add

Сунъий интеллект миллий танлови ғолибларига электромобил берилади

Президент Мирзиёев сунъий интеллект соҳасига кадрлар тайёрлашни мактабдан бошлаш зарурлигини таъкидлаб, информатика фанини тубдан янгилаш бўйича қатор ислоҳотларни эълон қилди.

Сунъий интеллект миллий танлови ғолибларига электромобил берилади

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича йиғилишда бу соҳанинг тараққиёти фақат замонавий инфратузилма ёки алгоритмларга эмас, балки малакали кадрларга боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллектнинг асоси — математика ва информатика бўлиб, кадрлар тайёрлашни мактаб босқичидан бошлаш зарур.

Давлат раҳбари маълум қилганидек, келаси ўқув йилдан бошлаб информатика фанининг ўқув дастурига сунъий интеллектга оид янги мавзулар киритилади. Бунинг учун Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дўстона интерфейсга эга дарслик яратилади.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университетида бу йил 100 нафар, кейинги йил 1 минг 300 нафар тренер-ўқитувчи тайёрланиши режалаштирилган. Улар кэскад тизими орқали мактаб ва олийгоҳлардаги информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлайди. Ҳар йили энг яхши 100 нафар информатика ўқитувчиси сунъий интеллект ривожланган давлатларда малака ошириш имкониятига эга бўлади.

Президент «Бир миллион ўзбек дастурчиси» ташаббусининг мантиқий давоми сифатида «Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасига старт берилганини ҳам маълум қилди. Бу йил 100 минг, кейинги йил камида 500 минг ёш сунъий интеллект асосларини ўрганиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, мактаб ўқувчиларини ҳам ушбу дастурга қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди. Ҳар йили миллий танлов ўтказилиб, энг яхши натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим муассасалари моддий рағбатлантирилади.

Қарорга кўра, 500 нафар ёшларга ноутбук, 100 нафар ўқитувчига минг долларлик мукофот, 2 та таълим муассасасига эса электромобил топширилади.

Теглар

Мавзуга оид

Сунъий интеллект миллий танлови ғолибларига электромобил берилади | Vaqt.uz