5 йиллик стажга эга хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома бериш бошланди
Тавсиянома 3 йил амал қилади, бу йил ўқишга кира олмаган хотин-қизлар кейинги йил қабул мавсумида ҳам ундан фойдаланиши мумкин.
© Oila va xotin-qizlar qo'mitasiХотин-қизларга олий таълим муассасаларига кириш учун тавсиянома олиш бўйича аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълум қилди.
Мазкур имтиёз мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган, аммо бакалавр дипломини олмаган хотин-қизлар учун мўлжалланган. Улар давлат ОТМларининг бакалавриат йўналишларига алоҳида қабул параметрлари асосида танловда иштирок этади.
Тавсиянома олиш учун асосий талаблар:
Ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими дипломига;
Мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик меҳнат стажига эга;
Олий таълим олмаган (бакалавр дипломи йўқ) бўлиш.
Тавсияномалар «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси» томонидан тақдим этилади. Имтиёзли тоифа учун давлат ОТМларига алоҳида 500 та квота ажратилган. Номзодлар умумий тартибда имтиҳон топширади ва энг юқори балл тўплаган 500 нафар хотин-қиз талабаликка қабул қилинади.
Берилган тавсиянома 3 йил давомида амал қилади ва ундан фақат бир марта фойдаланиш мумкин. Агар номзод бу йил ўқишга кира олмаса, келаси қабул мавсумида ҳам ушбу ҳужжат билан иштирок этиши мумкин.
Аризалар 1 июнга қадар Ягона портал орқали бепул қабул қилинади. Имтиёз хорижий, нодавлат ва ҳарбий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.





