
2025 йил охиригача «ai.gov.uz» — сунъий интеллект миллий портали ишга туширилади
Миллий портал сунъий интеллект йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар, стартаплар ва бепул онлайн курслар ҳақидаги маълумот беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–189-сонли фармони 2025 йил 22 октябр куни имзоланди. Ҳужжат мамлакатда сунъий интеллект соҳасини тизимли ривожлантириш ва уни иқтисодиёт ҳамда ижтимоий ҳаётга кенг жорий этишни мақсад қилади.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар давлат бошқаруви органлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида камида 100 та сунъий интеллект лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, 2030 йилгача мазкур йўналиш инфратузилмасини ривожлантириш учун 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.
2026 йилга қадар мамлакатдаги олий таълим муассасаларида 15 та сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу ёш мутахассисларни тайёрлаш ва илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш имкониятини яратади.
Фармонга кўра, 2025 йил якунига қадар «ai.gov.uz» миллий портали ишга туширилади. Унда амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар, стартаплар ва бепул онлайн курслар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.
2026 йилдан эса «President AI Award» танлови таъсис этилади. Ушбу мукофот сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартапни аниқлашга қаратилган бўлади. Шунингдек, давлат органлари ва йирик давлат улушига эга компанияларда рақамли трансформация даражаси сунъий интеллект жорий этиш кўрсаткичлари асосида баҳоланади.
Шу билан бирга, 2026 йил март ойидан бошлаб йилига икки марта «Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа» танлови ўтказилади. Унда энг самарали AI лойиҳаларни амалга оширган вазирлик ва идоралар аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект миллий танлови ғолибларига электромобил берилиши ҳақида хабар берган эдик.





