АҚШ ва Хитой $60 млрдлик товарларга тарифларни пасайтиради
Дунёдаги икки йирик иқтисодиёт ўртасидаги тарифлар пасайтирилмоқда. Бу қарор жаҳон бозорида товарлар нархи ва савдо оқимларига таъсир қилиши мумкин.

АҚШ ва Хитой ўзаро савдода қиймати қарийб 60 миллиард долларлик товарларга тарифларни пасайтириш бўйича келишувга эришди. Рўйхатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маиший техника, ўйинчоқлар ва тиббий жиҳозлар киритилган.
Ҳар икки давлат 30 миллиард долларлик товарларни тарифлар бўйича имтиёзли режимга киритишни таклиф қилган. Хитойнинг рўйхатида АҚШдан импорт қилинадиган 1 619 турдаги маҳсулот, АҚШ рўйхатида эса Хитойдан импорт қилинадиган 77 турдаги товар бор.
Хитой АҚШдан келадиган маккажўхори, буғдой, сорго (жўхорининг бир тури), гўшт, сут маҳсулотлари, ўсимлик мойлари, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, ёғоч, косметика ҳамда тиббий жиҳозларга нисбатан божларни камайтиришни режалаштирган.
Бироқ АҚШ учун муҳим маҳсулотлардан бири — соя — рўйхатга киритилмаган.
АҚШ эса Хитойдан импорт қилинадиган кичик маиший техника, идиш-товоқ, кўрпа-тўшак буюмлари, ўйинчоқлар, фейерверклар, спорт анжомлари ва байрам безакларига тарифларни пасайтиришни кўзламоқда.
Хитой Савдо вазирлиги маълум қилишича, келишувга киритилган маҳсулотларнинг қарийб 90 фоизига тарифлар энг кўп қулайлик бериладиган давлатлар учун белгиланган ставкалар даражасига туширилади. Бу чоралар икки давлат ички ҳуқуқий жараёнларни якунлагандан кейин амалга киритилади.
Шу билан бирга, Вашингтон ва Пекин савдо сулҳини 2027 йил 10 январгача узайтиришга келишган. Томонлар кейинги музокаралар учун савдо соҳасидаги мулоқотни давом эттиришга ҳам келишиб олган.
Келишув ўтган ҳафта Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасидаги учрашувдан кейин эълон қилинди. Бироқ икки давлат ўртасидаги технологик экспорт назорати ва Тайвань масаласи каби асосий келишмовчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Bloomberg маълумотларига кўра, 60 миллиард долларлик товарлар икки давлат ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажмининг нисбатан кичик қисмини ташкил этади. Шу сабабли келишув савдо муносабатларидаги айрим тариф тўсиқларини юмшатса-да, кенг қамровли савдо келишуви ҳали ҳал қилинмаган.





