
АҚШ «Энг ёмонларнинг ёмони» деб топилган ўзбекистонликларни депортация қилмоқда
Тўққиз нафар ўзбекистонлик АҚШнинг «Энг ёмонларнинг ёмони» рўйхатига киритилди.

АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти (DHS) ва Иммиграция ва божхона назорати (ICE) хизмати президент Доналд Трампнинг топшириғига биноан мамлакатдаги энг хавфли жиноятчи чет элликларни депортация қилиш амалиётини бошлади. Вазир Кристи Ноэм бошчилигида амалга оширилаётган ушбу тадбир доирасида жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи «Энг ёмонларнинг ёмони» номли рўйхат эълон қилинди.
«Вазир ўринбосари Ноэм раҳбарлигида Миллий хавфсизлик департаменти (DHS) ва ICE ходимлари президент Трампнинг ваъдасини бажариб, оммавий депортацияларни амалга оширмоқда. Бу жараён энг хавфли жиноятчилардан, жумладан, бу ерда кўрсатилган ноқонуний муҳожирлардан бошланди», - дейилган вазирлик хабарида.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу рўйхатдан АҚШнинг турли штатларида оғир жиноятлар учун ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳам жой олган. Жумладан, Дамиржон Исрофилов, Жонибек Рахимов, Яков Гох, Павел Баҳматов, Артур Гелман, Жамшид Раҳматов, Султонали Тўрахонов, Борис Мататов ва Мақсуд Бобоқуловлар жинсий зўравонлик, босқинчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва пул ювиш каби жиноятларда айбдор деб топилган.
Ушбу шахслар Техас, Ню-Йорк, Орегон ва Пенсилвания штатларида қўлга олинган бўлиб, ҳозирда уларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича ҳуқуқий жараёнлар якуний босқичга келган. Масалан, Жонибек Рахимов ва Павел Баҳматов зўрлаш ҳамда жинсий тажовуз учун, Жамшид Раҳматов эса товламачилик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб, депортация қилиниши кутилаётган асосий шахслар сифатида қайд этилган.
Ҳозирда ҳибсга олинган ҳар бир шахс бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларни қисқа вақт ичида Ўзбекистонга мажбурий қайтариш чоралари кўрилмоқда.





