
72 кишига сохта «права»лар расмийлаштириб берган жиноий схема фош этилди
Давлат хизматлари маркази ходими иштирокида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний расмийлаштириш ҳолатлари аниқланди.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ йирик жиноий схема фош этилди. Тергов натижаларига кўра, ҳудудий Давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси жиноий шериклари билан биргаликда 2025 йил давомида 72 нафар фуқарога ноқонуний равишда ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.
Аниқланишича, мазкур шахслар аввал ҳеч қачон ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган фуқаролардан жами 616 миллион сўм миқдорида пора олган. Ушбу маблағлар эвазига назарий ва амалий имтиҳонларни топширмасдан, сохта ҳужжатлар асосида гувоҳномалар берилган. Ҳолат юзасидан Давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси ва унинг шерикларига пора олиш, пора бериш ҳамда расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловлари эълон қилинган.
Тергов жараёнида жиноий гуруҳ икки хил усулдан фойдалангани маълум бўлди. Биринчи ҳолатда, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари қўлбола усулда тайёрланиб, кейинчалик пора эвазига улар янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштирилган. Иккинчи ҳолатда эса фуқароларнинг гўёки ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжудлиги ҳақида сохта маълумотномалар тайёрланиб, QR-кодлар билан тасдиқланган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам фуқаролар ўзларида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаганини била туриб, сохта ҳужжатлар билан давлат хизматлари марказига мурожаат қилган. Натижада, ушбу 72 нафар фуқаро ҳам жиноий қилмишларга шерик сифатида баҳоланган.
Бундан ташқари, республика ҳудудларида ўтказилган қўшимча текширувлар давомида 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланиб, улар бўйича алоҳида жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда барча ноқонуний расмийлаштирилган гувоҳномалар бекор қилинган ва айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.





