«Замҳоким» 50 минг доллар пора билан ушланди. Мирзиёева Трамп вакили билан учрашди. Буджетдан 2 млрд ўмармоқчи бўлган «шоввозлар» фош этилди — ҳафта дайжести

Bugun 18:506 daqiqa

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.





Амалдор 50 минг доллар пора билан ушланди

Бу ҳафта давомида мамлакатда юқори лавозимли амалдор иштирокидаги коррупция ҳолати фош этилди.

Андижон вилояти ҳокимининг туризм ва маданият бўйича ўринбосари Исомиддин Исманов 50 минг доллар пора олаётганда ДХХ томонидан ушланган. Тергов маълумотларига кўра, амалдор тадбиркорлик бошламоқчи бўлган фуқарога Бобур шаҳридаги давлат захирасида турган 20 сотих ер майдонини ауцион орқали олиб беришни ваъда қилган. Эвазига эса ҳар бир сотих ер учун 2500 доллардан, жами 50 минг доллар талаб қилган.

4 апрел куни ўтказилган тезкор тадбирда Исманов кимёвий ишлов берилган пулларни ўз уйида қабул қилаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Қизиғи, амалдор муқаддам ички ишлар тизимида юқори лавозимларда фаолият юритган. 2025-йилнинг декабрида вилоят ҳокими ўринбосари этиб тайинланган Исманов, янги курсида ҳатто тўрт ой ҳам ўтиришга улгурмади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.Ички ишлар тизимида полковник даражасигача кўтарилган, қонун устуворлигини ҳимоя қилиши керак бўлган шахснинг бундай жиноятга қўл уриши жамоатчиликда кескин эътирозларни келтириб чиқармоқда. Бироқ қонун ҳамма учун баробар, амалдорнинг ўтмишдаги хизматлари уни жазодан қутқариб қололмайди.

 

Солиққа тортилаётган санъаткорлар

Бу ҳафта якунланаётган бўлса-да, санъаткорларнинг солиқ тўлаши масаласи атрофидаги муҳокамалар ҳануз тўхтагани йўқ.

Бир неча йилдан бери жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлиб келаётган ушбу масала юзасидан ҳукумат 2026 йилга келиб аниқроқ қадамлар ташлашни бошлади. Хусусан, санъаткорларга берилган солиқ имтиёзларини қисқартириш ва уларни бошқа фаолият турлари каби умумий тартибда солиққа тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасига кўра, санъаткорлардан ҳар бир тўй ва концерт учун алоҳида солиқ ундириш таклиф қилинган. Унга биноан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг барча хизматлари «Солиқ» мобил иловаси орқали рўйхатга олиниши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январга қадар улар жисмоний шахслар даромад солиғини «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида, белгиланган қатъий миқдорларда тўлаб бориши кўзда тутилган.

Айни пайтда, Маданият вазирлиги мазкур ташаббус юзасидан айрим енгилликлар жорий этишни таклиф қилган.

 

Жавоҳир Синдоров Рамешбабуни яна мағлуб этди

Бу ҳафта халқаро шахмат майдонида Ўзбекистон учун муҳим ютуқ қайд этилди.

Кипрнинг Пейе шаҳрида ўтказилаётган Номзодлар турнирида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров навбатдаги ғалабани қўлга киритиб, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳани яна бир бор мағлуб этди. Шу билан у турнир давомида рақибини иккинчи марта енгишга муваффақ бўлди.

10 турдан сўнг Синдоров 8 очко тўплаб, жадвалда яққол пешқадамликни сақлаб турибди. Унинг асосий таъқибчилари ортда қолган, шу боис қолган тўрт турда дуранг натижалар ҳам унга умумий ғалабани кафолатлаши мумкин.

Шу тариқа, ўзбекистонлик шахматчи нафақат турнирда етакчиликни мустаҳкамлади, балки Номзодлар турнири форматидаги ғалабалар сони бўйича ҳам рекорд натижа қайд этди.

Жавоҳирнинг шахсий ҳаётида ҳам янгилик борга ўхшади. Ижтимоий тармоқларда Жавоҳир Синдаров ҳамда қозоғистонлик гроссмейстер, блитс бўйича 3 карра жаҳон чемпиони, энг ёш аёл чемпион сифатида Гиннес рекордлар китобига кирган Бибисара Ассаубаева акс этган сурат эълон қилинди.

 

«Осмондан тушган» 2 млрд

Якунланаётган ҳафтада 20 млрд сўмлик сохта товар айланмаси ҳужжатлари орқали буджетдан 2 млрд сўм ҚҚСни қайтаришни режалаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки ҳужжатлар орқали бюджетдан 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариб олишни режалаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Терговга кўра, Тошкент вилоятидаги МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоийдаги корхона вакилини ишонтириб, 20 млрд сўмлик сохта товар айланмаси ҳужжатларини тайёрлашни таклиф қилган.

У бу орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариб беришни ваъда қилиб, 340 млн сўм талаб қилган.

Схеманинг амалий қисми эса Андижондаги тадбиркор томонидан бажарилиб, у 18,6 млрд сўмлик хизматлар бўйича 10 та қалбаки ҳисоб-фактура расмийлаштирган.

 

Автобус «қуён» лари ушланди

Пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланишдаги интизом масалалари яна бир бор эътибор марказига чиқди.

2026 йилнинг январ–март ойлари давомида Тошкентда автобусларда йўл ҳақини тўламаслик ҳолатлари бўйича 32 450 та қоидабузарлик аниқланди.

Транспорт назорати инспекцияси маълумотига кўра, барча ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилган. Назорат ишлари «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Инспекторлар автобусларда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларга қарши мунтазам рейдлар ўтказмоқда.

 

Мирзиёева Трампнинг вакили билан учрашди

Бу ҳафта Саида Мирзиёева Трампнинг қароргоҳида Сержио Гор билан учрашди. АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, асли Тошкентда туғилган элчи Сержио Гор Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарига Мар-а-Лагода мезбонлик қилди.

Учрашувдан эълон қилинган расмда Мирзиёева ва  Сержио Гордан ташқари Трампнинг қизи Тифани  ва куёв Майкл Баулоусни ҳам кўриш мумкин.

Мирзиёева Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувлар самарали бўлишига умид билдирди ва ўтган мулоқотни конструктив деб баҳолади.

Шунингдек, Мирзиёева Вашингтонда Бен Блек билан ҳам учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Гўшт импортига субсидия жорий этилди

Сўнги вақтда Ўзбекистонда гўшт нархи кескин ошиб бораётгани кенг муҳокамалрга сабаб бўлаётган эди.

Бу ҳафта тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда давлат томонидан вақтинчалик субсидиялар ажратилади.

«Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда давлат томонидан вақтинчалик субсидиялар ажратилади. Мазкур чора гўшт маҳсулотлари бозорида нархларни барқарорлаштиришга қаратилган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан 1 августгача гўшт импорти харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бироқ бу компенсация ҳар бир килограмм учун 0,8 доллардан ошмаслиги белгиланган. Имтиёз логистика харажатларини камайтиришга қаратилган.

 

Тошкентда тўртта бозорнинг айрим қисмлари вақтинча ёпилди

5 апрель куни халқ орасида «Иппoдром» номи билан машҳур бўлган Чилонзор туманидаги «Бешқўрғон» савдо мажмуасида йирик ёнғин чиқди. 

Ижтимоий тармоқларда «ёнғинда жароҳат олганлар ва вафот этганлар бор» мазмунида хабарлар тарқалган. Бироқ, ФВВнинг билдиришича, ёнғин оқибатида ҳеч кимга зиён етмаган.

Афтидан «Иппoдром» даги ёнғин ортидан мутассаддилар назоратни кучайтирди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган текширувлар давомида тўртта бозорда ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилгани аниқланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» деҳқон бозори, Чилонзор туманидаги буюм бозори, Шайхонтоҳур туманидаги деҳқон бозори ҳамда “Аския” бозорида жиддий камчиликлар қайд этилган. Шу сабабли хавфли деб топилган айрим ҳудудлар вақтинча электр таъминотидан узилиб, камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекловлар жорий этилган.

 

Президент Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

Ўзбекистонда Амир Темурнинг 690 йиллиги кенг нишонланди. Бу қутлуғ сана муносабати билан мамлакатда кўплаб маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилди.

9 апрел куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эсдалик тангалари ва сувенир тўпламлари сотуви йўлга қўйилди.

Сотувда:

• Амир Темур сиймоси акс этган, 31,1 г оғирликдаги 2 хил дизайндаги эсдалик тангалари;

• Ҳар бири 31,1 г бўлган 3 талик сувенир тўпламлари.

 

 

 

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 38

Barchasi

Mavzuga oid