
Антициклон таъсирида ҳаво ифлосланиши яна кучайиши мумкин
Совуқ антициклон кириб келиши атмосферада ҳаво алмашинувини заифлаштириб, ифлослантирувчи заррачалар тўпланишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудига совуқ антициклон босқичма-босқич кириб келиши кутилмоқда. Ушбу жараён даврида атмосферада ҳаво алмашинуви кескин заифлашиб, ҳаво таркибида ифлословчи моддалар ҳамда майда заррачалар — PM2.5 ва PM10 тўпланиши эҳтимоли ортиши мумкин, дея хабар қилди «Ўзгидромет».
Маълум қилинишича, антициклон таъсири илк кунларда нисбатан секин кечади. Айнан шу даврда атмосферада тўпланиб қолган зарарли моддалар тарқалмасдан сақланиб қолиши мумкин. Прогнозларга кўра, ушбу ҳолат камида уч кун давомида сақланиб туриши эҳтимолдан холи эмас.
Кейинги босқичда антициклон таъсири кучайиши кутилмоқда. 16–17 январ кунларига бориб республика бўйлаб деярли барча ҳудудларда ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасайиши мумкин. Кундузги ҳароратлар ҳам тушиши, тунги ва эрталабки соатларда эса совуқ янада кучайиши прогноз қилинмоқда.
Совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, нафас йўллари касалликларига мойил бўлган фуқаролар, болалар ва кексалар учун ҳаво сифати ёмонлашиши хавфли ҳисобланади. Шу боис, мутасаддилар эҳтиёткорлик чораларига амал қилишни тавсия этмоқда.
Шу билан бирга, антициклон фонида айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Ёғингарчилик ёмғир ёки қор кўринишида қайд этилиши кутилмоқда. Мутахассисларга кўра, ёғингарчилик ва шамол атмосферада тўпланиб қолган майда заррачаларнинг маълум даражада «ювилиши»га олиб келиб, айрим пайтларда ҳаво сифати қисман яхшиланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 8 январ куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инверсия ҳодисаси сабаб Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳаво сифати ёмонлашиши, корхона ва автотранспортларга нисбатан чекловлар кучайтирилишини маълум қилганди.





