
Абрамович «Галатасарой» акцияларини сотиб олмоқчи
Роман Абрамович Туркияда яшашни ният қилган ва ҳатто Босфор бўйидан уй ҳам харид қилган.

Россиялик тадбиркор Роман Абрамович Туркиянинг «Галатасарой» футбол клубининг шерик эгасига айланиши мумкин. Бу ҳақда Sözcü нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Абрамович Истанбул жамоасининг йирик акция пакетини сотиб олишни режалаштирмоқда, Туркияда яшашни ният қилган ва ҳатто Босфор бўйидан уй ҳам харид қилган.
Бироқ, клубнинг мулкчилик тизими хусусий эмас — у Galatasaray Spor Kulübü аъзоларига тегишли бўлиб, Galatasaray Sportif A.Ş. орқали бошқарилади. Шу сабабли Абрамович клубда тўғридан-тўғри акциялар сотиб ола олмайди, балки молиявий ҳамкорлик ёки реклама шартномалари орқали иштирок этиши мумкин. «Галатасарой» активлари фақат клуб аъзоларининг розилиги билангина сотилиши мумкин.
Роман Абрамович 2003 йил ёзидан 2022 йил баҳоригача Лондоннинг «Челси» клубига эгалик қилган. 2022 йил март ойида Буюк Британия ҳукумати Украинадаги уруш сабабли тадбиркорга қарши санкциялар жорий этиб, унинг активларини музлатиб қўйди.
Абрамович «Челси»ни 4,25 миллиард фунт стерлингга сотишга мажбур бўлди (Британия ҳукумати талабига кўра, у бу маблағдан фойдалана олмади). Клубнинг янги эгаси америкалик тадбиркор Тодд Боли бошчилигидаги консорциум бўлди.
2025 йил июл ойида Роман Абрамович «Санкциялар остида: «Челси» сотувининг ички тарихи» китоби муаллифи Ник Пюрелга берган интервюсида бошқа футбол клубларини сотиб олишни режалаштирмаётганини айтди.
1905 йилда ташкил этилган «Галатасарай» Туркиянинг энг нуфузли клубларидан бири бўлиб, 25 марта мамлакат чемпиони, 19 марта Кубок соҳиби ва Европа аренасида ҳам ютуқларга эришган.





