13 фоизга ошгани фонида 13,5 фоизга кўпайган. Асосий капиталга инвестициялар йиллик ҳисобда 17,5 фоизга ошган. ЕТТБ буни «инвестицияларнинг ишончли ўсиши» деб баҳолаган.
Ўзбекистонда инфляция май ойида пасайган бўлса-да, июл ойида жаҳон энергетика нархларининг ошиши фонида йиллик ҳисобда 6,4 фоизгача тезлашган. Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 2025-йил март ойидан буён 14 фоиз даражасида сақлаб келмоқда. 2026-йил январ–июл ойларида олтин экспортининг камайиши сабабли мамлакат экспорти йиллик ҳисобда 4,5 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, импорт 17,8 фоизга ошган. Натижада ташқи савдо тақчиллиги икки баробардан кўпроққа кенгайиб, 9,7 млрд долларга (8,5 млрд евро) етган.
2026-йил ўрталарига келиб давлат қарзи ЯИМнинг 27 фоизига етган. Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро захиралари йиллик ҳисобда 32 фоизга ошиб, июл ойи охирида 64 млрд долларни (55,8 млрд евро) ташкил қилган. ЕТТБ бу ўсишга олтин харидларининг кўпайиши ҳам ҳисса қўшганини қайд этган.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-йилда 7,5 фоизга ўсиши кутилмоқда
ЕТТБ Ўзбекистон ЯИМининг 2026-йилдаги ўсиши бўйича прогнозини июн ойидаги баҳосига нисбатан 1 фоиз бандга ошириб, 7,5 фоизга етказди. Банк 2027-йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизгача секинлашишини кутмоқда. Прогнознинг юқорига қайта кўриб чиқилишига мамлакатдаги ички талабнинг барқарорлиги сабаб бўлган.
ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфлар қаторида Россия иқтисодиётининг секинлашиши ҳамда Россиядан ёнилғи етказиб беришдаги узилишлар узоқ давом этиши эҳтимолини қайд этган. Банк фикрича, бундай ҳолат Яқин Шарқдаги можаро сабаб жаҳон энергетика бозорида нархларнинг ошиши таъсирини янада кучайтириши мумкин.
Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш секинлашган
ЕТТБ Марказий Осиё ва Мўғулистонни ягона минтақа сифатида кўриб чиқади. Банк маълумотларига кўра, ушбу минтақада иқтисодий ўсиш 2024-йилдаги 5,9 фоиздан 2025-йилда 6,9 фоизгача тезлашган. Бироқ 2026-йилнинг биринчи ярмида йиллик ўсиш 5,9 фоизгача қайтган.
ЕТТБ минтақа иқтисодиёти 2026-йилда 5,8 фоизга, 2027-йилда эса 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Ўзбекистондан ташқари, 2026-йилнинг биринчи ярмида энг юқори ўсиш суръатлари Қирғизистон ва Тожикистонда қайд этилган. Бу мамлакатларда ўсишга қурилиш, қайта ишлаш саноати ва ички талаб асосий туртки берган.
Мўғулистонда эса иқтисодий ўсиш асосан фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва экспорт қилиш ҳажмининг ортиши ҳисобидан таъминланган.
Қозоғистонда иқтисодий ўсиш 4,1 фоизгача секинлашган
Минтақанинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш йиллик ҳисобда 4,1 фоизгача секинлашган. Каспий қувурлар консорциумининг экспорт йўналишидаги узилишлар ҳамда Тенгиз конидаги ҳодисалар сабаб январ–июл ойларида нефт ва газ қазиб олиш 8,9 фоизга камайган. Шу сабабли ҳукумат йил якунидаги нефть қазиб олиш режасини 98 млн тоннадан 96 млн тоннагача пасайтирган. Шу билан бирга, қайта ишлаш саноати 9 фоизга, қурилиш соҳаси эса йиллик ҳисобда 15,3 фоизга ўсган.
Инфляция 2025-йилнинг сентябридаги 12,9 фоизлик энг юқори кўрсаткичдан 2026-йил августида 9,8 фоизгача пасайган. Бу Қозоғистон Миллий банкига асосий ставкани бир йил давомида жами 175 базис пунктга пасайтириб, 2026-йил сентябрида 16,25 фоизга тушириш имконини берган. Бюджет тақчиллиги 3 трлн тенге (5,6 млрд евро ёки ЯИМнинг қарийб 2 фоизи)ни ташкил этган. ЕТТБ Қозоғистон иқтисодиёти 2026-йилда 4,7 фоизга, 2027-йилда эса 4,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.
Қирғизистонда иқтисодий ўсиш 11,1 фоизга етган
Қирғизистоннинг реал ЯИМи 2026-йил январ–июл ойларида йиллик ҳисобда 11,1 фоизга ўсган. Бунга, асосан, инвестицион фаолликнинг ошиши сабаб бўлган. Асосий капиталга инвестициялар 58,8 фоизга, қурилиш ҳажми эса 60,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари 9 фоизга камайган. Бунга миграция сиёсатининг қатъийлашуви ва Россия иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви таъсир кўрсатган.
Инфляция 2026-йил июлида 11,5 фоизгача тезлашган. Шу сабабли ҳукумат ёнилғига вақтинчалик субсидиялар жорий қилган, чакана нархларни чеклаган ва тарифларни бир йил давомида оширишга мораторий киритган. ЕТТБ Қирғизистон иқтисодиёти 2026-йилда 8,7 фоизга, 2027-йилда эса 7 фоизга ўсишини кутмоқда.
Банк мамлакат иқтисодиётининг Россияга қарамлиги билан боғлиқ хавфларни ҳам қайд этган. Хусусан, Россия Қирғизистонга келадиган пул ўтказмалари ва ёнилғи етказиб беришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Мамлакат ёнилғи импортининг 90 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келади.
Тожикистонда экспорт 57,2 фоизга ошган
Тожикистонда реал ЯИМ 2026-йилнинг биринчи ярмида йиллик ҳисобда 8,2 фоизга ошган. Бунга хизматлар, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги ўсиш, шунингдек, экспортнинг кескин кўпайиши сабаб бўлган. Экспорт 57,2 фоизга ошган. Бунда қимматбаҳо металлар ва фойдали қазилмалар экспортининг кўпайиши асосий омил бўлган. Мамлакатнинг халқаро захиралари 2026-йил май ойида рекорд даражадаги 6,8 млрд долларга (5,9 млрд евро) етган. Бу маблағ мамлакатнинг тўққиз ойдан ортиқ импортини қоплаш имконини беради. ЕТТБ Тожикистон иқтисодиёти 2026-йилда 7,9 фоизга, 2027-йилда эса 7 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.
Туркманистонда иқтисодий ўсиш 6,3 фоиз бўлиши кутилмоқда
Туркманистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида расмий ЯИМ ўсиши йиллик ҳисобда 6,3 фоизни ташкил этган. Ўсиш транспорт ва алоқа, савдо ва хизматлар, шунингдек, давлат инвестициялари давом этаётгани фонида қурилиш соҳаси ҳисобидан таъминланган.
2026-йилнинг июлида «Fitch» рейтинг агентлиги Туркманистоннинг суверен кредит рейтингини «BB-» даражасида, прогнозни эса «барқарор» ҳолатда сақлаб қолган. Агентлик мамлакатдаги давлат қарзининг паст даражаси ва катта халқаро захираларни қайд этган. ЕТТБ Туркманистон иқтисодиёти 2026 ва 2027-йилларнинг ҳар иккала йилида ҳам 6,3 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.





