Хорижда ишлаш харажатлари учун 12,3 млрд сўм компенсация ажратилди
Ажратилган маблағлар хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг виза, йўл чиптаси, имтиҳон ва суғурта харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонликларга хорижда ишлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 12,3 млрд сўм компенсация ажратилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Маблағлар хорижга ташкиллаштирилган тартибда ишга кетаётган фуқароларнинг ишчи визаси, йўл чиптаси, тил ёки касб имтиҳонлари ҳамда ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган.
Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ҳисобот даврида ишчи визасини расмийлаштириш билан боғлиқ 4 103 та ҳолат учун 7 млрд 715 млн сўм компенсация тўланган.
Шунингдек, хорижга ишлаш учун кетаётган 3 981 нафар фуқаронинг йўл чиптаси харажатларини қоплашга 3 млрд 264 млн сўм ажратилган.
Тил ёки касб имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ 30 та ҳолат учун 34,9 млн сўм, 4 523 нафар фуқаронинг ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси харажатларини қоплаш учун эса 1 млрд 244 млн сўм йўналтирилган.
Компенсация олиш тартиби
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ва меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ҳамда кредитлар ажратиш тартиби ҳукуматнинг 2025-йил 22-апрелдаги қарори билан белгиланган.
Унга кўра, фуқаролар компенсация ёки субсидия олиш учун «Хорижда иш» дастурий мажмуаси орқали электрон шаклда ёхуд бевосита Миграция агентлигига мурожаат қилиши мумкин.
Бунда аризага тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.
Келиб тушган ариза агентлик томонидан уч иш кунида кўриб чиқилади.
Қабул қилинган қарор ҳақида ариза берувчига «Хорижда иш» дастурий мажмуасидаги шахсий кабинети орқали хабарнома юборилади.
Ариза маъқулланган тақдирда компенсация Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Пул фуқаро хорижда ишга жойлашганидан кейин бир ойдан кечиктирмай, аризада кўрсатилган банк пластик картасига ўтказиб берилади. Бу ҳақда ҳам фуқарога дастурий мажмуа орқали хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фуқароларни чет элга ишга юбориш тўлиқ хусусий бандлик агентликларига ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.





