
Акциялар фақат «бойлар» учун эмас: исталган одам акциядор бўлиши мумкин
«Тошкент фонд биржаси» рақамли тизимга ўтгач, исталган фуқаро телефон ёки компютер орқали акцияларни сотиб олиб, реал инвесторга айланиши мумкин. Қандай қилиб?

Кўпчиликда ҳали ҳам «акция нима ўзи» ва «уни қандай сотиб олиш мумкин?» деган саволлар бор. Келинг, акцияларни сотиб олишнинг бир неча усулини кўриб чиқамиз
Аввало билиб олайлик. Акция ўзи нима?
Акция — бу компания мулкидаги улуш. Уни сотиб олган киши нафақат фойда (дивиденд) олиш, балки компаниянинг ўсишидан ҳам даромад топиш ҳуқуқига эга бўлади. Мисол учун, сиз «Hamkorbank»нинг 100 та акциясини харид қилсангиз, бу сиз банкнинг кичик «ҳиссадори» эканлигингизни англатади. Акция нархи ошса, сиз фойда қиласиз, аммо нархлар тушса — зарар кўрасиз. Сиз шуни билишингиз керакки, акцияларга сармоя киритиш — узоқ муддатли инвестиция ҳисобланади. Бу тез бойиш йўли эмас, бу сабр ва билим талаб қиладиган жараён.
Чинакам акциядорга айланиш эса бир неча қадамли жараённи ўз ичига олади.
1-қадам: Фонд бозорида ҳисоб очиш
Акцияларни сотиб олиш учун сизга брокерлик (депо) ҳисоби керак бўлади. Су сабаб ўзингиз ишонган, лицензияга эга брокерлик компаниясини танланг. Улар билан шартнома тузинг. Сиз бу жараённи онлайн ёки офлайн ариза тўлдириш орқали амалга оширишингиз мумкин ва сиздан паспорт, СТИР ва телефон рақамингиз талаб этилади.
Ҳисоб очилганда брокер сизга fondbozori.uz ёки бошқа инвестицион сервисларга кириш учун кириш маълумотларини, яъни логин ва парол беради. Янги бошловчилар учун таниқли банк брокерлари ёки яхши шарҳларга эга брокерларни танлаш тўғри қарор бўлиши мумкин.
2-қадам: Fondbozori.uz сайти орқали акция сотиб олиш
Бу «Тошкент фонд биржаси»нинг расмий савдо платформаси ҳисобланиб, сиз бу ердан «Тошкент» Республика фонд биржаси листингига киритилган акцияларни топа оласиз.
Fondbozori.uz сайтига киринг ва брокердан олган логин ва паролингизни киритинг, иложи борича маълумотларни тўғри киритинг. Чунки 3 марта хато уринишдан кейин ҳисобингиз автоматик блокланади ва яна қайта брокерга мурожаат қилиб уни тиклатишингизга тўғри келади ва бу маълум вақтни талаб қилади.
Кирганингиздан кейин бирдан паролингизни алмаштиринг, бу сизнинг активларингиз хавфсиз сақланиши учун муҳим. Ундан кейин савдо бўлимига ўтинг: «Trading→Stock order» ва қидирув ойнасига компания коди (тикер) ни киритинг. Масалан URTC – «Товар-хом ашё биржаси». «Сотиб олиш» тугмасини босинг, миқдор ва нархни белгиланг.
Савдо экранида сиз иккита «стакан» кўрасиз: қизил стакан — сотувчилар (қанча нархда сотишмоқда), яшил стакан — харидорлар (қанча нархда сотиб олишмоқда).
Акцияларни иккита усулда сотиб олсангиз бўлади: бозор нархида ва ўз нархингизда. Сотувчининг нархини қабул қилсангиз, битим дарҳол амалга ошади ёки ўз нархингизни қўясиз ва бозор кутиш режимига ўтасиз, агар бозор ёпилгунча сиз таклиф қилган нархингизда ҳеч ким сизга акция сотмаса, сизнинг буюртмангиз бекор бўлади ва сизнинг акциялар харид қилиш учун берган буюртмангизга кўра блокланган пул маблағлари блокдан ечилади. Барча жараён реал вақт режимида амалга ошади.
Сайт орқали акция сотиб олиш бироз мураккаб бўлиши мумкин, ҳисобингиз арзимаган янглишиш ёки хатолик сабаб тезда блокланиб қолиши эса сизга ноқулайлик туғдириши табиий. Бу ҳолатларга ечим сифатида бозорда бир нечта инвестиция сервислари ҳам мавжуд.
Агар телефон орқали ишлашни афзал билсангиз, Jett.uz инвестиция сервиси сиз учун энг қулай вариант. Бу сервис бир неча банк иловаларига интеграциялаштирилган ёки сиз ундан Multicard иловаси ичида, инвестициялар бўлимида фойдалана оласиз. Инвестиция бўлимида ҳисоб очиш тугмасини босиб янги ҳисоб очиш учун буюртма берсангиз бўлади ёки сизда аллқачон брокерлик ҳисоби бўлса шунчаки ҳисоб қўшиш тугмаси орқали ҳисобингизни хизматга улаб фойдалансангиз бўлади.
Сиз бу хизмат орқали акция ва облигацияларни қулай ва осон сотиб ола оласиз. Инвестиция бўлимидан маркет тугмасини танлаб, ўзингиз акциясини сотиб олмоқчи бўлган компанияни танлайсиз ва сотиб олиш тугмасини босасиз. Бу ерда ҳам худди сайтдагидек икки хил усулда яъни бозор таклиф қилган ёки ўзингиз таклиф қилган нархда акция сотиб олишингиз мумкин. Албатта, сиз катта миқдорда акция сотиб олмоқчи бўлсангиз нарх таклифини ўзингиз берганингиз маъқул, бу усул орқали акцияларни яхшироқ нархга ола оласиз.
Сиз харид қилган акциялар депо ҳисобингизда сақланади. Ҳар чоракда компаниялар молиявий ҳисоботларини эълон қилади. Агар компания фойда кўрса ва умумий йиғилишда дивиденд тўлашга қарор қилса, сиз акцияларингиз миқдори нисбатида дивиденд оласиз. Агар сиз акцияларни узоқ вақт ушлаб туришни хоҳламасангиз акция нархи ошганда, уни юқорироқ нархда сотишингиз мумкин.
Мисол учун, сиз «Hamkorbank» акциясини 10 000 сўмдан сотиб олдингиз. Бир йил ўтгач нарх 12 000 сўмга кўтарилди. Сиз сотиш орқали ҳар бир акция учун 2 000 сўм фойда қила оласиз.
Акцияларга инвестиция қилиш рискли бўлиши мумкин. Лекин рискни камайтиришнинг йўллари бор.
1-усул: диверсификация (тақсимлаш) усули. Пулни бир компанияга эмас, бир нечтаси тармоққа тақсимланг. Масалан,1 миллион сўмни фақат «Hamkorbank» акцияларига эмас, 300 минг банк секторига, 300 минг автосаноатга, 400 минг энергетика секторига тақсимланг.
2-усул: фақат йўқотишга тайёр пулни инвестиция қилинг. Компания банкрот бўлса, акция қиймати нолга тушиши мумкин. Инвестиция суғурталанмаган, шунинг учун фақат йўқотишга тайёр пулни инвестиция қилинг. Ҳеч қачон қарз олган ёки кундалик харажатлар учун керак бўлган пулни инвестиция қилманг.
3-усул: компанияни ўрганинг. Акция сотиб олишдан олдин компания нима қилади, сўнгги йиллик ҳисобот қандай, фойда қилмоқдами ёки зарардами текширинг,ўрганиб чиқинг.
4-усул: узоқ муддатли сармоя киритинг. Акция нархи бир кунда ошиб-тушиб туриши мукин. Лекин яхши компаниялар узоқ муддатда ўсади. Шу сабабдан сиз узоқ муддатли сармоядан кутилгандек фойда кўришингиз мумкин.
Бизнинг фонд бозорда техник жиҳатдан атига 10 минг сўм билан ҳам акция сотиб олиш мумкин. Лекин амалиёт учун камида 300 000–500 000 сўм билан бошлаш тавсия этилади.
«Дивиденд қачон тўланади?» — деган саволлар ҳам сизни қизиқтириши мумкин. Бу қарорни компания умумий йиғилишида қабул қилади. Одатда йилда 1-2 марта тўланади, лекин хатто компания фойда кўрган бўлса ҳам тўланмаслиги мумкин. Ҳаммаси умумий йиғилиш қарорига боғлиқ. Дивиденд олиш охирги йилда анча осонлашган бўлиб, UzCSD иловаси орқали ҳисобингизга ўтқаза оласиз.
Эсда тутинг, капитал бозори бу ўйин эмас. У сабр, билим ва стратегияни талаб қилади. Аммо айнан шу йўл орқали сиз ўз пулингизни ишлайдиган активга айлантиришингиз мумкин.
Огоҳлантириш: Ушбу материал фақат маълумот мақсадида тайёрланган ва молиявий маслаҳат ҳисобланмайди. Ҳар бир инвестор ўз қарорини мустақил қабул қилади ва натижалар учун жавобгар бўлади.





