Уй вазифасига — «беш», имтиҳонда эса… Сунъий интеллект таълим сифатига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Жорий ойда юз миллионлаб бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилари учун янги ўқув йили бошланди. Аммо сунъий интеллектнинг таълим тизимига кириб келиши анъанавий ўқиш жараёнини тубдан ўзгартириб юборди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЭнди ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам ҳақли бир савол устида бош қотирмоқда: агар сунъий интеллект чатботи уй вазифасини бир неча сония ичида бажариб берса, унда бундай вазифаларнинг нима кераги бор?
Айрим давлатлар таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этишда анча илгарилаб кетди. Масалан, Хитойда мактаб дастурига йилига камида саккиз соатлик сунъий интеллект дарслари киритилган. Форс кўрфази мамлакатларидан Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Қатар ҳам ушбу технологияни ўз ўқув дастурларига интеграция қилишни бошлади.
Тўғри, сунъий интеллект дастурлари билим олишни тезлаштириб, жараённи осонлаштириши мумкин. Аммо технологиядан фойдаланиш тўхтатилганда нима юз беради? Вазифа бажарилгач, билимларнинг қанчаси ўқувчининг хотирасида сақланиб қолади-ю, қанчаси машинанинг базасида қолиб кетади?
Тез бажарилган уй вазифалари ва пасайган имтиҳон натижалари
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Стокголм университетидан Дэвид Стромберг ҳамда Гонконг университети тадқиқотчилари Виктор Лей ва Янҳуэй У ўз йўналишидаги энг йирик илмий изланишлардан бирини олиб борди. Улар Хитойда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган қарийб 27 минг нафар ўқувчини 30 ой давомида кузатишди.
Олимлар тўққизта фан бўйича берилган уй вазифалари, китобдан фойдаланиш тақиқланган синовлар ҳамда ўта муҳим кириш имтиҳонлари натижаларини умумлаштириб ўрганди. Якуний хулосалар эса мактаб топшириғини шунчаки бажариб қўйиш билан ундан реал билим олиш ўртасида жуда катта тафовут борлигини кўрсатди.
Тадқиқотга кўра, генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш бошлангач, ўқувчиларнинг уй вазифалари бўйича баҳолари 18 фоизга ошган. Ҳар бир топшириқ учун сарфланадиган вақт эса ўртача 64 дақиқадан 45 дақиқагача, яъни қарийб 30 фоизга қисқарган. Бироқ худди шу ўқувчилар ойлик имтиҳонларни сунъий интеллект ёрдамисиз топширганда, уларнинг натижалари бор-йўғи олти ой ичида 20 фоизга пасайиб кетган.
Шунингдек, ўқувчиларнинг ҳал қилувчи кириш имтиҳонларидаги кўрсаткичлари ҳам пасайган ва бунинг салбий оқибатлари узоқроқ муддатда яққол намоён бўлган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан январ ойида эълон қилинган «Digital Education Outlook 2026» ҳисоботида ҳам худди шундай хулосалар келтирилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, агар генератив сунъий интеллект махсус таълим мақсадларида яратилмаган бўлса ёки ундан тизимсиз фойдаланилса, вазифаларни шунчаки дастурга юклаб қўйиш баҳоларни яхшилаши мумкин, аммо ҳақиқий билим орттиришга ҳеч қандай наф келтирмайди. Олим Драган Гашевич ҳаммуаллифлигида ўтказилган тадқиқотда инсоннинг самарали фикрлаш қобилиятидаги бундай заифлашув «метакогнитив дангасалик» деб баҳоланган.
Ўқувчилар мактабда сунъий интеллектдан қандай фойдаланмоқда?
Ўқувчиларнинг ушбу технологиядан умуман фойдаланиш ёки фойдаланмаслигидан кўра, уни айнан қандай мақсадларда ишлатиши муҳимроқ экани маълум бўлди.
«Vodafone Foundation» фонди буюртмасига асосан «Ipsos» компанияси томонидан ўтказилган сўровномада Европанинг 7 давлатидан 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган 7 минг нафар ўқувчи иштирок этди. Улардан мактабдан ташқарида ва ўқитувчининг кўрсатмасисиз, мустақил таълим жараёнида сунъий интеллектдан қандай фойдаланиши сўралди.
Маълум бўлишича, энг кўп тарқалган усул — маълумот излаш бўлиб, сўровномада қатнашганларнинг 56 фоизи буни тасдиқлаган. Иштирокчиларнинг 45 фоизи эса сунъий интеллектдан турли атама ва тушунчаларнинг изоҳини топиш учун фойдаланган. Бироқ 31 фоиз ўқувчи ушбу технологиядан берилган топшириқларнинг тайёр ва тўлиқ ечимини олиш мақсадида фойдаланганини яширмаган.
Сунъий интеллектдан мустақил таълимни бевосита қўллаб-қувватловчи восита сифатида фойдаланадиган ўқувчилар сони эса нисбатан кам. Ўқувчиларнинг 29 фоизи ўз ўқув жараёнини йўналтиришда интерфаол ёки мослашувчан контентдан фойдаланган бўлса, атиги 20 фоизигина ундан шахсий ўқув режасини тузиш ва ўзлаштириш даражасини кузатиб бориш учун фойдаланганини билдирган.
Сунъий интеллектнинг ўқувчи ва талабалар ҳаётига таъсири
Ўқувчилар учун сунъий интеллект шунчаки мактаб топшириқларини бажариш воситаси бўлиб қолмаяпти. У тезкор кўмак олишдан тортиб, ҳатто виртуал суҳбатдош топишгача бўлган кенг қамровли талабалик ҳаётининг ажралмас бир қисмига айланиб бормоқда.
Буюк Британияда 1054 нафар кундузги бўлим талабалари иштирокида ўтказилган «HEPI/Kortext — 2026» сўровномаси натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг 49 фоизи генератив сунъий интеллект уларнинг талабалик тажрибасини янада яхшилаган, деб ҳисоблайди. Улар бунга асосий сабаб сифатида вақтни тежаш, фанларни чуқурроқ тушуниш ҳамда тезкор ва шахсийлаштирилган ёрдам олиш имкониятини кўрсатиб ўтган.
Ушбу технологиянинг таъсири фақат ўқув жараёни билангина чекланиб қолмайди. Мазкур сўровномада илк бор талабаларнинг ёлғизлик ҳиссига оид савол ҳам берилди. Талабаларнинг кўпчилиги (59 фоизи) сунъий интеллект бу борада ҳеч қандай ўзгариш яратмаганини таъкидлаган. Қолган иштирокчилар ўртасида эса кўрсаткичлар деярли тенг тақсимланган: уларнинг 21 фоизи технология туфайли ўзини камроқ ёлғиз ҳис қила бошлаганини билдирган бўлса, 20 фоизида эса аксинча, ёлғизлик ҳисси янада кучайган.

Сунъий интеллект
AI технологияларининг ўсиши ва хавфлари.
