Logo

19-июл куни ҳам Ўзбекистонда электр истеъмоли янги рекорд қайт этди

Kecha 17:482 daqiqa

Аномал иссиқ туфайли Ўзбекистонда дам олиш куни ҳам суткалик электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш ҳажми рекорд даражага етди. Мамлакатда электр истеъмоли кетма-кет еттинчи кун рекорд янгиланмоқда.

19-июл куни ҳам Ўзбекистонда электр истеъмоли янги рекорд қайт этди

Ўзбекистон ягона энергетика тизимида 2026-йил 19-июл, якшанба куни аномал иссиқ ҳаво таъсирида ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли рекорд даражага етди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, суткалик электр энергияси истеъмоли 291,8 млн kWh'ни ташкил этган. Бу ўтган йил ёзги мавсумида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 19,2 млн kWh'га ёки 7,04 фоизга кўпдир.

Шунингдек, кечки энг юқори юклама соатларида ягона энергетика тизимининг максимал юкламаси 13,8 GW'га етган. Бу 18-июл куни қайд этилган максимумдан яна 100 MW юқори ҳисобланади. Якшанба куни бўлишига қарамай, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 295,4 млн kWh'га етган.

Айрим ҳудудларда узилишлар бўлди

Юқори юкламалар фонида айрим ҳудудларда электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, минглаб истеъмолчилар вақтинча электр таъминотисиз қолди.

Энг йирик узилиш Фарғона вилоятида кузатилди. Қўқон шаҳри, Фурқат, Данғара, Учкўприк ва Ўзбекистон туманларида электр тармоғидаги носозлик сабабли 13 минг нафар истеъмолчининг электр таъминоти узилди. Носозлик 20-июл куни тунги соат 00:26 да бартараф этилди.

Тошкент шаҳрида ҳам бир нечта ҳолат қайд этилди. Подстанциялардаги носозликлар сабабли Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида 7 минг нафар, Яккасарой ва Миробод туманларида эса 1 300 нафар истеъмолчи вақтинча электр таъминотисиз қолди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Сергели ва Учтепа туманларида ҳам маҳаллий узилишлар кузатилди.

Тизим кучайтирилган тартибда ишлади


Энергетика вазирлигига кўра, юқори истеъмол шароитида авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаб, юзага келган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этган.

Шунингдек, 19-июл куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Юнусобод ва Чилонзор туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларида ҳам электр тармоқларидаги носозликлар сабаб айрим истеъмолчиларда вақтинча электр узилишлари кузатилган. Вазирлик юқори юкламалар сақланаётгани боис тезкор хизматлар кучайтирилган режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid