Logo

AI одамларни ишсиз қолдиряптими? Ҳозирча йўқ

Bugun 11:466 daqiqa

АҚШдаги рақамлар сунъий интеллект ҳозирча оммавий ишсизликка олиб келмаганини кўрсатмоқда. «The Economist» ҳисоб-китобига кўра, 2023 йил ўртасидан бери AI билан боғлиқ қарийб 200 минг иш ўрни қисқарган, бироқ технология 1 млн атрофида янги иш яратган. Ўзбекистонда эса AI учун йирик сармоялар энди бошланмоқда ва унинг бандликка таъсири ҳали мунтазам ўлчанмаяпти.

AI одамларни ишсиз қолдиряптими? Ҳозирча йўқ © Sun'iy intelekt

Сунъий интеллект келажакда кўплаб одамларни ишсиз қилиши мумкин. Аммо технологиянинг дастлабки кенг кўламли таъсири ҳозирча бошқа манзарани кўрсатмоқда.

АҚШ иқтисодиёти август ойида 162 мингта янги иш ўрни яратди. Ишсизлик даражаси 4,1 фоизни ташкил этмоқда — бу охирги ярим асрдаги ойларнинг қарийб 90 фоизидан пастроқ кўрсаткич. AI’нинг биринчи қурбонлари сифатида кўрилган 20–24 ёшли америкаликлар орасидаги ишсизлик ҳам умумий кўрсаткичдан кескин узоқлашмаган.

The Economist ҳисоб-китобига кўра, сунъий интеллект АҚШда ҳозиргача қарийб 1 млн янги иш ўрни яратган. Бу 2023 йил ўртасидан бери AI билан боғланган 200 мингга яқин қисқартиришдан беш баравар кўп.

Бу оммавий қисқартиришлар бўлмаяпти дегани эмас. Microsoft ва Meta каби технологик компаниялар бизнесини AI атрофида қайта қураркан, ходимлар сонини камайтирмоқда. Block ва Intuit айрим вазифаларни ботларга топширяпти. Challenger, Gray & Christmas ҳисобига кўра, 2026 йилда Америка компаниялари ҳар ой ўртача 16 мингта қисқартиришни AI билан боғлаган.

Бироқ бу рақам АҚШ меҳнат бозорининг умумий кўлами фонида унча катта эмас: иш берувчилар одатий ойда қарийб 1,7 млн ходимни ишдан бўшатади. Муҳими, AI бир томонда ишларни қисқартираётган бўлса, бошқа томонда янги талаб яратмоқда.

AI аввало қурувчилар ва энергетикларга иш берди

Янги ишларнинг катта қисми чатбот ёки алгоритм яратиш билан боғлиқ эмас. AI’ни ишлатиш учун чиплар, серверлар, маълумотлар марказлари, совитиш тизимлари ва электр қуввати керак.

Goldman Sachs ҳисобига кўра, бундай ускуналар ва инфратузилмага йиллик харажат 2022 йилдагига нисбатан қарийб 500 млрд долларга кўпайган. АҚШда маълумотлар марказлари қурилиши йилига 75 млрд доллардан ошди ва бир йил ичида қарийб 60 фоизга ўсди.

Бу харажатлар фақат технологик компанияларга даромад бермайди. Марказларни қуриш учун электриклар, совитиш ва вентиляция мутахассислари, электр тармоғи муҳандислари ҳамда ускуналарни ўрнатувчи техниклар керак.

tg_image_2653663217

Фото: Microsoft

The Economist маълумотлар марказлари қурилишига энг яқин бешта тармоқдаги бандликни умумий қурилиш ва саноат тенденцияси билан таққослаган. 2023 йилдан бери уларда кутилганидан қарийб 320 мингта кўпроқ иш ўрни пайдо бўлган.

Indeed’да маълумотлар марказларига оид вакансиялар икки йилда икки баравардан кўпроққа ошган, умумий вакансиялар эса камайган. LinkedIn ҳисобига кўра, 2023–2025 йилларда АҚШда ушбу инфратузилмага боғлиқ қарийб 500 мингта иш яратилган.

Ишчи етишмаслиги маошларни ҳам оширмоқда. Маълумотлар марказларидаги ўрнатиш ва техник хизмат лавозимлари ўхшаш бошқа ишларга нисбатан қарийб 40 фоиз юқори маош таклиф қилмоқда. 2026 йил июнигача бўлган бир йилда электр ускуналари ишлаб чиқарувчиларида ўртача соатлик иш ҳақи 13 фоиздан, электр пудратчиларида эса қарийб 8 фоиздан ошган.

Офисда ҳам янги касблар пайдо бўлмоқда

AI фақат махсус кийимда ишлайдиган техникларга талабни ошираётгани йўқ. Моделларни яратувчи муҳандислар, маълумотларни белгиловчи ходимлар, жавоблар сифатини текширувчилар, технологияни мижоз бизнесига мослаштирувчи муҳандислар ва компаниянинг AI стратегиясини белгиловчи раҳбарлар ҳам кўпаймоқда.

LinkedIn маълумотларига кўра, AI бўйича раҳбарлар, муҳандислар ва директорлар учун эълонлар 2023–2024 йиллардаги даражага нисбатан қарийб икки баравар ошган. Платформа 2023–2025 йилларда АҚШда 640 минг атрофида янги AI’га хос иш пайдо бўлганини ҳисоблаган.

The Economist муҳандислар, дастурчилар, математиклар ва маълумотлар таҳлилчилари бандлигини бошқа профессионал касблар билан солиштирган. 2022 йилдан бери бу йўналишларда умумий тенденциядан қарийб 730 мингта кўпроқ иш яратилган. Уларнинг барчасини AI билан изоҳлаб бўлмайди, бироқ технология ўсишнинг муҳим сабабларидан бири бўлиши мумкин.

Яна бир таъсир унумдорлик орқали юз бермоқда. AI юристга шартномани тезроқ тайёрлаш, таҳлилчига эса юзлаб саҳифалик молиявий ҳисоботни қисқа вақтда кўриб чиқиш имконини беради. 

Натижада хизмат таннархи пасайиб, талаб етарлича ошса, бир ходим кўпроқ иш бажариши компанияга камроқ эмас, аксинча, кўпроқ одам ёллаш имконини бериши мумкин.

Олдин AI энг тез сиқиб чиқариши кутилган айрим касбларда ҳозирча шундай ҳолат кузатилмоқда. 2023–2025 йилларда АҚШда юрист ёрдамчилари сони 11 фоизга, бозор тадқиқотлари таҳлилчилари эса 6 фоизга кўпайган. Мамлакатдаги умумий бандлик ўсиши шу даврда қарийб 2,5 фоизни ташкил этган.

Мунтазам вазифаларни бажарувчилар ютқазмоқда

Ижобий умумий натижа барча ходимлар ҳимояланганини англатмайди. 2023 йил январидан бери АҚШда мижозларни қўллаб-қувватлаш ходимлари сони қарийб 10 фоизга, котиблар ва маъмурий ёрдамчилар сони эса 15 фоизга камайган.

tg_image_2107643915

Фото: TBC UZ

Бу касбларнинг катта қисми такрорланувчи ва аниқ қоидаларга асосланган вазифалардан иборат. AI-агентлар айнан шундай ишларни тезроқ ўзлаштирмоқда. АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси офис ва маъмурий ёрдам касбларида 2035 йилгача яна 752 мингта иш ўрни йўқолишини кутмоқда.

Демак, «AI иш яратмоқда» деган умумий хулоса ишдан айрилган котиб ёки оператор учун таскин бўла олмайди. Янги ишлар бошқа тармоқда, бошқа ҳудудда ва мутлақо бошқа кўникмалар билан пайдо бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда AI қанча иш яратди?

АҚШдаги натижани Ўзбекистонга тўғридан-тўғри кўчириб бўлмайди. Технологиядан фойдаланиш кўлами, сармоя ҳажми ва меҳнат бозори таркиби кескин фарқ қилади.

Microsoft ҳисобига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондаги 15–64 ёшли аҳолининг 7,2 фоизи генератив AI воситаларидан фойдаланган. Кўрсаткич 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 5,7 фоиздан ошган, бироқ жаҳон бўйича 17,8 фоизлик ва АҚШдаги 31,3 фоизлик даражадан анча паст.

tg_image_1942132113

Шу билан бирга, AI учун зарур инфратузилма Ўзбекистонда ҳам қурила бошлади. ЕТТБ маълумотига кўра, Тошкентдаги IT Park ҳудудида DataVolt компаниясининг 12 мегаватт қувватли маълумотлар маркази барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 250 млн доллар, банк ажратаётган кредит эса 78 млн долларни ташкил этади.

Август ойида президент биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилганини маълум қилди. Шунингдек, «10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури эълон қилинди. Дастур AI жорий этиш харажатининг ярмини қоплаш ва янги моделлар яратишда суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконини бериши керак. Дастлабки босқич учун 100 млн доллар ажратилиши айтилган.

Бу лойиҳалар АҚШда кузатилган механизмнинг бир қисмини Ўзбекистонда ҳам ишга тушириши мумкин: маълумотлар маркази нафақат дастурчи, балки қурувчи, электрик, энергетик, совитиш тизими мутахассиси ва техник ходимларга ҳам талаб яратади.

Корхоналарда AI унумдорликни оширса, маҳсулот арзонлашиши ва талаб кўпайиши ҳисобига қўшимча ишлар пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Ўзбекистоннинг AI стратегиясида 2030 йилгача сунъий интеллект асосидаги маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга, илмий лабораториялар сонини 20 тага етказиш белгиланган. 2026 йил учун маҳсулот ва хизматлар ҳажми бўйича оралиқ мақсад 200 млн доллар.

Ҳужжат ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлашни ҳам назарда тутади, аммо AI ҳисобига яратиладиган ёки йўқоладиган иш ўринлари бўйича алоҳида мақсадли кўрсаткич белгиланмаган.

Бу бўшлиқ Ўзбекистон учун айниқса муҳим. Мамлакат меҳнат бозорига ҳар йили 500–600 минг ёш кириб келмоқда. Шу сабабли масала фақат AI мавжуд ишларни олиб қўядими, деган саволдан иборат эмас.

Технология янги ва юқори унумли ишларни меҳнат бозорига кираётганлар ҳамда қисқараётган касблардаги ходимлар ўзлаштира оладиган тезликда ярата оладими — асосий савол шу.

АҚШ тажрибаси ҳозирча бир нарсани кўрсатмоқда: AI иш ўринларини шунчаки йўқ қилмайди, уларни тармоқлар ва касблар ўртасида қайта тақсимлайди.

Ўзбекистонда бу жараённинг фойдасини баҳолаш учун инвестиция ва хизматлар ҳажмини санашнинг ўзи етмайди. Қайси касбда нечта иш яратилгани, қайсиларида бандлик қисқаргани ва ходимлар янги вазифаларга қанчалик тез қайта тайёрланаётгани ҳам мунтазам ўлчаниши керак.

Teglar

Mavzuga oid

AI одамларни ишсиз қолдиряптими? Ҳозирча йўқ | Vaqt.uz