«Афсуски, илгари aвтотураргоҳ учун ажратилган ерларда бизнес марказлар қурилиб кетилган» — пойтахт ҳокими
Тошкент шаҳар ҳокими автотураргоҳ учун ажратилган ерларда бизнес марказлари қурилганини очиқлади. Энди бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун масала қатъий назоратга олинaда.

Тошкентда илгари автотураргоҳ қуриш учун ажратилган кўплаб ер майдонларида бизнес марказлар барпо этилган. Энди бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун масала қатъий назоратга олинмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «ЎзА»га берган интервьюсида маълум қилди.
200 мингта автомобиль учун жой
Унинг айтишича, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси билан ҳамкорликда 200 мингта автомобилга мўлжалланган кўп қаватли ва ер ости автотураргоҳлари учун жойлар белгиланган.
Мазкур ер майдонлари босқичма-босқич аукционга чиқарилмоқда.
«Афсуски, илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетилган. Бунақа хатолар такрорланмаслиги учун бугунги кунда тегишли органлар билан бу масалани қаттиқ назорат остига олганмиз», — деди Шавкат Умурзоқов.
Унинг сўзларига кўра, учала йўналишни бирлаштирган тамойил битта – давлат шароит яратади, инвестор қуради.
Бунда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва жамоат манфаатларини қатъий талаблар орқали таъминлаш кўзда тутилган.
«15 дақиқалик шаҳар»да автотураргоҳлар ҳам ҳисобга олинади
Шунингдек, ҳоким «15 дақиқалик шаҳар» концепциясини амалга оширишда автотураргоҳлар инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ҳам ҳисобга олинишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир турар жой ёки бошқа комплекс бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилаётганда аҳоли сонидан келиб чиқиб, мактаблар, боғчалар, поликлиникалар, яшил ҳудудлар ва автотураргоҳларга бўлган эҳтиёж олдиндан ҳисоблаб чиқилади.
Шундан кейингина қурилишга рухсатнома бериш масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Тошкент йўлларида ҳар куни 1 миллиондан зиёд автотранспорт юради
Ҳоким маълумотларига кўра, Тошкент аҳолиси 3,1 миллион кишидан ошган. Шаҳар йўлларида эса ҳар куни 1 миллиондан ортиқ автомобиль ҳаракатланади.
Шу шароитда «15 дақиқалик шаҳар» концепцияси доирасида аҳоли учун асосий хизматларни яшаш жойларига яқин, пиёда ёки велосипедда етиб бориш мумкин бўлган масофада жойлаштириш мақсад қилинган.
Ҳукумат бу орқали шаҳар йўлларидаги транспорт юкламасини камайтиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, янги турар жой ва бошқа мажмуалар қурилишидан олдин уларда қанча автотураргоҳ ўрни зарурлиги ҳам аҳоли сони ва лойиҳанинг ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда пулли парковка учун тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларни 824 минг сўмгача жаримага тортиш таклиф қилинган эди. Бироқ бу ташаббус оддий жарима масаласидан чиқиб, давлат ваколатлари, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ва жазонинг мутаносиблиги ҳақидаги баҳсга айланди.





