
Анора Содиқова МИБ орқали «Mufasa»дан маънавий зарар пулини олди
Мирсаид Ҳайдаровдан Анора Содиқова фойдасига 25 млн сўм маънавий зарар ҳамда 5 млн 643 минг 500 сўм миқдоридаги суд харажатлари ундирилган.

Мажбурий ижро бюуроси блогер Мирсаид Ҳайдаровдан журналист Анора Содиқовага унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлагани учун 25 миллион сўм маънавий зарар ундириб берди.
МИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, 18 декабр куни ижтимоий тармоқ фаоли М.Хайдаровдан ундирувчи журналист А.Содиқова фойдасига маънавий зарар ундириб берилмаётгани юзасидан хабарлар тарқалган.
19 декабр куни ижро иши қўзғатилиб, блогер Мирсаид Ҳайдаровнинг мол-мулкларига қонуний тартибда тақиқ солинган. Қарздорга мажбуриятни ихтиёрий равишда бажариш учун ўн кунлик муддат берилиб, акс ҳолда мажбурий ундирув чоралари кўрилиши ҳақида расмий огоҳлантириш берилган.
26 декабр куни Мирсаид Ҳайдаров белгиланган қарздорлик — 30 миллион 643 минг 500 сўмни тўлиқ бартараф этган. Ушбу сумманинг 25 миллион сўми маънавий зарар сифатида, қолган қисми эса суд харажатлари учун йўналтирилган.
Суд жараёни тарихи
Мазкур низоли вазият жорий йилнинг май ойида суд босқичига чиққан бўлиб, дастлабки қарор журналистнинг зарарига чиқарилган эди.
Жорий йилнинг 28 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси журналист Анора Содиқованинг Мирсаид Ҳайдаровга нисбатан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқиб, уни қаноатлантиришни рад этганди. Бироқ, журналист ушбу қарордан норози бўлиб, юқори инстанцияга мурожаат қилди ва натижада адолат қарор топди.
Шу йилнинг 21 июл куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси қуйи суднинг қарорини бекор қилди ва блогернинг хатти-ҳаракатларида қонунбузарлик мавжуд деб топди. Суд Мирсаид Ҳайдаровга нафақат маънавий зарар ва суд харажатларини тўлаш, балки Анора Содиқовадан расман узр сўраш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги барча ҳақоратли постларни ўчириш мажбуриятини юклади.
«Аммо, ҳали узр сўрагани йўқ», - деди Анора Содиқова Vaqt.uz муҳбири билан суҳбатда.





