add

Андижонда Россия–Украина урушида қатнашган фуқаро қамалди

Бўстон туман судида урушда Россия томонидан қатнашган Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди.

Андижонда Россия–Украина урушида қатнашган фуқаро қамалди

Андижон вилояти Бўстон туман судида Россия–Украина урушида Россия томонидан қатнашган 38 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан у 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz нашри.

Маълум бўлишича, судланувчи С.Х. пул ишлаб топиш мақсадида 2025 йил 14 апрел куни Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрига борган. У ерда маълум ҳақ эвазига Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, ҳарбий хизматга кирган. Кейинчалик Украина ҳудудидаги Луганск ва Донецк шаҳарларида олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.

Судда берилган кўрсатмаларга кўра, у дастлаб фуқаролик иши билан шуғулланган, аммо ҳужжатлари бўлмагани сабабли Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб турилган.

«Новосибирск шаҳрига бориб, йўлларни таъмирлашга мўлжалланган фирмада ишладим. 1 июнь куни шеригим А. билан бирга ишлаётганимда, Россия ИИБ ходимлари ҳужжатларим ёнимда бўлмаганлиги сабабли хизмат хоналарига олиб борди», дейди судланувчи.

Унинг айтишича, кейинчалик Ростов вилоятида ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва 15 июн куни Донецк шаҳрига юборилган. Маълум муддат давомида жанг зонасида турли ёрдамчи вазифаларни бажарган.

Судланувчи госпиталга тушиш мақсадида ўзини жароҳатлаганини ҳам яширмаган. У судда қуйидагиларни билдирган:

«Бир амаллаб госпиталга боришни режа қилдим. Гранатанинг устки қисмини ажратиб олиб қўлимда ушлаб турганимда портлади, чап қўлим кичик бармоғи узилиб кетди...»

Шундан сўнг у Россия ҳудудидаги шифохоналарда даволанган ва кейинчалик Ўзбекистонга қайтиб келган. Судда С.Х. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган ҳамда енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid