Logo

1 июлдан рақамли маркировка тизимида янги талаблар кучга киради

Bugun 14:202 daqiqa

Маркировка қилинган товарларни сотишда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн касса тизимлари орқали қўшимча автоматик назорат механизмлари жорий этилади.

1 июлдан рақамли маркировка тизимида янги талаблар кучга киради © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда рақамли маркировка тизимини такомиллаштириш бўйича янги талаблар жорий этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23-январдаги 23-сон қарорига мувофиқ, 1-июлдан бошлаб мажбурий рақамли маркировка татбиқ этилган товарларни реализация қилиш жараёнида қўшимча текширувлар амалга оширилади.

Янги тартибга кўра, электрон ҳисобварақ-фактураларда бир қатор маълумотлар автоматик равишда назорат қилинади. Хусусан, товар етказиб берувчида тегишли лицензия, рухсатнома ёки хабардор қилиш ҳужжатининг мавжудлиги текширилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектининг «Асл белгиси» миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлиги ҳам назорат қилинади.

Бундан ташқари, рақамли маркировка кодларининг тўғри киритилганлиги ва товарни харид қилаётган чакана савдо субъекти махсус код ўқувчи қурилмалар билан жиҳозланганлиги ҳам автоматик тарзда аниқланади.

Автоматик назорат кучаяди

Онлайн назорат-касса техникаси чекларида ҳам қўшимча текширувлар йўлга қўйилади. Унда рақамли маркировка кодининг «Асл белгиси» тизимида мавжудлиги ҳамда маҳсулотнинг МХИК коди маркировка кодига мувофиқлиги автоматик тарзда текширилади.

Ҳукумат ушбу чоралар орқали товарлар ҳаракати шаффофлигини таъминлаш, ноқонуний айланманинг олдини олиш ва рақамли маркировка маълумотларининг ишончлилигини оширишни мақсад қилган.

Тадбиркорларга имтиёз берилади

Янги талаблар доирасида тадбиркорларга рақамли маркировка кодларини ўқиш учун зарур бўлган 2D-сканерлар харидида солиқ имтиёзлари ҳам тақдим этилади.

Солиқ қўмитаси рақамли маркировка билан боғлиқ саволлар юзасидан тезкор амалий ёрдам олиш имкониятини ҳам эслатди. Тадбиркорлар солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали «Рақамли маркировка билан ишлаш» хизмати ёрдамида ҳудудлараро солиқ инспекциясига мурожаат қилишлари мумкин. Келиб тушган мурожаатлар қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, тегишли тушунтириш ва амалий ёрдам тақдим этилади.

Teglar

Mavzuga oid