Logo

208 ўқитувчига 616 миллион сўмдан мукофот берилади

Bugun 19:572 daqiqa

Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари аниқланди. Унда 46 мингдан ортиқ педагог иштирок этди.

208 ўқитувчига 616 миллион сўмдан мукофот берилади

Ўзбекистонда илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.

Хабар қилинишича, мазкур беллашувда бутун республика бўйлаб 46 минг нафардан ортиқ педагоглар иштирок этган. Улар орасидан жами 208 нафар педагог ғолибликни қўлга киритган.

Республиканинг 208 та туман ва шаҳри бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолибларнинг ҳар бири 616 миллион сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари) миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Ғолиб ўқитувчиларнинг исм-фамилиялари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эълон қилган тўлиқ рўйхатда келтирилган.

Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга кўра, «Йил ўқитувчиси» танловида қатнашиш учун аниқ талаблар белгиланган. Унда олий ёки 1-малака тоифасига ҳамда камида 5 йиллик педагогик стажга эга, асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчилари иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қоидаларга асосан, номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида қатнашган.

Танловда иштирок этиш учун номзодлар саралаш босқичи бошланадиган йилнинг август-сентябр ойларида pedagog.uzedu.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган.

Беллашув жараёнлари жами уч босқичда ташкил этилган:

Биринчи босқичда номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланган. Бу жараён малака тоифа синовлари билан интеграция қилинган ҳолда онлайн тарзда ўтказилган.

Ушбу босқичда ҳар бир туман ва шаҳардан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда энг юқори балл тўплаган 3 нафардан номзод иккинчи босқичга ўтказилган.

Иккинчи босқичда эса номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан кўриб чиқилган. Ўқитувчилар ўтган дарсларининг видеоёзувларини махсус платформага жойлаштирган. Ушбу босқич якунидан ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 2 нафардан номзод ҳал қилувчи босқичга йўлланма олган.

Учинчи босқичда номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги тақдимот асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган. Бунда номзодларнинг ушбу босқичда олган баллари аввалги босқичларда олган балларига қўшилган ҳамда туман миқёсида умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган номзод ғолиб деб топилган.

Teglar